Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:59

Маҳалла оқсоқоли: “Кетмоновни ҳамқишлоқларимиз қўллашмади”


Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан президентликка номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг туғилган жойи – Андижон вилоятининг Балиқчи туманидаги сайловчиларнинг аксарияти ўз овозларини ҳамшаҳарига эмас, балки Шавкат Мирзиёевга берганини Озодлик манбалари айтдилар. Маҳалла оқсоқоллари ҳам, аксарият ватандошлар ўз ҳамюртларини сайловда қўлламаганини гапирмоқда.

Президентликка номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг она юрти Андижон вилоятининг Балиқчи туманида бу галги президентлик сайлови жуда ҳам кўтаринки руҳда ўтганини Озодлик тингловчилари айтдилар.

Озодлик манбаларининг сўзларига кўра, сайловчиларнинг асосий қисми Балиқчи туманида туғилган Ҳотамжон Кетмоновга эмас, балки Бош вазирга овоз беришган.

Исми сир қолишини сўраган балиқчилик давлат хизматчиларидан бири ҳам ўз овозини Бош вазирга берганини айтади:

- Эрталаб соат еттида бордим, Шавкат Мирзиёевни сайлаб келдим. Кетмонов ҳам кучли одам, лекин Шавкат Мирзиёев марҳум президентимиздан қолган муаммоларни зудлик билан ҳал этишга киришди. Қанчадан-қанча ноҳақликлар виртуал қабулхонага ёзилган аризадан кейин очиляптида. Шунинг учун мен суҳбатлашган жуда кўп одамлар Бош вазиримизга овоз берганини айтдилар, деди давлат хизматчиси.

Балиқчи туманининг Полвонкўл маҳалласида истиқомат қиладиган,сайлов комиссияси аъзоси бўлган ўқитувчилардан бири ҳам Кетмоновга овоз бермаганини айтади:

“Сайлов яхши ўтаяпти. Мен сайлов участкасида ишлаяпман. Айтарли хамма Мирзиёевга овоз беряпти. Чунки Кетмонов ўзимиздан чиққан кадр бўлган тақдирда ҳам Мирзиёев сайланиши барчага маълум. Одамлар ҳар қачонгидан кўп. Мирзиёев Ўзбекистонда катта ўзгаришлар қилишига умид бор. Кетмоновни эса қўғирчоқ эканлигини ҳамма билади. Бу аввалги сайловларда синаб кўрилган политтехнология”, деди сайлов ташкилотчиларидан бири.

Балиқчи туманининг Халфачек қишлоғида истиқомат қиладиган Азизбек исмли устанинг айтишича, у оиласи билан Мирзиёевга овоз берган:

- Кетмонов балиқчилик бўлса ҳам, ҳамшаҳримиз бўлса ҳам негадир овозимизни Мирзиёевга бергимиз келди. Оилавий шундай қарор қилдик, деди уста Азизбек.

Балиқчиликларнинг айтишларича, Ҳотамжон Кетмонов Олимбек қишлоғида туғилиб, шу ердаги мактабни ўқиб тугатган.

Олимбек қишлоғи маҳаллаларидан бирининг исми сир қолишини сўраган оқсоқоли ҳам озодлик билан суҳбатда кўпчилик Шавкат Мирзиёевга овоз бераётганини айтди:

“Бизда сайлов зўр бўляпти. Ҳозирча Бош вазир олдинда кетяпти”, деди маҳалла оқсоқолларидан бири.

ХДПдан номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг хориждаги меҳнат муҳожирларидан ҳам тарафдорлари бор.

Қозоғистондаги меҳнат муҳожирларидан бирининг ёзишича, Кетмонов номзодлар ичида энг идеали бўлган:

“Биз ҳозир Қозоғистондамиз. Шу сабабли сайловда қатнаша олмадик. Лекин умид қиламизки, Ҳотамжон Кетмонов ютиб чиқади. У Андижонда ишлаганида халққа жуда катта фойдаси теккан эди. Жуда ақлли ва қаттиққўл одам. Номзодлар ичида энг идеали, менимча. Лекин умидимиз оқланмаслигига ишончимиз комил. Чунки, барибир, Мирзиёев президент бўлади”, деб ёзади меҳнат муҳожирларидан бири.

XS
SM
MD
LG