Линклар

1 августдан Россияда тадбиркор ва юқори малакали мутахассисларга енгиллаштирилган тартибда рус ватандошлигини беришга оид қонун кучга қирди. Мазкур қонунга Россия ҳудудида қочқинликда юрган шахсларга ҳам вақтинчалик яшаш рухсатномаси бериш осонлаштирилди.

Россияда ватандошлик олиши осонлаштирилган тоифалар

“Россия ватандошлиги тўғрисида” ҳамда “Хорижликларнинг Россия Федерациясидаги ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунларга киритилган янги ўзгартишларга мувофиқ, шу ой бошидан Россия гражданлигини олиш осонлаштирилди.

Янги қонунга кўра, Россия ватандошлигини олишга 2002 йилдан кейин мамлакатда профессионал таълим олган ҳамда бу ерда камида уч йил ишлаган хорижликлар даъво қилиши мумкин.

Енгиллаштирилган тартибда Россия ватандошлигига мурожаат қилиш имтиëзи “ноёб касб эгалари ”махсус рўйхатида белгиланган мутахассис ва малакали ишчиларга ҳам берилди. 2015 йилда бу рўйхатга шифокор, математик, инженер, пайвандчи, монтажчи каби жами 74 касб эгаси киритилган эди.

Қонунчиликка киритилган ўзгартишларларда тилга олинган яна бир тоифа хусусий тадбиркорлардир. Уч йил давомида бизнес ва Нафақа жамғармасига ўтказилган суғурта бадаллари асосида тўланган солиқларнинг умумий ҳажми йилига 1 миллион рублдан кам бўлмаган ишбилармонлар бундан буëғига Россия ватандошлигини енгиллаштирилган тартибда олиш ҳуқуқига эга.

Бундай имтиëзга яна юридик ташкилотнинг камида 10 фоизига эгалик қилувчи сармоядорлар даъво қилиши ҳам мумкин. Бунинг учун ташкилотнинг умумий капитали 100 миллион рублдан кам бўлмаслиги, тўланган солиқ ва бадаллар эса 6 миллион рублдан кўпроқ бўлиши шарт.

Шунингдек қонунчиликка киритилган ўзгартишларда “кўнгилли кўчиш” дастури асосида Россияга доимий яшашга келаётганларга автоматик тарзда яшашга рухсатнома – “вид на жительство” берилиши ҳам ўз аксини топди.

Эндиликда Россия ватандошлигига эга бўлиш учун 5 йиллик доимий яшаш тўғрисидаги қайдга туришнинг ҳожати йўқ.

Янги тартиблар Ички ишлар вазирлигининг Миграция департаменти назоратида бўлади.

Қочқинлар “вид на жительство” олишга ҳақли

“Ватандошлик тўғрисида”ги қонун ва бошқа тегишли ҳужжатларга киритилган ўзгартишлар Россияда яшаб келаётган қочқинларга ҳам тааллуқлидир.

Россия Давлат Думасининг Конституциявий қонунчилик масалалари бўйича қўмитаси раиси муовини Вадим Соловьёв янги қонун, энг аввало, Россия Федерациясида оғир аҳволда қолаётган донецклик қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилганини алоҳида урғулади:

- Ўта оғир аҳволда қолганларнинг асосий қисми – Россияда туғилганлардир. Улардан 80 фоизини этник руслар ташкил этади. Бундай оғир вазиятда биз уларга ёрдам қўлини чўзишимиз, қўллаб-қувватлашимиз ва осонлаштирилган тартибда уларга паспорт беришимиз даркор. Биз ишлаб чиққан қонунларнинг асосий мақсади ҳам шу эди, деди ўзи асли Донбассдан эканини қўшимча қилган коммунист-депутат Вадим Соловьев.

Депутат тан олинмаган ДНР ва ЛНР республикалари ватандошлигини олган Донбасс аҳолиси Украинага киритилмаётгани, Россия ҳам бу ҳужжатларни тан олмаётганини қўшимча қилди. Маълум бўлишича, Украина жануб-шарқида яшаб келган 1 миллиондан зиёд шахс бугунги кунда Россияда истиқомат қилмоқда, улардан 150 мингигина “кўчиш дастурига” қўшилган.

Қонун ташаббусчиларига кўра¸ ватандошлик олиш истагида бўлган меҳнат муҳожирлари ва қочқинлар “кўчиш дастурига” қўшилиб, ҳукумат томонидан белгиланган 12 минтақага кўчиб ўтишга розилик берсагина¸ “вид на жительство” олиши мумкин.

Бошқа кузатувчилар янги тартиблар Россияда доимий яшаш истагида бўлган хорижликлар аҳволини яхшилашига шубҳа билан қарамоқда.

Россия Фанлар Академиясининг Социология институти доценти Игорь Кузнецов Озодлик мухбири билан суҳбатда Россияда қолаётган қочқинларнинг ватандошлик олиши жуда қийин масалалигича қолаётганини таъкидлади:

- Дарҳақиқат, янги қоидалар илгаргига кўра бироз осонлаштирилганини кўриш мумкин. Қонунда ўзларини “юртдошлар” – “соотечественники” деб ҳисоблаётган оддий меҳнат муҳожирларининг ҳам гражданлик олишига йўл очилди. Айтишим керакки, Россияда ватандошлик олиш Европадагидан ҳам қийин бўлиб қолган. Бу ўзгартишлар¸ энг аввало¸ Украинадан келган қочқинлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф қилишга қаратилгани барчага маълум. Афсуски, “қочқинлик мақоми” Россияда ҳеч қандай қўшимча имтиёзларни бермайди. Масалан, Европада “қочқинлик мақомида” бўлганлар ижтимоий ва моддий ёрдам имконига эга бўлади, уларга¸ ҳатто¸ ишлаш ҳуқуқи берилади. Янги тартиблар Россия қарамоғида қолаётган миллионлаб қочқинлар, асосан украиналикларни, давлат таъминотидан чиқариш ва аҳоли камайиб бораётган минтақаларга юборишга қаратилган, деб ҳисоблайман, деди социолог-олим Игорь Кузнецов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG