Линклар

Россия полицияси зиён келтирувчи дастурлар ёрдамида банклардан 45 миллион долларни ўмарганликда айбланаётган хакерлар гуруҳининг 51 аъзосини қўлга олди.

“Касперский лабораторияси”нинг компьютерлар билан боғлиқ ҳодисаларни ўрганиб чиқиш бўлими етакчиси Руслан Стоянов Россия терговчиларига хакерларни қўлга олишда кўмаклашган. Стоянов Bloomberg билан суҳбатда “Россия молиявий хакерликка қаршни курашни кучайтирмоқда”, деди.

АҚШнинг Федерал қидирув бюроси ҳамда разведка хизматлари яқинда эълон қилган ҳисоботда ёзилишича, дунёдаги энг маҳоратли онлайн кибержиноятчилар Россияда жойлашган бўлиб, Кремль аллақачон уларнинг кўпчилигини назоратга олган.

CrowdStrike хавфсизлик ширкати асосчиларидан бири Дмитрий Альперович Россия хавфсизлик хизматлари кейинги йилларда зўр бериб хакерларни ёллаб келаётганини айтади. Бу мақсадга эришиш учун кўп ҳолларда хакерларга қарши жиноий иш қўзғатилади.

Альперович ўтган йили The Hill нашрига берган интервьюсида Россия жиноят оламида бирор кимса техник жиҳатдан тажрибали экани аниқланса, унга қарши қўзғатилиши кутилаётган жиноий иш бирданига бекор қилиниб, бу шахс изсиз йўқолишини айтган эди. Унга кўра, кейинроқ бу хакер Россия хавфсизлик хизматларига ишлаётгани ошкор бўлади.

“Биз айнан шундай бўлаётганини биламиз”, дея қўшимча қилди Альперович.

1985 йил Буюк Британия тарафига ўтган КГБ полковниги Олег Гордиевский ҳам 2008 йилда хакерларга қамоқ муддатини ўташ ўрнига ҳукуматга ишлаш “таклиф қилинишини” айтган эди.

Бошқача қилиб айтганда, куни кеча қўлга олинган 50 хакернинг тақдирини кузатиб бориш керак.

Trend Micro хавфсизлик ҳамда изланиш ширкатининг киберхавфсизлик бўйича тўнғич ходими Том Келлерманн The Hill билан суҳбатда айтганидек, банкларни мўлжалга олувчи россиялик кибержиноятчилар кўп ҳолларда расмийлар тазйиқи остида танлаган йўлини ўзгартиради.

Тез орада улар НАТО ва бошқа давлат ҳукуматларига ҳужум қилиб, Кремль учун кибержиноятчилик қила бошлайди.

Табиийки, Россияда тажрибали хакерлар кўп бўлгани учун Москва Ғарб мамлакатларига қарши курашда улардан ўз мақсадларига эришиш учун фойдаланишни хоҳлайди.

Ғарб мамлакатлари разведка хизматлари россиялик хакерлар амалга оширган, деб ишонувчи ҳужумлар орасида Франция телевидение тармоғи, Германияда пўлат ишлаб чиқарувчи ширкат, Варшава биржаси, Оқ уй, АҚШ Вакиллар палатаси, АҚШ Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда The New York Times газеталарга қарши ҳужумлар бор.

Bloomberg исми ошкор қилинмаган ғарб разведка хизмати ходимлари берган маълумотга таянган ҳолда россиялик хакерлар АҚШ, Европа ҳамда Канададаги муҳим инфратузилма объектлари, жумладан, электр тармоқлари ҳамда энергия билан таъминлаш тизимларини яқиндан кузата бошлагани ҳақида хабар берди.

Бундан хулоса шуки, Россия расмийларининг 50 хакерни қўлга олгани Кремлнинг иқтидорли кибержиноятчиларни топишга қаратилган навбатдаи ҳийласи бўлиши мумкин.

Брайан Уитмор

(Нодир Отаев таржимаси)

XS
SM
MD
LG