Линклар

logo-print

Москвадаги “Левада” ижтимоий тадқиқот маркази ўтказган сўров натижасига кўра, россияликларнинг аксарида миграция оқимини чеклаш ҳамда мамлакатга айрим миллатларга мансуб инсонларни киришига изн бермаслик ақидаси сақланмоқда.

“Левада” сўровида қатнашганларнинг 29 фоизи марказий осиёликларнинг Россияга келиб яшашлари чекланиши лозим деган фикрни билдирган.

“Левада” ижтимоий тадқиқот маркази экспертлари мамлакатда айрим миллатлар вакилларининг яшашларига чеклов киритиш ё киритмаслик борасида россияликлар фикрлари билан қизиққан.

Сўралганларнинг 34 фоизи Кавказ республикалари вакилларини, 29 фоизи эса марказий осиёликларни Россияга келиб яшашлари чекланиши лозим деган фикрни билдирган.

Бундан ташқари россияликлар ўз юртига хитойликларни (24 %), лўлиларни (21%), ва вьетнамликларни (19%) келишлари чекланишини қўллаб қувватлаган.

Сўровда қатнашганларнинг 18 фоизига кўра, рус миллатига мансуб бўлганларга бундай чеклов қўлланмаслиги керак.

Сўров натижаларига кўра, миграция сиёсатида аксар россияликлар (66%) мамлакатга келаётган меҳнат муҳожирлари оқимини чеклаш лозимлигини таъкидлаган.

“Левада” маркази эксперти, сўров муаллифларидан бири Карина Пипия Озодлик билан суҳбатда, сўнги сўров натижалари олдинги йилларга қараганда Россия жамиатида мигрантларга нисбатан салбий ёндошувнинг кучаётганидан дарак беради, деб айтди.

- Бундан 2 йил олдинги сўров натижаларига қаралганда, муҳожирларга нисбатан билдирилган фикрларнинг ижобий йўналиши нисбатан юқорироқ эди. Яъни россияликлар орасида муҳожирларга фақат жиноятчи эмас, балки Россия учун ноёб манба сифатида қараш тарафдорлари кўпчиликни ташкил этарди. Ҳозир вазият бундай эмас. Ҳокимиятнинг миграция қонунларини кескинлаштиришга қаратилган чораларига қарамасдан, аҳоли орасида аксилмиграция кайфияти кучаётганини кузатиш мумкин, - деди Карина Пипия.

“Левада“ тадқиқотида “муҳожирлар Россия маданиятини бузади”(39%), “мигрантлар мамлакат иқтисодиётини ривожланишига йўл очмайди” (51%), “жиноятчилик даражасини оширади” (64%) ва “россияликлар иш ўрнини эгаллайди” (62%) деган салбий қараш кайфияти акс эттирилган.

Шу қаторда сўралганларнинг фақат 12 фоизи меҳнат муҳожирлари Россия жамиятини бойитади, деган фикрни билдирган.

“Левад” маркази сўрови Россиянинг 40дан ортиқ минтақасидаги 137-та аҳоли пунктида яшаётган 1 минг 600 киши орасида ўтказилди.

Россия расмийлари сўнги йилларда миллатчилик асосидаги жиноятлар камайгани ва ушбу йўналишда кескин кураш олиб борилаётганини таъкидлашади.

Ҳуқуқ фаоллари Россияда ирқчилик асосдаги жиноятлар миқдори олдинги йилларга қараганда камайгани, бироқ миллатчилик кайфияти даражаси ҳануз юқори эканлигини урғулаб келишади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG