Линклар

СВОЖЖДЛҚКдан эҳтиёт бўлинг!


Ўзбек рассоми Жамшид Одиловнинг "Бева" асари (фрагмент)

Ўзбек рассоми Жамшид Одиловнинг "Бева" асари (фрагмент)

“Ҳуқуқ” газетасининг 21 апрель кунги сонида берилган СВОЖЖДЛҚК департаментининг Паркент туман бошлиғи Ифтихор Султоновнинг мақоласида икки нарса эътиборимни ўзига тортди.

Биринчиси - “СВОЖЖДЛҚК”, деган қисқартма сўз.

Иккинчиси - мақолада тилга олинган коллеж директорининг жиноятлари.

Иккинчисидан бошлай. Ки коллеж директор ўқувчилари темир-терсак топширмаган гуруҳ раҳбарларидан пул йиққан;

пахта теримига ҳашарчи ёллаш учун ўқитувчилардан пул йиққан;

яна у коллеж биносини таъмирлаш ва ҳовлисини кўкаламзорлаштириш учун ҳам пул йиққан ва темир билан пахта пулига қўшиб, еб қўйган.

Шунинг учун жазоланган.

СВОЖЖДЛҚКчи Ифтихор Султонов ўз мақоласида коллеж директори ва у бошқариб турган ўқитувчилар ва ўқувчилар жамоаси нима учун:

а) темир-терсак топшириши;

б) пахта теримига ҳашарчи ёллаши керак, деган саволни ўртага ташламайди.

Шунингдек,

бинони таъмирлаш ва ҳовлини кўкаламзорлаштириш учун бошқа коллежлару мактаблар директорлари пул йиғмайдими, деган саволни қобирғасидан қўймайди.

Тўғри, бундай саволларни қўйиш сирли СВОЖЖДЛҚКнинг иши эмасдир?

Ёки мақола муаллифи ёт унсурми?

Унинг мақсади бир коллеж директорининг кирдикорларини очиш баҳонаси билан давлат кўз қорачиғидай асраб келаётган сирларни фош қилиш эмасмикан?!

Ахир, мактаб ва коллежлардан ҳар йили темир-терсак топшириш талаб қилиниши расман тан олинмаган ҳолатку, тўғрими?

Ахир, мактаб ва коллежлар, шунингдек, бошқа корхона, ташкилот, муассасалар ходимлари ё ўзлари теради пахтани ё ҳашарчи ёллайди – бу ҳам расман тан олинмайди. Тан олинмаса, демак, давлат сирими?

Ўқув юртлари таъмиричи?

Хуллас, ўйлаб кўриш керак. Ўййлаб кўриш керак...

Юқоридаги “хуллас”, эътиборимни тортган иккинчи нарсанинг “хулласи” эди.

Биринчиси “СВОЖЖДЛҚК департаментининг Паркент туман бошлиғи Ифтихор Султонов”, деган имзодаги “СВОЖЖДЛҚК” сўзидир. Унинг нима эканлигини билмай бошим қотди.

Матннинг ўзидан изладим маъносини, топмадим.

Яхшиям Интернет бор. Ундан сўрагандим, топиб берди. СВОЖЖДЛҚК – “Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш”, дегани экан.

Шуни аниқладиму қисқартма отлар тўғрисида ёзсамми, деб ўйлай бошладим. Лекин мавзу жуда таниш кўринди. Ёзганга ўхшадим. Сал туриб эсладим. Ўтган йили ёзган эканман. Мана бу ерда ўша мақола.

ТКЯКБОБКХСБСУ, яъни тез кунда яхши кайфият билан Озодликнинг Блогистонида кўришгунча хайр, саломат бўлинг, деб Сарвар Усмон.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG