Линклар

Тожикистоннинг Хатлон вилоятида истиқомат қилган беш киши “салафийлик” диний оқимига аъзоликда айбланиб, беш йилдан олти йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилди. Маҳкумларнинг яқинлари уларнинг айбсиз эканлигини иддао қилмоқдалар.

Тожикистон жануби Қўрғонтепа шаҳрида бўлиб ўтган маҳкамада Жалолиддин Балхий туманида истиқомат қилган беш киши “экстремистик ташкилот” тузганликда айбдор деб топилиб, беш йилдан олти йилгача озодликдан маҳрум этилди.

Суд ҳукмида айтилишича, 23 яшар Сайфиддин Муҳиддинзода, 24 яшар Умеджон Амонов, 22 яшар Сиратилло Саидов, 26 яшар Мансур Торунов ва Додарбек Муҳаббатовлар илк бор жиноят содир этганликлари ва фарзандли бўлганликлари ҳисобга олиниб, уларга енгилроқ жазо тайинланган.

Айблов хулосасида айтилишича, бу ёшлар марака ва масжидларда салафийлик диний оқимини тарғиб қилишган. Жумладан, улар, одамларни намоз ўқиш тартибини ўзгартиришга, ўлган яқинлари учун марака ва бошқа тадбирларни ўтказмасликка чақирган.

Судя Сайфиддин Муҳиддинзоданинг айтишича, тинтув пайтида бу ёшлар уйидан салафийлик диний оқимини тарғиб этувчи китоблар, дисклар топилган ва улар мусодара қилинган.

Судланганлар жорий йилнинг 11 февралида ҳибсга олинган эди.

Озодликнинг тожик хизмати мухбирига кўра, маҳкумларнинг суд жараёнида қатнашган яқинлари уларнинг гуноҳсиз бўлиб, туҳматга қолганларини айтишган.

Бироқ, суд ҳукмидан сўнг улардан бирор киши ҳам Озодлик билан гаплашишни истамади.

Жорий йилнинг уч ойи мобайнида биргина Хатлон вилоятида 50 киши, жумладан, бир аёл салафийлик диний оқимига алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Тожикистон 2009 йилда “салафийлик”ни миллий хавфсизлик учун хатарли деб билиб, унинг фаолиятини мамлакатда тақиқлаган.

Тожикистон аҳолисининг аксарияти “ҳанафийлик” мазҳабида бўлиб, ҳукумат уларнинг бошқа мазҳаб ва оқимларга қўшилиб кетишидан хавотир олади.

Тожикистон Бош прокуратураси маълумотига кўра, Ироқ ва Сурияга бориб Исломий давлат сафига қўшилган минглаб одамларнинг аксарияти “салафийлик” диний оқимига мансуб бўлган.

Ўзбекистонда ҳам “салафийлик” диний оқимига аъзо бўлиш ва унинг таркибида фаолият юритиш тақиқланган.

Жумладан, февраль ойида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Чилонзор туманида истиқомат қилган 4 нафар диндорни “салафийлар” диний оқимига мансубликда айблаб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG