Линклар

logo-print

Ўзбекистонлик бокс юлдузи Руфат Рисқиевнинг аҳволи оғирлашди


Афсонавий боксчи Руфат Рисқиев жарроҳлик амалиётидан сўнг. ("Фергана.ру"Ахборот агентлиги фотоси)

Афсонавий боксчи Руфат Рисқиев жарроҳлик амалиётидан сўнг. ("Фергана.ру"Ахборот агентлиги фотоси)

“Тошкент йўлбарси” лақаби билан танилган ўзбекистонлик боксчи Руфат Рисқиев куни кеча оғир аҳволда касалхонага олиб кетилган. Мияга қон қуйилиши ташхиси қўйилган собиқ боксчи, Фарғона.ру агентлиги хабарига кўра, ҳозирда ҳукумат стационарининг жонлантириш бўлимида ётибди.

Шу йилнинг 18 сентябрида бир оёғи қорасон туфайли кесиб ташланган Рисқиев бир ойдан кўпроқ давом этган муолажадан сўнг уйига қайтганди.

Боксчининг яқинларига кўра, Тошкентдаги 16-шифохонада икки марта мураккаб жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган Рисқиевга шифокорлар 15 кунлар аввал уйга жавоб бергандилар. Бу амалиётларнинг ҳар иккиси 10 соатлик наркоз ичида кечган.

Уйда унинг аҳволи яхшилана борган – шифокорлар мунтазам келиб туришган, дори-дармонни ўз вақтида олган, боқув ҳам жойида бўлган. Бир неча кун аввал оғайнилари уни қўярда-қўймай тўйга олиб кетишган. Учинчи қаватдан тушгунича Рисқиев қора терга ботиб кетган. Тўйдан қайтишда собиқ боксчи қайтишда ота уйига кириб ўтмоқчи бўлган ва ўша ерда икки кун қолиб кетган.

Бу икки кун мобайнида шифокорлар назорати остида бўлмаган, бу эса унинг юрак-қон томир тизими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган. Уни шу ердан “тез ёрдам” машинаси олиб кетган.

"Тошкентлик йўлбарс" сифатида ном қозонган афсонавий ўзбек боксчиси, СССРда бокс бўйича биринчи жаҳон чемпиони унвонини олган Руфат Рисқиев ўз фаолияти давомида 189 марта жанг ўтказган ва улардан 174 тасида ғалаба қозонган.

Ўтган ой 67 ёшга тўлган Руфат Рисқиев кинодаги роллари билан ҳам ўзбекистонликларга яхши танилган. “Рингга чақирилади...” фильмида у ўзбек маҳалласидан чиқиб, жаҳон чемпиони бўлган ёш ўзбек боксчиси ролини ижро этган.

1997 йилда WBA ҳакамлар ҳайъати аъзолигига киритилган Руфат Рисқиев марказий осиёлик биринчи профессионал бокс ҳаками бўлган эди.

Озодликнинг бу мавзуга оид экслюзив интервьюси билан кун давомида таниша оласиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG