Линклар

Россияда “Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари” ҳаракати ёпилди


Ҳаракат раҳбари Каромат Шарипов .

Ҳаракат раҳбари Каромат Шарипов .

Россия Олий Суди томонидан Москвадаги “Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари” ҳаракати фаолияти тўхтатилди. Олий ҳакамлар ҳукмининг адолатсиз эканини таъкидлаётган ҳаракат раҳбари Каромат Шарипов¸ ҳукм устидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига арз қилишини билдирмоқда.

Шарипов 2001 йилдан буён тожик ишчиларига ҳуқуқий ва моддий кўмак бериб келаётган ҳаракатнинг “буюртма асосида йўқ қилинаётгани”ни иддао қилди.

Россия Олий Суди мамлакатдаги меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келган тожикистонликларнинг энг йирик бирлашмаси - “Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари” (“Таджикские трудовые мигранты”) ташкилотини ëпиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Ташкилот фаолияти Россия Адлия вазирлиги талаби билан тўхтатилган бўлиб, айбловчилар Каромат Шарипов бошқариб келган ҳаракат “ўзининг Умумроссия мақомини оқлай олмаганлигини” судда рўкач қилган.

Адлия вазирлиги юристлари “Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари” ҳаракати Россия минтақаларида 43 дан ошиқ ваколатхонага эга бўлиши керак ҳолда¸ улар сонининг 38 дан ошмаганини унинг фаолиятини тўхтатиш учун асос сифатида маҳкамага тақдим этган.

Шунингдек, Россия Олий Суди ҳукмида бу ташкилотнинг Низомидаги камчиликлар ва бу ҳаракат умумий қурултойи давомида тўлдирилган ҳужжатлардаги ноаниқликлар туфайли ёпилаëтгани айтилган.

Ташкилот расмий сайтида билдирилган эътирозда раҳбарият “Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари” Россия минтақаларида 46 та бўлинмага эга эканини таъкидлаган.

Озодлик билан суҳбатда ҳаракат раҳбари Каромат Шарипов суд ҳакамларининг бу қарорини “заиф ва ишончсиз” деб атади:

- Биз хато йўқ¸ демаяпмиз. Хатолар бор¸ масалан¸ ташкилотнинг тўртта протоколи нотўғри тўлдирилган. Аммо бу аҳамиятсиз камчиликлар ва уларни ҳал этувчи деб атаб бўлмайди! Улар оддий ёзувдаги техник хатолар ва миллионлаб инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотни йўқ қилиб ташлашга мутлақо асос бўла олмайди, деди ҳуқуқ фаоли.

Шарипов ўз ташкилоти фаоллари эркин сўзлагани, Россия расмий идоралари ҳамда Москванинг Садовод ва Люблино бозорларидаги жиноий гуруҳларни жиддий танқид остига олгани боис ёпилаётганини иддао қилди:

- Чунки улар узоқ йиллар давомида меҳнат муҳожирларига иш ҳақини беришмасди. Бизнинг талабимиз билан муҳожирларга охирги 3 йилда 690 миллион рубль иш ҳақи қайтариб берилди. 690 миллион!!! Жами 1 миллиард рубль бугунга қадар қайтарилган пулларнинг умумий миқдори. Лекин ҳозирги вазиятда Россия судларининг ўзгача қарор чиқаришига ҳам ишончимиз йўқ эди, чунки Россиядаги судлар сотилади. 10-20 миллион рублга суд ҳукмини сотиб олиш мумкин. Судя ўз қарорини иккиланмасдан чиқарди, Россиядаги миллионлаб тожиклар эса ҳимоясиз қолди, деди ҳаракат бошлиғи Каромат Шарипов.

Ҳаракат раҳбари Олий Суд қарори устидан барча мавжуд инстанцияларга мурожаат қилиши, Россияда ҳақиқат топмаса¸ Страсбургдаги Инсон ҳақлари бўйича Европа судига мурожаат қилишини таъкидлади.

Россия Адлия вазирлиги “Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари” ўтказган охирги қурултойнинг ноқонуний эканига эътибор қаратиб, ташкилотни минтақавий мақом остида қайд этишни таклиф қилди.

Тожикистон элчихонаси вакиллари эса¸ “Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари” ҳаракати умумроссия мақомига эга экани сабабли унинг фаолиятига аралаша олмаслигини билдирди.

Ҳаракат 2001 йилда “Тожик-диаспора” номи остида ўз фаолиятини бошлаган. Йиллар давомида кенгайиб борган тузилма 2008 йилда “Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари” умумроссия ҳаракати мақомини олган ва Адлия вазирлиги қайдидан ўтган.

Ўша йили Москвада ҳуқуқ фаоли Абдулло Давлатов бошчилигида тожикистонликларнинг яна бир ташкилоти - “Россия тожиклари иттифоқи” умумроссия мақомида қайдга олинган эди. Бироқ “Россия тожиклари иттифоқи” фаолияти ҳам 2013 йилда Адлия вазирлиги сўровига асосан тўхтатилган эди.

XS
SM
MD
LG