Линклар

Ярославлнинг собиқ мэри: "Единая Россияга тупурганим учун 12,5 йилга қамалдим"


Ярославлнинг собиқ мэри Евгений Урлашов суд ҳукми ўқилаётган пайтда. 2016, 2 август.

Ярославлнинг собиқ мэри Евгений Урлашов суд ҳукми ўқилаётган пайтда. 2016, 2 август.

Россия мухолифатининг давлат идораларида ишлаган саноқли вакилларидан бири - Ярославль шаҳри собиқ мэри Евгений Урлашов коррупцияда айбдор топилиб, 12,5 йилга қамалди. Урлашовнинг ўзи айбловлар сиёсий мотивга эга эканлигини айтмоқда.

Ярославль шаҳридаги туман суди бир йил мэр бўлиб ишлаган Урлашовни 17 миллион рубль пора олишда ҳамда яна бошқа суммани ундиришда айбдор, деб топди.

Урлашов суд давомида ўзининг бегуноҳ эканлигини таъкидлади. Судьянинг қарор тушунарли бўлгани ёки йўқлиги ҳақидаги саволига собиқ мэр “Йўқ”, дея жавоб берди.

Коррупцияга қарши курашган Урлашов суд давомида олқишланди.

Урлашовни полиция ходимлари олиб кетар экан, у “Мени Единая Россия партиясига тупурганим учун қамашди”, дея ҳайқирди.

“Барча революционерлар қамалиб чиққан”, дея қўшимда қилди у.

Суд Урлашовга 60 миллион рубль жарима солди ҳамда ёрдамчиси Алексей Лопатинни 7 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Судгача уй қамоғида ўтирган собиқ мэр ўринбосари Дмитрий Донсков бегуноҳ, деб топилди.

Урлашовнинг адвокати Ксения Карпинская ТАСС агентлига берган интервьюсида суд қарори устидан шикоят қилишларини билдирди. Айбловчилар ҳам ҳукм устидан апелляция аризаси киритажакларини айтишди. Улар суддан Урлашовни 15 йилга озодликдан маҳрум қилишни ҳамда унга 500 миллион рубль жарима солишни талаб қилишган эди.

Урлашов 2013 йил қўлга олинган. Сиёсатчи 2012 йили шаҳар мэри сайловида ғолиб чиққан эди. Ўшанда давлат телеканаллари ниқобли шахслар Урлашовни қўлга олаётгани акс этган видеолавҳани эфирга узатган эди.

Урлашов тадбиркор Михаил Прохоров етакчилик қилган “Фуқаровий платформа” мухолиф партиясининг аъзоси бўлган. Қўлга олинишидан аввал у Ярославль вилоятининг губернатори сайловида иштирок этишни режалаштираётганини айтган эди.

Урлашов 2011 йилнинг декабрида Кремлга қарши намойишлар бўлиб ўтганидан кейин сайловчиларнинг 70 фоиз овозини тўплаб, мэр лавозимига тайинланган эди.

XS
SM
MD
LG