Линклар

logo-print

23-24 июн кунлари Тошкентда ўтиши кутилаётган ШҲТ саммити олдидан пойтахтда ваҳима кучайган: Тошкентга кириш ва чиқиш йўллари бутунлай беркитилиши мумкин.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот тизимларидаги бир-биридан мустақил манбалари, бу хабарни тасдиқлади.

Улардан бирининг айтишича, ҳукуматнинг махсус рухсатномаси билангина, саммит пайтида Тошкент шаҳрига кириш ва чиқиш мумкин бўлади.

Аввалроқ "Новости Узбекистана" веб сайти ШҲТ саммити хавфсизлигини таъминловчи хизматлар саммитдан бир ҳафта муқаддам, "фуқаролар учун Ўзбекистон пойтахтига кириш ва чиқишни тақиқлашга" қарор қилгани ҳақида хабар тарқатганди.

Хабарда ушбу қарор "олий даражадаги халқаро анжуманларни ўтказиш борасида жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда" олингани таъкидланган.

Шаҳарга киришни чеклаш барча турдаги автомобиллар ва темир йўл транспортига, шунингдек, баъзи авиахизматларга ҳам талуқли бўлади, деб ёзади "Новости Узбекистана" веб сайти.

Тошкент ичидаги барча жамоат транспортлари "жадвалда белгиланган тартибда ҳаракатини давом эттиради".

Ўзбекистон пойтахтига кириш ва чиқишга жорий қилинган вақтинчалик тақиқ ШҲТ саммити ниҳоя топиши билан бекор қилинади.

"Вилоятдагиларнинг шўрига шўрва тўкилди"

Ички ишлар вазирлигидаги Озодлик манбасининг айтишича, шу ой бошидан буён барча ҳуқуқ-тартибот тизимлари казарма ҳолатига ўтган.

"Казарма ҳолатига ўтганмиз. Уйга кунига бир-икки соатга бораяпмиз, холос. Шу саммитни деб тиним йўқ," деди Ички ишлар вазирлигидаги манба.

Тошкент давлат педагогика университети ўқитувчисининг айтишича, пойтахтда “қаттиқ тадбирлар кетаяпти”.

"Текширувлар кўп жудаям. Ҳар қадамда милиция. Тўп-тўп бўлиб юришибди. Ҳайрон бўласиз, шунча милиса қаердан пайдо бўлди, деб. Айниқса кечқурун милиция хилватроқ жойда соат 10 дан кейин юрган одамларни олиб кетаяпти. Ҳужжатсиз шаҳарда юриб бўлмайди," дейди у.

Сирдарё вилояти маркази – Гулистондан қатнаб, Тошкент бозорларидан бирида савдо қилувчи собиқ муҳандиснинг айтишича, Тошкентда доимий рўйхатдан ўтмаганлар чиқариб юборилаяпти.

"Вилоятдан келганларнинг шўрига шўрва тўкилди. Тошкентдан бўлмаганларни чиқариб юборишаяпти. Шу кунларда катта-катта жарима белгиланибди – 500 мингдан бошланаркан. Бош кўтариб юролмайсан. Пана-панада писиб, қўрқиб юрибмиз жиноятчига ўхшаб," дейди собиқ муҳандис.

Текширувлар: Олийгоҳдан масжидгача

Озодлик боғланган Тошкент университет битирувчиси ўқиш ва давлат имтиҳонлари бу йил муддатидан олдин тугашини айтди.

"Ҳар йили 1 июлга бориб тугарди ўқиш. Бу йил 20-22 июнларга тугашини кутаётгандик. Охирги муҳлат шу эди. Лекин дарслар 10 июнда тугади. Домлалар кетинглар, дейишди. Деканимиз, замдеканлар 10 июнда ҳеч ким қолмасин ўқишда, дейишди. Шанхай саммити сабабли экан", деди Тошкентдаги олийгоҳ битирувчиси.

Тошкентлик нафақахўрнинг айтишича, текширувлар масжидларга киришда ҳам ўтказилмоқда.

"Таровеҳдан қайтасиз. Масжидлар олдида 7-8 та милиса туради. Кираётганларни битта-битта сканнер билан текшириб киритаяпти. Катталарни ўтказиб юбораяпти. Кўриниши ишонч уйғотадиганларни шундай ўтказиб юбораяпти. Илгари битта иккита милиса турадиган бўлса, ҳозир 7-8 милиса турибди," деди Тошкентлик нафақахўр.

Наманган шаҳридан Тошкентга қатновчи киракаш сўзларига кўра, "таксичилар ҳам ташвишга тушган".

"Ҳайронмиз ўша куни нима бўларкин деб. Қамчиқ довони Фарғона водийсини Тошкент билан боғлаб турадиган ягона йўл бўлса. Кимдир беморини олиб келиши мумкин, кимнидир зарур иши чиқиши мумкин. Довон бир соат ёпилса, юзлаб машиналар тирбанд бўлиб қолади. Тошкент беркитилса, нима бўларкин, тасаввур ҳам қилиш қийин," дейди ҳар куни Фарғона водийсидан Тошкентга қатновчи таксичи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG