Линклар

Етакчи муҳаррирлар “РБК” медиа холдингини тарк этмоқда


Медведев ва РБК раҳбарияти учрашуви, 2015 йил декабрь

Медведев ва РБК раҳбарияти учрашуви, 2015 йил декабрь

Уч етакчи муҳаррир Россиянинг “РБК” медиа холдингини тарк этди. Холдинг кейинги йилларда Россиянинг бизнес ҳамда сиёсий элиталари, жумладан, Владимир Путиннинг яқин дўстлари ва қариндош-уруғи ҳақида таҳлилий мақолалар эълон қилиб ном чиқарган.

“РБК” директори Николай Молибог 13 май куни холдингнинг бош муҳаррири Елизавета Осетинская, “РБК” газетаси муҳаррири Максим Солюс ҳамда “РБК” хабар агетнлигининг муҳаррири Роман Баданини “ширкат келажаги ҳақида бир фикрга кела олмаганлари учун 13 май кунидан бошлаб ширкатни тарк этишди”, деди.

“РБК”ни 2010 йилда миллардер тадбиркор Михаил Прохоров сотиб олган. Прохоров етакчилигида холдинг ўзининг журналистик суриштирувлари билан ном чиқарди.

Бу эса Кремлни безовта қилиб келади. Ўтган йилда хакерлар Молибог ҳамда Кремль расмийси ўртасидаги СМС мулоқотни ошкор қилди. СМС хабарлардан Украинадаги ҳодисаларнинг “РБК”да ёритилиши матбуотни назорат қилувчи юқори лавозимли расмийларга хуш келмаганини англаб олиш мумкин.

Молибог бу хабарларнинг ҳақиқий эканлигини тасдиқлади. Уларнинг бирида Кремль расмийси айирмачилар билан Киев кучларига қарши курашаётган Россия аскарлари ҳақидаги “РБК” мақоласни “даҳшатли” дея таърифлаган.

Уч муҳаррирнинг ширкатни тарк этгани ҳайратланарли эмас, чунки кўпчилик “РБК” нашрининг эркин фикрлаши Кремлга маъқул келмаган, деб ҳисоблайди. Эндиликда Кремль “РБК”нинг фаолиятини янада чеклаш ниятида эканлиги хавотирга сабаб бўлмақода.

Маркази Ригада бўлган “Медуза” хабар портали 13 май куни эълон қилган бош мақолада “Кейинги йилларда Россияда мустақил журналистика йўқ қилинди. Сўнгги икки йил ичида эса “РБК” ўзининг юқори сифатли суриштирувлари ва обрўси билан Россиядаги энг муҳим эркин нашрга айланди. Бугун кўз олдимизда ҳақиқий мўъжизани барбод қилишди”, дейилади.

Осетинская ва Баданин 13 май куни ширкатни тартк этишгани сабабини шарҳлашдан бош тортишди.

Осетинская уни қўллаётган одамларнинг жуда кўп эканлиги “Барчаси зое кетмаганини англатади”, деди.

“Интерфакс” агентлигининг хабар беришича, Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков 13 май куни “РБК” муҳаррирларининг тарк этиши сиёсат ёки Кремлнинг тазйиқи билан боғлиқ эмаслигини айтган.

Хабарларга кўра, Москва полицияси “РБК” медиа холдингига тегишли ширкатга қарши жиноий иш қўзғаган. Бу ширкат ўз навбатида ўз хабар портали, телеканали, газетаси ҳамда журналига эгадир.

Миллий телеканалларда Прохоров танқид қилина бошланди. Умуман олганда, тадбиркор Путин 16 йил аввал ҳукумат тепасига келганидан бери Кремль қоидаларига бўйсуниб келади.

2012 йилги президентлик сайловида Прохоров Путинга рақиб ўлароқ иштирок этди. Тадбиркорнинг сайлов кампанияси бизнесга урғу берди. Таҳлилчиларнинг айтишича, Прохоровнинг номзодлиги либераллар ўз фикрини изҳор қила олиши учун маъқулланган.

2015 йилнинг январида “РБК” Путиннинг қизи эканлиги айтиладиган Катерина Тихонова ҳақида мақола ёзган илк нашр бўлди. Тихонова ҳозирга кунда Москва давлат университетида ривожланиш бўйича лойиҳага етакчилик қилади.

“РБК” мақоласида Тихонова Путиннинг қизи эканлиги айтилмади. Бу иддаони кейинроқ журналист Олег Кашин ҳамда мухолифатчи Алексей Навальнийлар илгари суришди.

Россия давлат матбуоти етакчиси ҳамда телебошловчи Дмитрий Кисилёв ўтган ойда “РБК” газетаси нусхасини қўлида тутиб, холдингни Панама ҳужжатлари мавзусини кенг ёритишда АҚШга ёрдам берганликда айблади.

Панамадаги Mossack Fonseca & Co. адвокатлик ширкатининг сиздирилган махфий ҳужжатлари жаҳон давлатлари раҳбарлари ва бойларнинг катта қийматга эга маблағларни қандай қилиб солиқ ва жамоатчиликдан беркитганини фош қилган эди. Ҳужжатларда исми тилга олинганлар ичида Путиннинг яқинлари ҳам бор.

XS
SM
MD
LG