Линклар

logo-print

“Саратонни батамом енгувчи дори - журналистлар уйдирмаси”


Тиббиёт фанлари доктори Зулфия Еникеева (Сурат mytashkent.uz сайтидан олинди)

Тиббиёт фанлари доктори Зулфия Еникеева (Сурат mytashkent.uz сайтидан олинди)

Ўзбек олими “саратонга қарши дунёда ўхшаши бўлмаган ноёб дори воситасини яратгани” тўғрисида Ўзбекистондаги баъзи нашрлар куни кеча хабар қилди.

“Ўзбек фармацевти саратонни тумов каби осон даволаш йўлини топди”, деган сарлавҳа эса ўтган ойда сайтлардан сайтларга кўчган эди.

Кечаги хабарда тилга олинган ўзбекистонлик олима Озодлик саволларига жавоб берар экан, сўнгги бир ярим ой ичида шов-шув бўлган бу икки янгилик ортидаги ҳодисалар ҳозирча натижа эмас, балки йиллардан буён давом этаётган жараён эканлигини таъкидлаб ўтди.

“Олим, кимё фанлари доктори Зулфия Маҳмудовна Еникеева дунёда ўхшаши бўлмаган саратонга қарши ноёб дори воситасини яратди. Ушбу дори воситаси эътирофга сазовор бўлиши учун 16 йил керак бўлди”, деб бошланади куни кеча Ўзбекистонда эълон қилинган материаллардан бири.

Озодлик доктор Еникеевани иш жойи - Тошкентдаги Республика Онкология илмий марказининг Саратонга қарши препаратлар яратиш лабораториясидан топди.

- Ўзингиз яратган дорини саратонга қарши курашда инқилоб ясайдиган препарат, дея оласизми? Кўпчиликни қизиқтираётган бу саволга Зулфия Маҳмудовна “Йўқ. Бундай дея олмайман”, деб жавоб берди.

Доктор Еникееванинг айтишича, у яратган препаратларнинг мавжуд дорилардан принципиал фарқи “уларнинг таъсир қилиш механизми янгича эканлигидадир. Бу препаратларнинг саратонга қарши фаоллиги жуда юқори ва айни пайтда беморнинг иммунитетига салбий таъсир қилмайди”.

Озодлик саволларига Соғлиқни сақлаш вазирлигидан берухсат жавоб бераётганидан хижолат бўлаётган олима билан мулоқотдан у киши битта препарат эмас, балки препаратлар сериясини ишлаб чиқиш билан машғуллиги аёнлашди.

- Шу кунгача мен 15 та препарат яратдим. Улардан 4 таси клиник тадқиқотларолди синовларидан ўтказилди. 2 таси клиник тадқиқотлардан ўтди. Қолганлари тадбиқ қилиниши кутмоқда. Шунинг учун, мен яратган препаратлар ҳозирча дорихона пештахталарида эмас, балки синов босқичидадир, деди Зулфия Маҳмудовна.

Доктор Еникееванинг айтишича, у яратган препаратларнинг барчаси АҚШ Миллий Саратон тадқиқотлари институтида киши танасида пайдо бўладиган ўсмаларнинг 60 таси бўйича ҳужайралар даражасида текширувдан ўтган; кейин препаратлар лаборатория жонзотларида текшириб кўрилган ва уларнинг фаоллиги тасдиқлаган; бу дегани синовдан ўтган препаратлар ишлаб чиқаришга берилади, деганидир; бу препаратлар оққон, ўпканинг майда ҳужайрали саратони, тўғри ичак саратони, кўкрак саратони, простата саратони каби касалликларни даволашда яхши самара бериши мумкин.

Тиббиёт фанлари доктори Зулфия Еникеевадан бундан бир ярим ой олдин пайдо бўлган хабарларда “саратонни тумов каби осон даволаш йўлини топгани” айтилган ўзбекистонлик олим, профессор Рустам Нуриддинов ва у киши яратган препарат тўғрисида ҳам сўрадик.

- Рустам Нуриддиновни шахсан танийман. У ўзимизда, Тошкентуниверситетнинг кимё факультетида ўқиган. Кейин Ригага кетган ва номзодлик ва докторлик диссертацияларини ўша ерда ёқлаган. У иммунитетни кучайтирувчи, ўсмага қарши Леакадин препаратининг, спортчилар билан боғлиқ жанжалга сабаб бўлган, лекин юрак-қон томир касалликларидан азият чекаётган беморлар учун зарур бўлган Мельдронат препаратининг яратилишида иштирок этган. Мен Рустамни яхши одам ва жиддий олим сифатида танийман, ҳамкасблари уни ҳурмат қилади, деди Зулфия Еникеева.

- У саратон устидан ғалаба қозонди, деган гаплар айтилган эди. Бунга нима дейсиз?

- Йўқ, албатта. Бу журналистлар уйдирган бемаъни гап, холос, деди Тошкентдаги Республика Онкология илмий марказининг Саратонга қарши препаратлар яратиш лабораторияси ходими, Тиббиёт фанлари доктори Зулфия Еникеева.

XS
SM
MD
LG