Линклар

Тошкентга йиғилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти аъзолари, Россия илтимосига қарамасдан, Эронни ташкилотга аъзо сифатида қабул қилиш масаласи бўйича бир қарорга келолмадилар.

Москва ва Пекин ШҲТдан Марказий ва Жанубий Осиёда ўз таъсирини сақлаб қолиш учун платформа ўлароқ фойдаланиб келади. Аммо, Россиядан фарқли ўлароқ, Хитой ШҲТга очиқдан-очиқ аксилғарбча тузилма тўни кийдирилишини унча истамайди.

Эрон анчадан буён ШҲТга аъзо бўлиш ҳаракатида. Россия Теҳрондан Ғарб санкциялари олиб ташланганидан кейин Эрон ташкилотга аъзо бўлиши лозимлигини уқтириб келади.

Россия президентининг ШҲТдаги махсус вакили Бахтиёр Ҳакимов бу борада Россия позицияси аниқ эканини – Москва Эроннинг тўхтовсиз ташкилотга олиниши тарафдори эканини билдирди.

Ҳакимовнинг бу баёноти Ўзбекистон пойтахти Тошкентда ШҲТ давлат раҳбарлари саммити очилган куни, яъни 23 июнда янгради. Эроннинг ШҲТга қабул қилиниши юзасидан изоҳ бераркан, Ҳакимов бу масалада “принципиал эътирозлар йўқ”лиги, бу жараённи қачон бошлашга оид “техник нюанслар” борлигини қайд этди, бироқ гап қанақа нюанслар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади.

Хитойлик дипломатлар бу борадаги музокаралар юзасидан изоҳ бермаяптилар, бироқ Хитой ташқи ишлар вазири Ван И “Пекин бошқа масалаларга киришишдан олдин ШҲТга Ҳиндистон ва Покистоннинг қабул қилинишига диққат жамлашни истаётгани”ни айтган.

Ҳозирда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Хитой, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзо.

ШҲТнинг асосий вазифалари барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, террорчилик, айирмачилик, экстремизм, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдосига қарши кураш, илмий ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш экани айтилади.

Бугун Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг асосий қисми бўлиб ўтади.

Саммитга йиғилган президентлар дастлаб тор доирада, сўнгра делегациялар иштирокидаги кенгайтирлган тартибда йиғилиш ўтказади.

Саммит якунида Тошкент декларацияси, ташкилотнинг 2016-2020 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режаси ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинади.

Ташкилотга аъзо давлатлар президентлари ЕврОсиё маконидаги интеграциявий лойиҳалар, жумладан, ЕврОсиё иқтисодий иттифоқи ҳамда Ипак йўлининг иқтисодий камари лойиҳаларини муҳкоама қилади.

Тошкент саммитида Ҳиндистон ва Покистонни ташкилотга қабул қилиш жараёнининг сўнгги босқичи якунланади. Мазкур давлатлар Қозоғистонда 2017 йилнинг июнида ўтадиган ШҲТнинг навбатдаги саммитида ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида иштирок этади.

24 июнь куни Россия ва Ўзбекистон президентларининг учрашуви ўтказилиши ҳам режалаштирилган эди. Бироқ президентлар Ислом Каримов ва Владимир Путин режалаштирилганидан бир кун олдин Тошкентда учрашди.

Кремль матбуот хизматининг билдиришича, Каримов ва Путин учрашуви жума куни эрта тонгда ШҲТ саммити олдидан бўлиб ўтиши режалаштирилган эди. Аммо Москванинг ташаббуси билан президентлар 23 июнь куни учрашган.

Икки давлат раҳбарлари Россия-Ўзбекистон ҳамкорлиги истиқболлари, ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган. Путин саммит олий даражада уюштирилганини таъкидлаб ўтган.

Пайшанба куни Ислом Каримов ШҲТ саммитига келган Тожикистон ва Туркманистон президентлари, Ҳиндистон Бош вазири билан ҳам учрашди.

ШҲТ саммитига келган делегациялар аъзоларига пайшанаба куни кечқурун катта концерт ҳам намойиш этилди.

Тошкентда амалга ошиши кутилган тарихий аъзолик рўëбга чиқмади

Тошкентга келган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат президентлари 23 июнь куни икки кунлик саммитнинг биринчи йиғинига тўпланди

.Хитой¸ Россия¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари муҳокамасидаги бош мавзунинг минтақавий хавфсизлик¸ хусусан¸ Яқин Шарқ ва Афғонистондаги жорий вазият бўлиши айтилмоқда.

Шавкат Мирзиëев қирғиз президенти Алмазбек Атамбаев билан.

Шавкат Мирзиëев қирғиз президенти Алмазбек Атамбаев билан.

Тошкент саммитида ШҲТда кузатувчи мақомига эга Ҳиндистон¸ Покистон¸ Афғонистон¸ Беларус¸ Эрон ва Мўғулистон раҳбарлари¸ қолаверса қўшни Туркманистон президенти ҳам меҳмон сифатида ҳам иштирок этмоқда.

Тошкент саммитида Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТ аъзолигига расман қабул қилиниши кутилаëтган эди.

Аммо Кремль тарқатган хабарга кўра¸ Тошкентда бу икки давлатни 2017 йилда аъзоликка қўшиш масаласи муҳокама қилинади¸ холос.

Шунингдек¸ Тошкент саммитида Эронни ҳам келажакда ШҲТга аъзо қилиш масаласининг кўриб чиқилиши айтилмоқда.

Мирзиëев аэропортда¸ Каримов Форумлар саройида меҳмонларни қарши олди

23 июнь куни тонгда Ўзбекистон пойтахтига Туркманистон¸ Тожикистон ва Мўғулистон президентлари келди.

Мирзиëев туркман президенти билан.

Мирзиëев туркман президенти билан.

Тошкент халқаро аэропортига бирин-кетин қўнган Туркманистон¸ Тожикистон¸ Қирғизистон¸ Қозоғистон¸ Мўғулистон ва бошқа давлат ва ҳукумат раҳбарларини Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëев кутиб олди.

Меҳмон давлат президентлари матбуот хизматлари эълон қилган хабар ва суратлардан¸ уларни саммит бошланиши арафасида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қарши олгани кўрилади.

Мезбон Ислом Каримов меҳмон Имомали Раҳмон билан.

Мезбон Ислом Каримов меҳмон Имомали Раҳмон билан.

Саммитга келган президентлар билан Ўзбекистон президенти алоҳида учрашувлар ўтказди. Хусусан¸ саммит расман очилиши олдидан Ислом Каримов Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан қисқа учрашув ўтказди. Йиллардан бери ўзаро муносабатлар ўта совуқлигича қолаëтган икки қўшни давлат президентининг Тошкентда табассум билан бирга тушган суратлари эълон қилинди¸ уларнинг ўзаро муносабатларни муҳокама қилгани айтилди.

Путин ҳаммадан кейин келиб¸ ҳаммадан олдин кетади?

Тошкентга тушдан кейин етиб келган Россия президенти Владимир Путиннинг бугун Ўзбекистон ва Хитой президентлари билан алоҳида учрашув ўтказиши¸ шунингдек¸ Россия-Хитой-Мўғулистон ҳукуматлари ўртасидаги уч томонлама йиғинда қатнашиши белгиланган. Уч томонлама музокараларда Россия¸ Хитой ва Мўғулистон ўртасида 30 дан ошиқ лойиҳани ўз ичига олган иқтисодий коридор ташкил этиш дастурига оид келишувнинг имзоланиши кутилмоқда.

Путинни ҳам Тошкент аэропортида Мирзиëев кутиб олди.

Путинни ҳам Тошкент аэропортида Мирзиëев кутиб олди.

Путиннинг Тошкентда Ислом Каримов билан алоҳида учрашиши белгиланган.

Владимир Путиннинг 24 июнь куни ШҲТ саммити тугаши билан расмий сафар билан Пекинга учиб кетиши белгиланган.

Тошкент саммитида ШҲТ аъзолигига қабул қилиниши кутилган (сўнгги хабарларга кўра¸ 2017 йилга қолдирилган) Покистон президенти Мамнун Ҳусайн 22 июнь куни Ўзбекистон сафарини Самарқанддан бошлади.

23-24 июнь кунлари Тошкентда ўтадиган ШҲТга аъзо давлат раҳбарлари йиғинида шунингдек Афғонистон президенти Ашраф Ғани¸ Беларус президенти Александр Лукашенко¸ Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ва Эрон Ташқи ишлар вазири Жавад Зарифлар ҳам иштирок этмоқда.

Қирғизистон¸ Қозоғистон¸ Покистон ва Тожикистон раҳбарлари Ислом Каримов билан бирга.

Қирғизистон¸ Қозоғистон¸ Покистон ва Тожикистон раҳбарлари Ислом Каримов билан бирга.

Шанхай бешлигининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига айланганининг 15 йиллиги нишонланадиган Тошкент саммитида БМТ¸ МДҲ ва Жануб-шарқий Осиë давлатлари уюшмаси расмийлари ҳам қатнашмоқда.

Арманистон¸ Озарбайжон¸ Камбоджа¸ Непал¸ Туркия ва Шри ланка ШҲТнинг мулоқот шерикларидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG