Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:50

ХДП: “Биз ҳукуматга мухолиф эмасмиз, бизда шунақа!”


Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов эса ўз сайловолди дастурида ҳукуматга эмас, балки парламентда кўпчиликни ташкил қилганларга мухолиф бўлишини айтди. Ўзбекистон президентлиги учун сайловолди учрашувлар олиб бораётган сиёсий партиялар номзодларининг бирор нафари ҳам ҳукуматга сиёсий мухолиф эканлигини билдирмаган. Сайловчилар сиёсий партиялар номзодларининг бирортасидан ҳукумат олиб бораётган сиёсатни танқид қилганини эшитмаганларини айтмоқда.

Ўзбекистон президентлигига Халқ демократик партиясидан номзод Ҳотамжон Кетмонов Тошкент вилоятидаги сайловчилар билан бўлган учрашувда уларнинг партияси парламентдаги мухолифат фаолияти кафолатларини мустаҳкамлашга интилишини айтган.

Озодлик Ҳотамжон Кетмоновнинг парламентдаги мухолифлик фаолиятига муносабат олиш мақсадида ХДПнинг Марказий Кенгаши билан боғланди.

Ўзини таништирмаган ХДП мулозимларидан бири раиснинг мухолифатда бўлиш фаолиятини шундай изоҳлади:

- Биз мухолифмиз деганимиз, парламентда кўпчиликка нисбатан мухолифмиз дегани. Яъни парламентдаги кўпчиликка нисбатан ХДП фракцияси мухолиф.

Озодлик: Ҳукуматга мухолиф эмассизлар, а?

Мулозим: Йўқ!

Озодлик: Нега, одатда сиёсий партиялар ҳукуматга мухолиф бўладику, ундай ҳолда қандай сиёсий партия бўласизлар?

Мулозим: Бизда шунақада!

Озодлик: Ҳамма давлатларда сиёсий партиялар ҳукуматга келиш учун кураш олиб боради ва ҳукуматга мухолиф бўлади. Сизларнинг мақсадларингиз ҳокимиятга келиш экан, нега ҳукуматни танқид қилмайсизлар?

Мулозим: Бизларнинг сайловолди дастуримиз бор. Ўшани реализация қилиш борасида фаолият олиб борамиз, агар ҳукумат билан қарашларимиз қисман тўғри келмаса ўзимизникини илгари суришимиз мумкин, агар тўлиқ тўғри келмаса сиз айтган ҳолат бўлиши мумкин. Лекин бизда ҳали қарашларимиз тўлиқ тўғри келмаган ҳолат бўлмаган, деди ХДП мулозимларидан бири.

Номзодларнинг Ўзбекистон ОАВдаги чиқишларини кузатаётган самарқандлик сайловчилардан бирининг айтишича, Бош вазир Шавкат Мирзиёевдан бошқа бирор номзоднинг дастурида жиддий позиция йўқ:

- Ҳамма номзодлар телевизорда чиқиб гапиряпти. Бундай қарасангиз уларнинг ҳаммасига худди тенг имконият берилгандай. 90 йиллар бошидаги президентлик сайловларида номзодлар чиқиб, ҳукумат мана бу ерда хато қилди, мана бу соҳалар қолоқ бўлиб қолиб кетди, дерди. Ҳозирги номзодларни кўриб энсангиз қотади. Уч партиянинг бирор нафар номзоди ҳам ҳукуматга тил теккизмайди. Буларнинг топган гапи янада мукаммаллаштирамиз, янада ривожлантирамиз, дейди. Очиқ баҳс йўқ, юзма-юз учрашув йўқ, очиқ рақобат йўқ. Шу ҳам демократик сайлов бўлдими? Бу партиялар 25 йилдан буён ҳукуматнинг қўғирчоқлари бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади, деди самарқандлик сайловчи.

Фарғона вилоятининг Риштон туманида яшайдиган, исми сир қолишини сўраган сайловчилардан бири президентликка номзодлар билан учрашувлар уларнинг ҳозир эгаллаб турган вазифасига қараб уюштирилаётганини айтади:

- Масалан, Бош вазир сайловчилар билан учрашувга Риштон туманига келди. У келиши билан жуда кўп ташкилотлар, корхоналар, дўконлар ёпилди, йўллар беркитиб қўйилди. Қолган учта номзод ҳам келиб кетяпти, лекин уларнинг келганини ҳеч ким билмайди. Мени назаримда, худди ўзбек жамияти руҳан олдиндан ўзининг президентини сайлаб қўйгандай. Бундай бўлмаслиги керак, ўша тўрт номзодга бир хил кўз билан қараш керак. Бу биринчидан. Иккинчидан, бошқа номзодларнинг чиқишларини кузата туриб шундай хулосага келдим. Улар президент бўлиш эмас, балки унинг ёнидаги қандайдир масалаларни ҳал қиладиган югурдаги бўлишини истаётгандай бўлиб туюляпти, деди фарғоналик сайловчи.

Ўзбекистон президентлигига “Миллий тикланиш” партиясидан номзод Сарвар Отамуродовнинг сайловолди дастуридаги “одамларни театрга қайтариш керак” деган гапи Фейсбук ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари томонидан истеҳзо билан кутиб олинди:

"Партия раҳбарининг топган гапини қаранг. "Эй жаноб, сиз сиёсатчимисиз, ёки маданият вазирлиги ходими-ми? Мамлакатнинг бундан бошқа муаммоси йўқми?" – дейдиган одам йўқ. Мен "...қайтараман" деган сўзнинг ўзини ўқиб, "Доллар ёки бензин нархини орқага қайтарса керак", деб ўйлабман", деб ёзди Фейсбук фойдаланувларидан бири.

Ўзбекистонда президентлик сайлови жорий йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтади.

Марказий сайлов комиссияси тўрт номзодни,Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Сарвар Отамуратов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Наримон Умаровни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар этиб рўйхатга олган.

XS
SM
MD
LG