Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:47

Ўзбекистоннинг собиқ 1- раҳбари Иномжон Усмонхўжаев реабилитация қилинди


 Иномжон Усмонхўжаев.
Иномжон Усмонхўжаев.

1983-88 йилларда Ўзбекистонни бошқариб¸ сўнгра “пахта иши” бўйича қамалиб чиққан Иномжон Усмонхўжаев устидан СССР Олий суди 1989 йилда чиқарган ҳукм¸ 18 ноябрь куни Ўзбекистон Олий суди томонидан бекор қилингани Озодликка бугун маълум бўлди. Озодлик билан суҳбатда 86 яшар Усмонхўжаев¸ бу қарорни 25 йил кутганини айтиб¸ ниҳоят адолат қарор топганидан мамнунлик билдирди.

Ўзбек суди СССР суди ҳукмини 27 йил ўтиб¸ бекор қилди

Ўзбекистон Олий суди Пленумининг 18 ноябрь кунги қарори билан ҳозирда 86 ëшда бўлган Иномжон Усмонхўжаев устидан советлар маҳкамаси чиқарган ҳукм ҳам¸ унга нисбатан очилган жиноий иш ҳам бекор қилинди.

Ўзбекистон Олий суди Пленумининг 18 ноябрь кунги қарори нусхаси.
Ўзбекистон Олий суди Пленумининг 18 ноябрь кунги қарори нусхаси.

Нусхаси Озодликка етиб келган бу қарорда¸ “собиқ СССР Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов коллегиясининг 1989 йил 27 декабрдаги Сизга оид ҳукми бекор қилиниб¸ жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодескининг 83-моддаси 1-бандига асосан тугатилгани маълум қилинади”¸ деб ëзилган ва унга Олий суд раиси ўринбосари Р. Обидов имзо қўйган.

Тарихнинг қоронғу саҳифаси ëпилди

Озодлик билан суҳбатда 86 яшар Иномжон ота¸ Ўзбекистон Олий суди қарорини 25 йил кечиккан адолат тантанаси сифатида баҳолади:

- Бу кунни 25 йил кутдим. Нега бунча чўзилганини ўтган бошлиқларнинг ўзлари билади. Бу нафақат мен учун¸ балки “ўзбек иши” бўйича адолатнинг қарор топиши. Ўзи бу иш ўта ëмон ва хато иш бўлган. Бундай қарор учун бугунги раҳбарларга миннатдорчилик билдираман¸ деди Озодлик билан суҳбатда Иномжон Усмонхўжаев.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:36 0:00
Бевосита линк

1983 йилнинг 3 ноябридан 1988 йилнинг 12 январигача Ўзбекистон ССР Компартияси биринчи котиби сифатида ишлаб, 1988 йил октябрида “пахта иши” бўйича қамалган Иномжон Бузрукхўжаевич Усмонхўжаев 1990 йили озодликка чиқарилган эди.

Усмонхўжаевни оқлаш нега бунча узоққа чўзилди?

“Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг Иномжон Усмонхўжаев Одиловлар ҳам Ўзбекистонга олиб келиниб¸ жазодан озод этилган эди, лекин оқланмаган, реабилитация қилинмаган”¸ деб эслайди фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев:

- “Пахта иши” бўйича қамалганларнинг кўпчилиги мустақилликдан кейин оқландию¸ негадир Иномжон ака реабилитация бўлмади. Бунинг сирини энди Каримов ўзи билан қабрга олиб кетди. Иномжон ака билан суҳбатларда бунинг сабабини суриштирганман. “Сиз 1-котиб бўлиб ишлаганингизда¸ Каримовга бирор ëмонлик қилганмидингиз”¸ деб ҳазиллашиб ҳам сўраб кўрганман. У киши: “Aксинча¸ унга яхшилик қилганман. Уни шахсий масъулиятни бўйнимга олиб¸ Горбачëвга тавсия қилмаганимда Қашқадарëга обком котиби бўлмасди”¸ деб гапирган у киши¸ дейди Абдусалом Эргашев.

Пахта иши

70- йиллар охиридан бошлаб, иқтисодий ва коррупцияга оид жиноятлар юзасидан Ўзбекистон ССРда олиб борилган “пахта иши”¸ “ўзбеклар иши” номини олган жиноий ишлар доирасида Москвадан келган терговчи Тельман Гдлян ва Николай Иванов томонидан 800 дан ошиқ жиноят иши очилган, улар бўйича мамлакат 1-раҳбари Усмонхўжаевдан тортиб¸ пахта заводлари директорларию бригадирларга қадар жами 4000 дан ортиқ одам турли муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Аммо 1989 йили СССР Халқ депутатлар 1-съезди кунларида Гдляннинг тергов усуллари жиддий танқид остига олиниб, Ўзбекистонда тергов олиб боришда қонун бузилиши юзасидан унга нисбатан жиноят иши очилди. 1990 йилда КПСС сафидан чиқарилган Гдлян бош прокуратурадан ҳайдалган эди. 90 йил декабрида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов “ўзбек иши” бўйича республика ҳудудида жазо муддати ўтаётганларнинг ҳаммасини жазодан озод қилган эди.

1991 йилги расмий маълумотларга кўра¸ Ўзбекистон мустақил бўлиши арафасида Ўзбекистон совет социалистик жумҳурияти Олий суди президиуми томонидан “пахта иши” бўйича жиноий жазога тортилганлар иши қайта кўриб чиқилиб¸ 1207 судланувчи оқланган.

Усмонхўжаев даврига Каримов даври баҳоси

Жазодан озод қилинганидан сўнг бир муддат Фарғонадаги ун комбинатларидан бирида ишлаган Иномжон Усмонхўжаев номи Ўзбекистон яқин тарихи ҳақидада гап кетганда 25 йил давомида четлаб ўтилди.

Ўзбекистон тарихига оид интернет нашрларида Усмонхўжаев раҳбарлик қилган йилларга оид ҳозирга қадар жамоатчиликка қисқа танқидий мавжуд маълумотгина тақдим этиб келинмоқда.

Иномжон Бузрукович Усмонхўжаев (1930 йилда туғилган)

Партия арбоби. Ўрта Осиё политехника институтининг архитектура факультетини тугатган (1955). Марғилон шаҳри бош меъмори (1959), Фарғона вилояти партия комитети инструктори (1960), Фарғона вилояти ижроия қўмитаси бошқарма бошлиғи (1961), Фарғона шаҳри ижроия қўмитаси раиси (1962-64), Сирдарё вилояти партия комитети котиби (1965-69), КПСС МК инструктори (1969-72), Наманган вилояти ижроия қўмитаси раиси (1972-74), Андижон вилояти партия комитети 1-котиби (1974-78), Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми раиси (1978-83). Ўзбекистон Компартияси МК 1-котиби (1983-88).

И. Усмонхўжаев республикага раҳбарлик қилган йилларда сиёсий ва иқтисодий вазият ёмонлашди, у қатъиятсизлиги ва журъатсизлиги туфайли Марказнинг тазйиқига дош бера олмай, 1984-88-йилларда Ўзбекистоннинг кўплаб хўжалик ва партия арбобларини “пахта иши” ва “ўзбеклар иши” деган сохта сиёсий айбловлар натижасида қатағон қилинишига, халқнинг миллий ғурури ва қадриятлари камситилишига йўл қўйиб берди”¸ деган сиëсий баҳо айни кунларда ҳам ўзбек интернет нашрларида кўчириб босилмоқда.

XS
SM
MD
LG