Линклар

“Ўзбекистон ифтихори” Руслан Нуриддинов Риодан олтин медаль билан қайтадиган бўлди


Душанба оқшомида 105 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги оғир атлетикачилар мусобақасида ўзбекистонлик штангачи Руслан Нуриддинов барча рақибларини ортда қолдириб, олтин медални қўлга киритишга муваффақ бўлди.

У даст кўтаришда 194 кг, силтаб кўтаришда 237 кг тошни ўзига бўйсундириб, Олимпиада чемпиони унвонини қўлга киритди.

Руслан силтаб кўтаришда Олимпиада рекордини янгилашни ҳам уддалади. Бу борада аввалги рекорд (236 кг) Пекин Олимпиадасида беларуслик Андрей Арамнау томонидан ўрнатилганди.

15 август кунги беллашувда Руслан Нуриддинов жами 431 кг тошни ўзига бўйсундириб, 417 кг тош кўтарган арманистонлик Симон Мартиросян ва 416 кг тош кўтарган қозоғистонлик Александр Зайчиковни анча ортда қолдириб кетди.

Руслан Нуриддинов Ўзбекистон тарихида оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони бўлган энг биринчи спортчидир. Бу муваффақиятга у 2013 йил октябрида Польшада ўтган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида эришганди. Шундан сўнг спортчига “Ўзбекистон ифтихори” унвони берилган.

Польшадаги мусобақадан сўнг Озодликка берган суҳбатида Руслан 2016 йилги олимпиадада албатта муваффақиятга эришишга аҳд қилганини айтганди.

- Умуман тўхташ нияти йўқ. Биринчи вазифам 2016 йили Рио-де-Жанейрога бориш. Бу олдинга қўйилган энг катта вазифа, - деганди Руслан Нуриддинов.

Ўзбекистонлик паҳлавон Руслан билан 2013 йилги суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.

Руслан Нуриддинов 1991 йилнинг 24 ноябрида Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида туғилган. Спортчи халқаро майдондаги дастлабки ғалабасини 2009 йили Бирлашган Араб Амирликларида ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида қўлга киритган ва олтин медалга сазовор бўлган.

2011 йили Франциядаги жаҳон чемпионатида штангани силтаб кўтаришда Руслан кумуш медални қўлга киритган. 2012 йили Жанубий Кореяда ўтган Осиё чемпионатида ғолиб чиққан ва Лондон Олимпиадасида кучли тўртликдан жой олган.

2013 йилги жаҳон чемпионатида эса у ўз вазн тоифасида энг кучли спортчи эканини исботлаган.

Руслан Нуриддиновнинг ғалабасидан кейин Ўзбекистон делегацияси медаль жамғариш рейтингида 25-ўринга кўтарилди. Шу кунда ўзбек спортчилари ҳисобида 2 та олтин ва 4 та бронза медали бор.

XS
SM
MD
LG