Линклар

Экстремизмга қарши футбол турнири оммавий муштлашув билан тугади


"Металлург" стадионидаги муштлашув пайти

"Металлург" стадионидаги муштлашув пайти

Россиянинг Иркутск вилоятида футбол бўйича “Ҳамдўстлик Кубоги-2016” турнирининг финалига чиққан ўзбекистонлик ва тожикистонлик футбол жамоалари ўртасидаги ўйин оммавий муштлашув билан якун топди. Турнир ташкилотчиларига кўра, команда ўйинчилари ўртасида келиб чиққан жанжалга стадионда ўтирган мухлислар ҳам қўшилиб кетган. Полиция муштлашув туфайли “Ҳамдўстлик Кубоги-2016” мусобақаси бекор қилинганини гапирмоқда.

11 сентябрда содир бўлган бу воқеа тўғрисида турнир ташкилотчиси - “Сибиряк” футбол клуби расмий сайти қисқа хабар берди:

“Финал ўйини мухлисларнинг беадаб ҳатти-ҳаракатлари боис тўхтатилди”.

“Ҳамдўстлик Кубоги-2016” футбол турнири маҳаллий диаспоралар, Братск шаҳар ҳокимияти ва шахсан шаҳар ҳокими ҳамда “Сибиряк”футбол клуби томонидан уюштирилган.

“Сибиряк” футбол клуби директори Евгений Харланов Озодлик билан суҳбатда финалда чиққан жанжал сабабларини тушунтириб беришга уринди. “Энг ачинарлиси, муштлашув турнир якунига атиги 8 дақиқа қолганда бошланиб кетди”, дейди мусобақа ташкилотчиси:

- Ўзбекистон 2:1 га ютиб турган эди. 2- таймнинг қўшимча вақти кетаётганди. Тўқнашув майдонда содир бўлди. Ўзбекистонлик ўйинчи йиқилиб тушди - унинг ёнига ҳакам келиб, ўйинни давом эттиришни буюрди. Тожик командаси ўйинчиси келиб уни майдон ташқарисига чиқара бошлади. Ҳакам тожикистонликка қўполлиги учун сариқ карточка кўрсатди. Ўзбек ўйинчиси яна майдонга кириб, йиқилиб тушди. Шунда бошқа тожикистонлик келиб уни ташқарига улоқтириб юборди. Иккала тарафдан туртиш-суришлар бошланди. Майдонга мухлислар тарафидан диаспора вакили югуриб келди. Тожиклар томонидан яна уч киши қўшилди, дейди туртишувлар оммавий муштлашувга айланиб кетганини айтган клуб директори.

Харлановнинг айтишича, “Металлург” стадиони трибунасида ўтирган бир гуруҳ тожик мухлислари полиция қуршовини ёриб ўтиб, стадиондаги ўйинчиларга ташланган. Муштлашув оқибатида ўзбек жамоаси томонидан уч киши жароҳат олган, ҳозирда шифохонада мия чайқалиши ташҳиси қўйилган икки ўзбек жамоаси футболчиси қолаётгани маълум.

Ижтимоий тармоқларда тарқаётган бошқа хабарларга қараганда, жанжал командалар ўртасидаги можаро икки футболчининг бир-бирини ҳақоратлашидан бошланган. Youtubeда финал ўйинида бўлиб ўтган муштлашув видеотасвири ҳам пайдо бўлди.

Қўл телефонига олинган тасвирда стадиондаги жанжалга мухлислар ўтирган трибунадан бир неча ўн одам бориб қўшилганини кўриш мумкин.

Братскда иккинчи марта ўтказилаётган “Ҳамдўстлик Кубоги” мусобақасида Ўзбекистон ва Тожикистондан ташқари Қирғизистон, Арманистон, Озарбайжондан келиб Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирларидан иборат терма жамоалар ҳамда россияликлар жамоаси иштирок этган. Футбол мусобақасига шу йилнинг 17 июлида старт берилган ва ушандан бери 18-та матч ўтказилган.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Иркутск вилояти бўйича бошқармасида мазкур ҳодиса юзасидан қилган Озодлик сўровига текширув ўтказилаётганини билдиришди.

- Стадиондаги ҳодиса юзасидан полицияга ҳеч қандай ариза келиб тушмаган. Лекин текширув олиб борилаяпти. Тафтиш натижасида тадбир хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташкилотчилар томонидан қилинган ҳаракатларга баҳо берилади, деди Иркутск вилоят полицияси расмийси Герман Струглин.

“Сибиряк” клуби директори Евгений Харланов ҳозирда стадионга югуриб чиққан ва муштлашувни бошлаб берган муҳожирлар полиция томонидан аниқланмоқда, текширувга ФСБ ҳам қўшилган, деди.

У турнир аслида минтақада яшаётган турли миллат-элат вакилларини бирлаштиришга қаратилгани, аммо хунук ҳодиса билан якунлангани сабабли бошқа ўтказилмаслигини билдирди.

- Ўтган йили ҳам, бу йил ҳам ташаббус маҳаллий диаспоралардан чиқди. Биз уни ўз зиммамизга олиб, шаҳар мэридан ташаббусга қўшилиши тўғрисида билдиришнома олган эдик. Мақсадимиз – миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, экстремизмга қарши курашиш эди. Полиция ва ФСБ камералар орқали жанжалкашларни қидирмоқда. У ерда менга очиқчасига айтишди – турнир бошқа ўтказилмайди, деди “Сибиряк” футбол клуби директори Евгений Харланов.

“Ҳамдўстлик Кубоги-2016” кубоги соҳиби аниқланмаслиги ҳам эълон қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG