Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:09

Россияда икки кишини ўлдирганликда гумонланаётган ўзбекистонлик қидирилмоқда


Бахтиёр Давлетов фотосурати
Бахтиёр Давлетов фотосурати

Россиянинг Краснодар шаҳрида икки одамни ўлдирганликда гумонланаëтган 31 яшар ўзбекистонлик қидирувга берилди. Элликқалъалик Бахтиёр Давлетов ўзи билан бирга қурилишда ишлаганларни ўлдириб¸ қочиб кетганликда гумонланмоқда.

Шу йилнинг 7 январида Краснодар шаҳри Красноармейская кўчасидаги қайта таъмирлаш ишлари бораётган бинолардан бирига келган офис эгаси хонасида ваҳшийларча ўлдирилган иккита эркак жасадини топди.

Краснодар вилояти Тергов қўмитаси расмийларининг Озодликка айтишича¸ 6 дан 7 январга ўтар кечаси содир этилган бу жиноятга алоқадорликда гумонланиб 31 яшар Ўзбекистон ватандоши қидирувга берилган:

- Исмининг русча талаффузи – Давлетов Бахтиёр Фозилбекович. Доимий яшаш жойи – Ўзбекистон, Элликқалъа тумани, Сарибий қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудуди. Бу йигит биринчи куни ишга чиққан экан. Ўлдирилганлар билан олдин таниш бўлмаган экан. Қандай қилиб бу ишчиларга қўшилиб қолганини ҳам ҳеч ким билмайди, деди исмини ошкор қилмасликни сўраган Краснодар Тергов қўмитаси вакили.

Терговчининг айтишича¸ ўлдирилган ишчилар россияликлардир:

- Ўлдирилганлар ўзбек эмас. Улар маҳаллийлар. Иккалови бошидан оғир нарса билан берилган зарбадан ҳодиса жойида жон берган. Давлетов улар билан бирга ишлагани учун асосий гумонланувчидир. Бахтиёр Давлетов қидирувга берилди, ҳозирча топилгани йўқ, деди терговчи.

Б.Давлетов фотосуратлари Краснодар ўлкаси Тергов қўмитаси томонидан тақдим этилган
Б.Давлетов фотосуратлари Краснодар ўлкаси Тергов қўмитаси томонидан тақдим этилган

Тергов қўмитаси эътирофича¸ 54 яшар кубанлик ва 46 яшар чеченистонлик қурувчининг нима сабабдан ўлдирилгани ҳозирча аниқ эмас.

Қидирувга берилган ўзбекистонликка нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105-моддаси, 2- қисми, “а” банди, яъни “икки ва ундан кўп кишини ўлдирганлик” моддаси асосида жиноий иш очилган.

Қўйилаëтган бу айблар судда ўз тасдиғини топса¸ айбланувчи 8 йилдан 20 йилгача¸ оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд деб топилса¸ умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG