Линклар

Саммит кунлари пикет қилиши мумкинлар алоҳида назоратга олинди


Аксар ҳуқуқ фаоллари уйи олдида милиция ходимлари навбатчилик қилгани айтилаяпти.

Аксар ҳуқуқ фаоллари уйи олдида милиция ходимлари навбатчилик қилгани айтилаяпти.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари¸ қолаверса¸ адолатсизликдан норози бўлиб¸ президент маъмурияти биносига олдиган боришни хаëл қилганлар Тошкент саммити кунлари уй қамоғига олинди¸ ëки милиция бўлимида ҳибсда сақланди. Ҳукумат шу тарзда ШҲТ саммити кунлари Ўзбекистон имижига соя солиши мумкин кичкина кўнгилсизликлар олдини олди.

23-24 июнь кунлари Тошкент шаҳри ва вилоятидаги фуқаролик жамияти фаоллари¸ шунингдек¸ бўлаëтган адолатсизлик ва қонунбузарликларга очиқ эътироз билдиришга жазм қилган оддий фуқаролар милиция ва МХХ ходимларининг алоҳида назоратига олинди.

Ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов¸ ўзининг ШҲТ саммити кунлари ҳеч қандай пикет ëки бошқа тадбир ўтказиш режаси йўқлигига қарамай¸ Шайхонтоҳур туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан уй қамоғига олинганини айтади:

- ШОС муносабати билан уй қамоғида ўтирибман¸ ҳеч қаерга чиқаришмайди. Кеча эрталаб участковой эмас¸ жиноят-қидирув бўлими болалари келиб¸ юринг сизни РОВДга олиб кетамиз¸ деди. Мен уйдан чиқмайман¸ ишимни қилиб ўтираман¸ деганимдан кейин¸ кетишди. Агар чиқсангиз¸ олиб кетамиз¸ деди. Бугун эрталаб яна биттаси келди¸ фамилиясини айтмади. Кимлигимни билмоқчи бўлсангиз¸ юринг РОВДга деди. Бугун ҳам чиқмай ўтиринг¸деб огоҳлантириб кетди¸ дейди Шуҳрат Рустамов.

Ҳуқуқ фаоли бундай алоҳида назоратнинг фуқаролик жамияти вакиллари учун янгилик эмаслиги ва ҳар гал Тошкентга кимдир келса¸ ўзларининг уй қамоғига олиниши анъанага айланганини айтади.

Журналист ва ҳуқуқ фаоли Малоҳат Эшонқулова айни кунларда Самарқандда бўлишига қарамай¸ унинг Тошкентдаги квартирасига ҳам участковой ва милиция ходимлари махсус ташриф билан келишган.

- Паспорт режими¸ деб келишди. Биринчи подъездком келди. Ойимни сўради¸ қаерда¸ нима қилаяпти¸ қачон келади¸ деб. У кетгандан 10 минут ўтиб¸ ўзини ҳокимиятдан деб таништириб¸ исми-шарифини айтмаган фуқаролик кийимидаги яна иккитаси келди. Квартира кимнинг номида¸ пропискада ким¸ паспортлари қани¸ деб сўрашди¸ дейди Малоҳат Эшонқулованинг қизи Зарҳала Ҳакимова.

Бу суҳбатдош¸ ШҲТ саммити муносабати билан Тошкент бўйлаб текширувлар бўлгани ва бўлаëтганидан хабардолигини айта туриб¸ онаси Малоҳат Эшонқулова фаолияти боис¸ ўз оиласининг алоҳида назорат ва текширувда эканини таъкидлади.

ШҲТ саммити кунлари Тошкент шаҳри ва унга туташ Тошкент вилояти ҳудудлари кўча-кўйларини тўлдирган милиция ходимлари ҳуқуқ фаоллари баробарида ўз ҳаққини ҳимоя қилиш ниятида юрган оддий фуқароларни ҳам назардан четда қолдирмади.

30 яшар ўғли Ботиржон Ортиқов сохта айблар билан ноҳақдан қамалиб кетганига диққат қаратиш ва адолатсиз ҳукмни бекор қилишни сўраб турли инстанцияларга қилган мурожаатлари самара бермаганидан тушкунликка тушган пскентлик Шаҳло ва Мурод Ортиқовлар ШҲТ саммити кунлари Ўзбекистон президенти резиденцияси олдида пикет қилишни режалаган.

ШҲТ саммити кунлари Тошкент маркази¸ хусусан¸ президент резиденцияси оддий халқ учун яқинига йўлаш тақиқланган қўрғонга айланганига қарамай¸ яқинларига кўра¸ Пскент туман ички ишлар бўлими ходимлари Ортиқовларни бўлимга олиб келиб¸ уч кундан бери уларни қонуний асоссиз ҳибсда сақламоқда:

- Ота-онамни обориб қамаб қўйишди¸ ўзларини хонасига кирғизиб¸ телевизор-пелевизор қилиб¸ жой қилиб беришибди. Бугун 5 дан кейин чиқарамиз¸ деган. Лекин чиқарадими-йўқми¸ ҳали аниқмас. Кўчамизнинг бошига мелиса қўйиб¸ бизни пойлашди. Уйга келишди¸ кейин ҳозир борасизлару қайтасизлар деб алдаб¸ ота-онмни олиб кетиб¸ мана уч кундан бери ушлаб ўтиришибди. Сиëсатга қарши чиқди¸ дейишаяпти. Биз президент сиëсатига қарши чиққанимиз йўқ¸ фақат адолат талаб қилаяпмиз¸ дейди Ортиқовларнинг ўғилларидан бири.

Ортиқовларни ШҲТ саммити кунлари президент резиденциясини пикет қилиш хаëлига мажбурлаган нарса¸суҳбатдошга кўра¸ ўғиллари Ботир Ортиқовнинг бошқалар жиноятини ëпиш учун қурбон қилиб юборилганидир.

- Ботиржон қиш ойларида бор-йўқ беш ой Пскентдаги кимë омборига мудир бўлди. Унга 120 тонна селитрани ноқонуний сотди¸ деган айб қўйиб¸ 5¸5 йилга кесишди. Аслида Ботирнинг бу жиноятга умуман алоқаси йўқ. Бу селитра амалда бўлмаган¸ омборга ҳам келмаган. Ҳокимият ва мелисадагилар қалбаки қоғозларда фермерларга сотилди¸ деб расмийлаштириб¸ фермерларни қарздор қилган. Селитра умуман йўқ. 2011 йилги ҳужжатни 2014 қилиб қалбакилаштириб¸ ўзларининг айбини ëпиш учун Ботиржонни қамаб юборишди. Ҳукм қайта кўрилишини сўраб¸ Олий судгача бордик¸ натижа йўқ. Шундан тушкунликка тушган ота-онам¸ пикет қилмоқчи бўлишди. Уларни шунга қамаб қўйишди¸ дейди Ортиқовлардан бири.

23-24 июнь кунлари Тошкентда тўпланган ШҲТ саммити муносабати билан пойтахт ва унинг ëн-атрофида хавфсизлик чоралари кескин кучайтирилди¸ тошкентликлар алоҳида хаввсизлик текширувларидан ўтказилди.

XS
SM
MD
LG