Линклар

logo-print

Россиялик эркак полицияга норозилик сифатида ўз бармоқларини кесиб ташлади


 Игорь Губанов

Игорь Губанов

Россия фуқароси Игорь Губанов иддаосича, полиция ходимлари унинг аёлини полиция маҳкамасида зўрлаган. Етмагандек, турмуш ўртоғи бу ҳол юзасидан арзланса, уни ёлғон арз ёзишда айблашган. Бунга жавобан Губанов намойишкорона икки бармоғини кесиб ташлаган.

Губановнинг айтишича, унинг аёли Салима Муҳамедянова январь ойида зўрланган. Губанов расмийлардан бу ҳодисанинг кузатиш камераси ёзиб олган видеосини эълон қилишни талаб қилмоқда. Ўз талабларига эътибор қаратиш учун Губанов 8 август куни чап қўли жимжилоғини темир арра билан кесиб ташлаган.

Губанов Озодлик радиосининг “Сurrent time” дастурига берган интервьюсида “Мана бу аррани олиб, қўлимни ваннага қўйдим ва бармоғимни арралаб ташладим. Қон, суяк бўлагини кўрдим. Очиғи, бу жуда оғриқли ва ёқимсиз бўлди”, деди.

Губанов кузатиш камерасидаги видео чиқарилмагунича ҳар душанба бир бармоғини кесиб ташлашини айтган эди. 15 август куни у ваъдасидан чиқди ва чап қўлининг тўртинчи бармоғини ҳам кесиб ташлади.

Кейинроқ Губанов бармоқларини кесишни тўхтатиб, энди адолат ўрнатилиши учун “юридик” чоралар кўришини билдирди.

Кўчаларни тозалаб кун кечирувчи Губанов бу ҳаракати билан Россия расмийларини жавобгарликка тортишга уринди. Россияда полиция ходимлари томонидан қўлга олинган шахсларнинг қийноқларга солиниши жуда кенг тарқалган. Дмитрий Медведев Россия президенти ўлароқ 2008-2012 йилларда бу иллатни озайтиришни кўзлаб амалга оширган саъй-ҳаракатлари натижа бермади.

Губанов ҳамда Муҳамедяновани 26 январь куни Магнитогорск шаҳри полицияси қўшнилари билан келиша олишмаганидан кейин қўлга олган. Полиция ходимлари кичик қонунбузарлик содир этилганини қайд этиб, жуфтликни қўйиб юборишган.

Лекин орадан кўп ўтмай уларни бирор сабаб кўрсатмай яна қўлга олишган. Губановнинг айтишича, иккинчи сафар маҳкамага олиб боришганидан кейин аёли Муҳамедяновани полиция ходимлари зўрлаган.

Губанов унга юридик ҳамда руҳий кўмак кўрсатаётган “Ижтимоий вердикт” нодавлат ташкилотига полиция ходимлари унга сукут сақлашни буюрганини айтган.

Жуфтлик уларнинг ортидан тушишларидан қўрқиб, Магнитогорск шаҳрини тарк этишган ҳамда қўшни Бошқирдистонда расмий арз ёзишган.

“Ижтимоий вердикт”нинг билдиришича, полиция Муҳамедянова иши бўйича суд-тиббий экспертиза ўтказган, аммо бир вақтнинг ўзида Муҳамедянова, унинг турмуш ўртоғи ҳамда адвокатига босим ўтказган. Кейинроқ полиция ходимлари Муҳамедянова ишини ёпиб, уни ёлғон арз ёзишда айблашган ҳамда унга қарши жиноий иш қўзғашган.

“Ижтимоий вердикт” эълон қилган билдирувда ёзилишича, Губанов иккинчи бармоғини кесиб ташлаганидан кейин бунда намойиш қилишни бас қилишини билдирган. “Бу қарорим иш қайтадан кўриб чиқилиши учун курашишдан тўхтадим ёки аёлимга қўйилган айбловлар бекор қилинди, дегани эмас”, деган Губанов.

Губанов полициядаги зўравонликка одамлар эътиборини қаратишга муваффақ бўлганини, энди ўз мақсадларига “юридик йўллар орқали эришиш” муҳим эканлигини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG