Линклар

Ўзбекистон президентлигига асосий даъвогар деб кўрилаëтган Шавкат Мирзиëев шахси ва қарашларини билган иккинчи суҳбатдошимиз мамлакат ҳуқуқ тизимларида узоқ йиллар хизмат қилган. Бу суҳбатдош ҳам ўз шахси сир қолишини истади.

- Шавкат Мирзиëев 1992 -1994 йилларда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек районига ҳоким эдилар. Мен ўша йилларда район ҳуқуқ тизимларида ишлардим. Иш юзасидан у киши билан тез-тез кўришиб турардик¸ ўшандан бери биламан бу одамни. Ëнида юрадиган жиззахлик болалар орқали¸ бир даврада кўп марта ўтирганмиз. Яхши биламан¸ десам ҳам бўлади. Ўша пайтдан ëнида охрана билан юрарди¸ деган гап нотўғри. Ëнида доим Бахтиëр деган тошкентлик ëрдамчиси юрарди¸ тўғри. Кейин уни ўзи билан Жиззахга ҳам¸ Самарқандга ҳам олиб кетди. Бош вазир бўлгандан кейин¸ Каримов уни йўқот деди¸ ғойиб бўлди. Энди яна қайтса керак ëнига.

Ўзи Мирзиëевни Мирзо Улуғбек районига ҳоким қилган асосий одам Ғафур Раҳимов бўлади. Жуда яхши эди Ғафур билан. Кейин тез кўтарилиб¸ бош вазир бўлди. Мен жуда яхши биламан бу эпизодни - Гулнора отаси билан бу масалада қаттиқ тортишган - бир кун келиб у сени ғажиб ташлайди ("он тебя сожрëт"), деган. Шунинг учун Каримов уни қаттиқ кузатувга қўйди¸ бу ҳам шуни қилиб¸ қадамини ўта эҳтиëткор ташлаб келди. Каримов ўрнимга шу келмасин деб¸ Конституциянинг 96-моддасини ўзгартирган эди. Лекин бу барибир билганини қилди. Йўлдошевнинг президентлик муҳридан фойдаланиб¸ Тошкент клани босими билан ўзини йўқ қилиб юборишига ўрин қолдирмаслик учун¸ конституцияни четга йиғиштириб қўйди.

Ҳар хил гап-сўзлар бўлаяпти¸ лекин Мирзиëевни мен яхши одам деб биламан. Мен у киши билан Самарқандга ҳоким бўлганда ҳам бир неча марта кўришганман¸ бир даврада ўтириб¸ суҳбатлашганман. “Ўзимга ҳам ëқмайди аҳвол¸ вазият оғир¸ халқ қийналаяпти¸ одамлар четга чиқиб кетаяпти,” деган мазмунда гапирганини ўзим эшитганман. Бу одам ҳозиргача Каримовнинг исполнители бўлиб келди¸ нима деса¸ шуни қиларди. Кейинги 8-10 йил ичида нималар бўлаëтганини Каримовга айтмай қўйишганди. Айтса¸ бошига кулдон отиларди. Шунга ҳамма ëқни чолни хурсанд қилиш учун переписка қилишди. Лекин бу билади халқнинг аҳволини¸ ҳамма ëқда одамлари бор. Бу энди бошқа сиëсат юрғизади. Декабрда сайланиб олсин¸ январдан бошлайди ўзгаришларни.

Азиз муштарий! Сиз ҳам Шавкат Мирзаевни яқиндан билган-таниганлардан бўлсангиз¸ хусусан¸ ҳокимият тизимларида у билан бирга ишлаган бўлсангиз¸ Ўзбекистон президентлигига даъвогарлик қилаëтган бу шахс ҳақидаги ҳикояларингизни жамоатчилик билан ўртоқлашишингиз мумкин. Бунинг учун сайтимиз¸ ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз орқали биз билан боғланинг¸ билганларингизни бизга матн ëки овозли шаклда юборинг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG