Линклар

Би-Би-Си: Британия ва Россия матбуоти MH17 ҳалокати ҳақидаги ҳисоботимизни нотўғри талқин қилди


Би-Би-Си Malaysia Airlines ширкатининг шарқий Украинада уриб туширилган MH17 йўловчи учоғи ҳақидаги ҳали эфирга узатилмаган ҳужжатли фильм юзасидан билдирув эълон қилди. Билдирувда Британия матбуоти ҳужжатли фильмни нотўғри талқин қилишда айбланади.

Би-Би-Си “MH17ни ким уриб туширди?” деб аталувчи янги ҳужжатли фильм қарама-қарши назарияларни бетараф оҳангда таҳлил қилишини, Sunday Express газетаси эса дастурни нотўғри талқин қилганини таъкидламоқда.

Би-Би-Сининг билдиришича, фильм учун интервью берган мутахассислар Москва ҳамда кремлпараст манбаларнинг Украина ҳарбий учоғини айбловчи теорияси “эҳтимолдан йироқ” эканлигини айтган. Кремлнинг бу иддаосини нидерландиялик терговчилар ҳам рад этишган.

24 апрель куни Sunday Express газетасида чоп этилган мақолада Би-Би-Си дастури Украина ҳарбий учоғи MH17 рейсини уриб туширганини кўрсатувчи янги далилларни тақдим этиши айтилди. Табиийки, бу мақола Россияда катта шов-шувга сабаб бўлди.

https://twitter.com/Daily_Express/status/724217341433786368/photo/1

Кремлпараст манбалар мазкур теорияни зўр бери билгари суриб келади. Аммо Нидерландия хавфсизлик кенгаши 2015 йилнинг октябрида эълон қилган расмий ҳисоботда МН17 рейсини россияпараст айирмачилар назоратидаги минтақадан отилган “Бук” русумидаги ер-ҳаво ракетаси уриб туширгани айтилган эди.

Би-Би-Сининг бир соат давом этувчи ҳужжатли фильми 3 май куни эфирга узатилади. Аммо у аллақачон катта мунозарага сабаб бўлмоқда. Кремль танқидчилари Би-Би-Сини Россия ўйлаб топган фитна назарияларини тарғиб қилишда айбламоқда.

2014 йилнинг июлида Амстердам-Куала Лумпур йўналиши бўйича 298 одамни олиб кетаётган МН17 рейси Украина ҳукумат кучлари ва россияпараст айирмачилар ўртасида жанглар айни авжига чиққан пайтда уриб туширилган эди. Расмий Киев ва ғарб давлатлари самолёт ҳалокатида айирмачиларни айблаб келади.

Кремлпараст нашрлар Би-Би-Сининг янги фильми ғарб мамлакатлари иддаоларини рад этишини айтиб, жар солмоқда.

“Комсомольская правда” кундалик газетасида “Би-Би-Си фильми: Малайзия “Боинг”ини Украина ҳарбий учоғи уриб туширган” сарлавҳаси билан мақола чоп этди.

Би-Би-Си 25 апрель куни эълон қилган билдирувда “Сарлавҳаларга қрамасдан, дастурдаги мутахассислар MH17 рейсини Украина ҳарбий учоғи уриб туширгани “эҳтимолдан йироқ” эканлигини айтишган, чунки ҳарбий учоқлар бундай баландликда уча олмайди. Мазкур бетараф ҳужжатли фильм MH17 тақдири ҳақидаги қарама-қарши теорияларни мутаносиб равишда кўриб чиқади”, дейилади.

https://twitter.com/OksanaKyzyma/status/724584549922017280/photo/1

Карл Шрек

(Нодир Отаев таржимаси)

XS
SM
MD
LG