Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:43

Ҳукумат Ўзбекистондан чиқиш тартибини яна бир қарор билан мустаҳкамлади


Вазирлар Маҳкамаси ўзининг 2015 йил, 22 октябрдаги қарори билан Ўзбекистон фуқароларининг чет давлатларга бориб-қайтишини тартибга солувчи олдинги уч қарорига ўзгартиш ва қўшимчалар киритди.

Чет элда юрган ёки сафарга ҳозирланаётган ҳар бир ўзбекистонлик билиб қўйиши зарур бўлган янги меъёрлар нималардан иборат эканлигига қизиқдик.

2015 йил, 22 октябрдаги қарор билан ўзгартиш киритилган биринчи ҳужжат 1995 йилнинг 6 январида имзоланган 8- қарордир.

Бундан 20 йил муқаддам қабул қилинган ҳужжатга фуқаро чет элга чиқиш визасисиз (чет элга бориш учун 2 йил мобайнида амал қиладиган рухсатнома ёзуви стикери) чиққани учун жавобгарликка тортилажаги тўғрисида янги меъёр киритилган.

Жавобгарлик қай ҳолатда пайдо бўлади?

Агар Ўзбекистон фуқароси Ўзбекистондан ёки Ўзбекистон фуқароси визасиз борадиган (масалан, Россияга Россиянинг визасиз боради) мамлакатдан чиқиш визасисиз (стикерсиз) кириш визаси талаб қилинадиган мамлакатга борса, жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистондан чиқиш визасисиз чиққани учун фуқаро жавобгарликка қай ҳолатда тортилмайди?

Ўзбекистон фуқароси ўзбекистонликлардан кириш визаси талаб қилмайдиган давлатларга борганда ёки шундай бир давлатдан иккинчисига борганда жавобгарликка тортилмайди.

Чала шарҳ?

Норма.уз сайти ўрганаётганимиз меъёрни мана бундай тушунтирди:

"Ўзбекистон фуқароси, чиқиш визасини расмийлаштирмасдан, масалан, Қозоғистонга борди. Бу ҳолатда у қонунни бузгани йўқ. Бироқ, Ўзбекистон фуқароси, чиқиш визаси йўқ бўлатуриб, масалан, кириш визаси талаб қиладиган Германияга Ўзбекистондан ёки Қозоғистондан нари бормоқчи бўлса, у қонунни бузган бўлади ва Жиноят Кодексининг 223- моддаси, 1- қисмида назарда тутилган жазога тортилади, яъни унга энг кам иш ҳақининг 200 баробаридан 400 баробаригача бўлган миқдорда жарима солинади".

Жазо, аслида, қаттиқроқ

Жиноят Кодекси 223- моддаси, 1- қисмининг норма.уз версиясидаги талқинида Кодекс матни тўлиқ келтирилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси lex.uz сайтига жойлаштирилган Жиноят Кодексининг 223- моддасида бундай дейилган:

223- модда. Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш

Белгиланган тартибни бузиб чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш ёхуд чегарадан ўтиш — энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шуни ҳам айтиб қўйиш керакки, “уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш” жазоси яқинда - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2015 йил 29 июлда қабул қилинган, Сенат томонидан 2015 йил 6 августда маъқулланган қонун билан қўшилган.

Чиқиш визаси муддати тугаб қолса нима бўлади?

22 октябрда имзоланган қарордаги яна бир муҳим гап будир:

чиқиш визангиз муддати чет элда юрганингизда тугаб қолса, жавобгарликка тортилмайсиз!

Яъни Ўзбекистонга бехавотир қайта оласиз;

яшаб турганингиз мамлакатдан ўзбекистонликлардан кириш визаси талаб қилмайдиган учинчи мамлакатга бехавотир бора оласиз.

Масалан, ҳозир АҚШдасиз. Лекин Ўзбекистондан олганингиз чиқиш визангиз муддати тугаб қолди. Бу ҳолатда қўрқмасдан Ўзбекистонга қайтишингиз ёки кириш визаси талаб қилмайдиган бошқа бир давлат, масалан, Россияга боришингиз мумкин. Лекин кириш визаси талаб қиладиган давлатга муддати битган чиқиш визаси билан боришингиз мумкин эмас.

Худди шундай меъёр 22 октябрда имзоланган қарор билан 1996 йил, 21 ноябрдаги 408- қарорга киритилган тўлиқламалар билан фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан ҳам жорий этилди.

2011 йил, 7 июлдаги 200- қарорда эса, Ўзбекистон фуқаролари кириш визаси талаб қилмайдиган давлатларга чиқиш визаси олмай сафар қилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

КГБ сарқити

“Чиқиш визаси” Ўзбекистонда фуқароларни назорат остида ушлашнинг Совет давридан қолган усулларидан биридир.

Постсовет мамлакатларининг деярли барчасида чиқиш визаси бекор қилинган.

Ҳукумат ўзгача фикрловчиларга чиқиш визаси бермай, яъни чет элга чиқармаслик билан жазолаб келадики, бундай фактлар тўғрисидаги хабарлар Озодлик архивида жуда кўп.

XS
SM
MD
LG