Линклар

Шошилинч хабар
11 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:42

Ўқитувчилар: Сайловни деб ўқиш қолиб кетяпти


Ўзбекистон бўйлаб жами сайлов участкалари сони 10 минг 761 та бўлиб, уларнинг 7 минг 563 таси  умумий таълим мактабларида, 709 таси коллеж-лицейларда жойлашган.
Ўзбекистон бўйлаб жами сайлов участкалари сони 10 минг 761 та бўлиб, уларнинг 7 минг 563 таси  умумий таълим мактабларида, 709 таси коллеж-лицейларда жойлашган.

Ўқитувчилар сайлов билан бандлиги учун дарслар ўтилмаяпти, натижада ўқувчилар давомати пасайиб кетмоқда. Бундай мазмундаги шикоятлар кейинги кунларда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келмоқда.

Андижон, Самарқанд ва Хоразм вилоятларидаги уч мактабнинг сайлов билан банд бўлган раҳбарлари ҳар бир мактабдан бир неча нафардан ўқитувчи сайлов комиссияси ишига жалб этилганини эътироф этди. Уларнинг айтишича, ўқитувчилар асосий иш жойидан озод қилинган, улар ўтиши керак бўлган дарсларни бошқа ўқитувчилар ўтмоқда.

Марказий сайлов комиссиясининг очиқ ҳужжатларидан 24 октябрда ўтказиладиган президент сайловининг асосий юки мактабларга тушаётгани маълум бўлди.

"Дарслар ўтилмаяпти. Болалар келажаги нима бўлади?"

Президент сайлови педагогларнинг турли даражадаги йиғилишлари кун тартибининг асосий масаласига айланганига оид дастлабки хабарлардан бири Андижондан келган:

“Шу кунларда Андижон туман халқ таълими бўлими мудири турли топшириқлар билан мактаб директорларини билан йиғиб мажлис ўтказмоқда. Ҳозир мактаб директорларининг аксарияти сайлов участкасида масъул қилиб тайинланган...”

Андижон вилоятининг бошқа тумани – Олтинкўлдан келган хабар муаллифи ўқитувчи эканлигини билдирар экан, ўзи ишлайдиган мактабдаги вазият ҳақида ёзади:

“Олтинкўл туманидаги ... (мактаб рақами Озодликка маълум) ўқитувчиларини сайловга ўтказишган. Дарслар ўтилмаяпти. Болалар келажаги нима бўлади? Сайловга олиш шартмиди ўқитувчиларни?! Ё ўрнига бошқа ўқитувчи қўйиб қўйсин!”

Ўқитувчилар сайловга жалб этилгани ўқув жараёнига салбий таъсир қилаётганига оид яна бир шикоят Самарқанднинг Каттақўрғонидан келди.

“Мактабимиз директори сайлов участкаси раиси қилиб тайинланган. Юқори синфларда давомат жуда пасайиб кетган. Олдинроқ бир шикоят ёзувдик. Текширувчи келди, вазиятни кўрди, лекин кўзини юмиб кетаверди. Ўшанда “Маънавият бўйича директор ўринбосари бир ойдан бери йўқ. директор сайлов билан овора” деган мазмундаги мактубимиз ижтимоий тармоқларда чоп этилган эди”.

"Сайловдаги ўқитувчи дарсини бошқа ўқитувчи ўтяпти"

Шикоятларда тилга олинган мактаблар ва айни пайтда сайлов участкалари билан боғланиб бўлмади. Бироқ бу икки тумандаги бошқа мактаб-сайлов участкалари билан боғландик.

Олтинкўл туман, Янги чек маҳалласидаги 12- мактаб биносида жойлашган 590- сайлов участкаси телефонни кўтарган ходиманинг айтишича:

“Мактаб ходимларидан 7 киши комиссия ишига жалб қилинган, улардан 3 нафари ўқитувчи, техник ходимлар, лаборантлар ҳам бор. Ўқитувчилар асосий ишидан озод қилингани учун улар ўтадиган дарсларни бошқа ўқитувчилар қоплаяпти”.

Озодликнинг “Сайловга жалб қилинган ўқитувчилар дарсини ўтаётган ўқитувчилар қўшимча ҳақ оладими”, деган саволига ходима кулиб “Йўўқ”, деди. Бироқ бошқа вилоятлардан олинган жавобларга қараганда, қўшимча дарс учун соатбай ҳисобида ҳақ тўланади.

Ходиманинг айтишича, 590- сайлов участкасига жалб қилинган ўқитувчилар “бугун (18 октябрь – таҳр.) сайловга таклифномаларни тарқатишга чиқиб кетган”.

Каттақўрғон туманидаги 7- мактабда 401- сайлов участкаси жойлашган. Участка телефонини кўтарган ходимнинг айтишича, сайлов комиссияси аъзоларининг (ҳаммаси бўлиб 13 киши) 30 фоизи мактаб ходимлари, шу жумладан ўқитувчилардир.

“Ўқитувчилар сайлов комиссияси таркибида ишлаши учун асосий иш жойидан озод қилинган. Уларнинг дарсларини ўтиш бошқа ўқитувчиларга юклатилган ва уларга қўшимча иш ҳақи тўланади. Комиссия ишида қатнашаётган ўқитувчиларга ҳам қўшимча иш ҳақи тўланади”.

Хоразм вилоят, Хонқа туманидаги 17- мактабда жойлашган 415- сайлов участкаси ходимининг жавоблари ҳам унинг олтинкўллик ва каттақўрғонлик ҳамкасби жавобларидан фарқ қилмади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарорига биноан участка сайлов комиссиялари округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида 40 кун қолганида тузилади. Озодлик суҳбатлашган комиссиялар аъзоларининг айтишича, “ўқитувчилар бу ишга жалб этилганига 40 кунча бўлиб қолди”.

Сайлов участкаларининг 70 фоизи мактабларда

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг овоз бериш учун ҳамда участка сайлов комиссиялари учун биноларни ажратишни тартибга солувчи 49-моддасида:

“Давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун зарур бинолар ва жиҳозларни сайлов комиссиялари ихтиёрига бепул бериб туриши шарт”, дея қайд этилган.

Яъни Кодексда сайловлар мактабларда ўтказилади, деган меъёр йўқ. Бироқ амалда Ўзбекистонда сайлов участкаларининг тақрибан 80 фоизи мактаблар ва бошқа ўқув юртларида жойлаштирилади.

Масалан, Марказий сайлов комиссияси расмий сайти сайлов участкалари тўғрисидаги маълумотлар саҳифасининг Қорақалпоғистонга оид қисмининг биринчи бетида кўрсатилган 20 та сайлов участкасидан 18 таси мактабларда, 1 таси техникумда жойлашган.

Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистон бўйлаб жами сайлов участкалари сони 10 минг 761 та бўлиб, уларнинг 7 минг 563 таси умумий таълим мактабларида, 709 таси коллеж-лицейларда, 1 таси болалар боғчасида, 445 таси даволаш профилактика муассасаларда, 2 минг 43 таси бошқа ташкилот ва муассасаларда жойлашган.

“Сайлов кампанияси даврида мактабда ишлаш ўта оғир. Айниқса, ҳам мактаб раҳбари, ҳам сайлов комиссияси раиси бўлиб қолсангиз, ҳаётингиз сайловдан иборат бўлиб қолади. Мактабнинг иши иккинчи эмас, учинчи, тўртинчи планга ўтиб қолади. Ярим тунда уйқудан уйғотиб сўрашса ҳам, жавобингиз тайёр бўлиши керак. Мана энди пенсияга чиқиб, бу ташвишлардан қутулиб қолдим” деди узоқ йиллар участка сайлов комиссиясига раислик қилган Тошкент вилоятилик собиқ мактаб директори.

Озодлик аввалроқ сайлов участкаларини безаш ишлари ҳам ўқитувчиларга юклангани ҳақида ёзган эди. Қашқадарё вилояти Халқ таълими бошқармаси мулозими ўқитувчилар сайлов жараёнига жалб этилаётганини Озодликка тасдиқлаган, аммо бу ихтиёрий равишда амалга оширилаётганини айтган.

“Ҳар битта вилоятдан 300та ўқитувчи бу жараёнда қатнашади. Комиссия аъзоси ёки кузатувчи сифатида бу ишга жалб этилади. Улар учун 15 кунлик махсус ўқув машғулотлари ташкиллаштирилган. Ихтиёрий бу, ҳеч ким уларни мажбурламайди ва ўқиш жараёнига буни таъсири бўлмайди. Мактабларда сайлов участкаларини жиҳозлаш давлат бюджети ҳисобидан қилинади, ўқитувчилар зммасига юкланган эмас бу”, - деган бошқарманинг Озодлик суҳбатлашган мулозими.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари ва пойтахт Тошкентда ҳам муаллимлар сайлов жараёнига сафарбар этилган.

Ўзбекистон Сайлов кодексининг 99-моддасида Марказий сайлов комиссиясини, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияларини, округ ва участка сайлов комиссияларини сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича молиялаштириш Ўзбекистон Давлат бюджетидан амалга оширилиши айтилган.

Сайлов комиссиялари ишига жалб этиладиган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Сайлов-21: "Калла Кесган" Мирзиёев Иқрори
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:45:41 0:00
XS
SM
MD
LG