Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:30

БМТ Шаҳрисабзни таҳдид остида қолган тарихий шаҳарлар рўйхатига киритди


Шаҳрисабзнинг Эски шаҳар қисмида янги ва замонавий биноларнинг қурилиши¸ БМТ мутахассислари хавотирига кўра¸ қадим шаҳарнинг тарихий қиëфасини бутунлай ўзгартириб юбормоқда.
Шаҳрисабзнинг Эски шаҳар қисмида янги ва замонавий биноларнинг қурилиши¸ БМТ мутахассислари хавотирига кўра¸ қадим шаҳарнинг тарихий қиëфасини бутунлай ўзгартириб юбормоқда.

БМТ қошидаги Жаҳон мероси қўмитаси Ўзбекистондаги Шаҳрисабз шаҳрини йўқолиш таҳдиди остида қолган тарихий шаҳарлар рўйхатига киритди. Шаҳарда сайëҳлар учун инфратузилма барпо этиш иддаоси билан қилинаётган ишлар номақбул деб топилди. Маълум бўлишича, бош вазир Мирзиёев қарори билан Шаҳрисабзда бошланган қурилиш ва таъмирлаш ишлари ЮНЕСКО билан келишилмаган ҳолда амалга оширилган.

Шаҳрисабз хавф остида

Жаҳон мероси қўмитасининг Истанбулда ўтаётган 40-сессиясида Шаҳрисабз шаҳрини ҳар хил қурилишларнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетгани боис хавф остидаги тарихий шаҳарлар рўйхатига киритди.

Қўмитанинг 13 июль кунги йиғинида 2000 йиллик тарихга эга Шаҳрисабзнинг темурийлар даврида қурилган Эски шаҳар қисмида сайëҳлар учун инфратузилма барпо этиш иддаоси билан бу ердаги тарихий обидаларни бузиш жараëни юзасидан жиддий хавотир билдирилди.

“Шаҳрисабз марказида замонавий бино ва меҳмонхоналар қуриш шаҳарнинг қадимий қиëфасини бутунлай ўзгартириб юборади”¸ дейилади қўмита расмий баëнотида жумладан.

Жаҳон мероси қўмитаси ЮНЕСКОдан Шаҳрисабздаги тарихий обидаларга еткизилган зарар кўламини баҳолаш ва тузатиш учун кўриладиган чора-тадбирларни тавсия қилиш мақсадида Ўзбекистонга махсус экспертлар гуруҳини юборишни сўради.

“Бундай қарорни кутмагандик”

Ўзбекистон Маданият ва Спорт ишлари вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш Бош бошқармасидан олинган маълумотга кўра, Истанбулдаги йиғинда Шаҳрисабз мавзуси кўтарилишидан хабардор бўлишган:

“Лекин ЮНЕСКОнинг Шаҳрисабз бўйича бундай қарор беришини умуман кутмагандик. Йиғинда иштирок этаётган вакилларимизга сессияда жуда қисқа вақт ажратишди. Уларда вазиятни тушинтириш имкони кам бўлди. Лекин бу ҳали қўмитанинг якуний қарори эмас. ЮНЕСКОнинг махсус комиссияси келади, вазиятни ўрганади. Кейин комиссия ўз тавсияларини беради”, деди бошқарма мулозими.

Шаҳрисабздаги қурилишлар ЮНЕСКО розилигисиз бошланган

Шаҳрисабзда кейинги икки йил ичида бўлаётган қурилишлар Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг "Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида амалга оширилаяпти.

2014 йилнинг 20 февралида қабул қилинган мазкур қарорда Шаҳрисабздаги тарихий-меъморий обидалар комплексини таъмирлаш ва шаҳар марказини қайта қуриш назарда тутилган. Ушбу қарорни бажариш мақсадида шаҳардаги ўнлаб тарихий ёдгорликлар таъмирланди ва ёдгорликлар атрофида замонавий инфратузилмалар барпо этилди.

2000 йилдан зиёд тарихга эга Шаҳрисабз 2000 йилда ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган.

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш Бош бошқармасидан олинган маълумотга кўра, Шаҳрисабздаги бу қурилишлар борасида ЮНЕСКО билан келишилмаган:

“Шаҳрисабзда бўладиган барча қурилишлар ва ўзгаришлар албатта ЮНЕСКО билан келишилган ҳолда бўлиши керак. Албатта шаҳардаги қурилишлар генпланда кўрсатилган. Бу тегишли ташкилотлар томонидан муҳокама қилинди. Лекин ЮНЕСКО бу муҳокамаларда қатнашмади. Ҳозир энди қўмитанинг бундай қарорга келишига уларга қурилиш ҳақида олдиндан хабар берилмагани сабаб бўлди шекилли”, деди бошқарма мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

ЮНЕСКО Шаҳрисабздаги қурилишларни тўхтатиб қўйди

Мулозимнинг айтишича, жорий йил март ойида ЮНЕСКО Шаҳрисабздаги қурилиш ва таъмирлаш жараёни билан танишиш учун ўз экспертларини жўнатган ва шундан сўнг қурилишлар тўхтатилган:

“Мартда бир гуруҳ экспертлар келишди. Ўрганиб, кейин тавсияларини беришди. Шаҳрисабз бўйича вазиятни 40-сессияда кўтарамиз дейишди. ЮНЕСКО расман мурожаат қилгач, шаҳардаги қурилишлар 3 ой аввал тўхтатилди”, деди исмини очиқламаётганимиз мулозим.

Кўҳна Шаҳрисабз

Қадим ипак йўли бўйида жойлашган Шаҳрисабз 14-15 асрларда Кеш минтақасининг маданий ва сиëсий маркази бўлган.

Ҳам диний¸ ҳам дунëвий обидалар мажмуаси боис 2000 йилда Жаҳон мероси қўмитаси томонидан дунëдаги тарихий шаҳарлар рўйхатига киритилган Шаҳрисабз Амир Темур даврида сиëсий аҳамиятининг энг юксак даврига кўтарилган эди.

Кейинги йиллар давомида Бош вазир Шавкат Мирзиëев қарори асосида Шаҳрисабзнинг қадимий марказида ҳам кенг кўламли қурилиш лойиҳалари амалга оширилмоқда ва қадимий Эски шаҳар қисми ҳам замонавийлаштирилмоқда.

Шаҳрисабз марказини қайта қуриш жараёни билан боғлиқ Озодликка кўплаб мурожаат ва шикоятлар келиб тушган. Аксар шикоятларда аҳолининг бузилаётган уйларига товон пули тўланмаётгани, ер участкаларининг вақтида берилмаётгани ёки умуман берилмаётгани айтилган эди.

XS
SM
MD
LG