Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:13

Говорит Москва: "Мирзиёев - ўзимизнинг одам"


Ш.Мирзиёев ва В.Путин Самарқандда
Ш.Мирзиёев ва В.Путин Самарқандда

Президент Каримов вафоти ортидан Ўзбекистонда ҳокимиятнинг янги қўлга ўтгани Россия истеблишментида Ўзбекистонга нисбатан баёнотларнинг янгича риторикада янграшига сабаб бўлди. Озодлик радиоси ўзининг янги "ГОВОРИТ МОСКВА" рукнида бу баёнотларни савол остига олади.

Россия оммавий ахборот воситалари ва расмийлари Ўзбекистонда президентликка асосий номзодлардан бўлган Шавкат Мирзиёевнинг “россияпараст” экани ва Ўзбекистон яқин орада Россия билан муносабатларни яхшилашга киришишидан гапирмоқда. Сиёсий экспертлар эса Москва “кўргиси келган нарсани кўраяпти” демоқда.

Россияда Ўзбекистон ва унинг амалдаги бошқарувчиси бош вазир Шавкат Мирзиёев масаласида янгича фикр-мулоҳазалар янграмоқда. Улардан бири – “Мирзиёев россияпараст”дир ва яқин орада Ўзбекистон янги ҳукуматининг Москва билан яқинлашиши кутилмоқда, деган фикрдир.

Россиянинг ТВЦ каналидаги “Право голоса” дастурида Ўзбекистонга бағишланган навбатдаги кўрсатувда чиққан қатор экспертлар томонидан Шавкат Мирзиёевнинг “ташкилотчилик талантига” ҳамду-санолар айтилди:

- Ана ўша Шавкат Мирзиёев майда ва ўрта бизнесни кўтарган, Каримов эмас. Бу соҳада у ажойиб натижаларга эришди! Биз ЯИМга қарашга ўрганиб қолганмиз. Тўғри, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳатто Қозоғистонникидан 6 маротаба кам – 60 млрд доллар. Лекин бу рақамнинг 25 фоизи саноатда шакллантирилади. Яъни бу модернизациялашаётган мамлакат! Мана шунинг барчаси премьер Мизиёев хизматлари, деди сиёсатшунос Сергей Станкевич.

("ТВЦ" каналининг "Право голоса" кўрсатуви)

“Полит-Грамота” нашрига кўра, Мирзиёев даврида Ўзбекистон Ислом Каримов сиёсатини давом эттиради, аммо “унинг Россия Федерацияси билан муносабатларни яхшилаши эҳтимоли жуда юқори”.

Шу билан бирга, Ташқи ишлар вазирлиги Россия Мирзиёевнинг "вазиятни тўлиқ назоратга олганини" эътироф этган эди.

Россия сиёсий доиралари томонидан маҳаллий оммавий ахборот воситаларига сиздирилаётган “Мирзиёев – ўзимизники!” ғоясига рус нашрлари ва телевидениесида бир қатор “далил”лар ҳам келтирилмоқда.

Демак, бу далиллар қуйидагилардир...

“1 далил”

“Мирзиёевни ҳукуматга Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятов олиб келган”.

Замонавий Афғонистонни ўрганиш бўйича марказ мутахассиси Андрей Серенко Газета.ру нашрига берган интервьюсида Мирзиёев “қора кардинал Иноятов билан бирга мустаҳкам маъмурий бошқарувни шакллантиргани” борасида фикр юритди.

У Иноятов бош вазир ортида туриб мамлакатни бошқаришни давом эттириши, собиқ Иттифоқ КГБсидан чиққан маъмур сифатида эса Россия махфий хизматлари орқали Кремль билан яқинлашиши мумкинлигини тахмин қилди.

“2 далил”

“Шавкат Миромоновични Владимир Путиннинг ишонган одамларидан бири - россиялик мультимиллиардер ва бизнесмен Алишер Усмонов билан мустаҳкам қариндошлик ришталари боғлаб турибди.”

Россия оммавий ахборот воситалари айнан Алишер Усмонов Кремлнинг Шавкат Мирзиёев ҳукуматига ўз таъсирини ўтказиш қуроли сифатида ишлатилиши мумкинлигини гапирмоқда.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг фарзандлари бизнеси Россия билан боғлиқ экани айтилади. Мирзиëевнинг Саида исмли қизи ва унинг эри Ойбек Турсунов Москванинг бойлар яшайдиган "Рублевка" мавзесида яшаган.

“3 далил”

“Мирзиëев институтда аввалига бошланғич комсомол ташкилоти котиби бўлган. Шавкат Мирзиëев Тошкент Ирригация ва Мелиорация институти Коммунистик партия қўмитасида раҳбар¸ яъни партком лавозимига кўтарилган.”

Айрим россиялик экспертлар коммунистик Россия тарбиясини олган Шавкат Мизиёев Россия билан нафақат сиёсий-ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик, балки иқтисодий интеграцияни бошлаб юбориши мумкинлигини гапирмоқда.

“4 далил”

“Ўзбекистоннинг янги раҳбари Ислом Каримовдек мавқе ва обрўга эга эмас

Россия Геосиёсий муаммолар академияси президенти генерал-полковник Леонид Ивашов “День ТВ” телеканалига бу масалада қуйидаги фикрни билдирди:

- Мамлакат манфаатларини ҳимоя қилиш ва тенг ҳуқуқли музокараларни олиб бориш учун янги раҳбарнинг на обрўси, на имкони бор. Шу учун у излайди. Тошкент-Москва муносабатларида бизни қизиқтираётган яна бир масала – Ўзбекистон КХШТ, ЕАЭСга ва бошқа тузилмаларга қандай муносабатда бўлади? Менимча, янги ҳукумат Евросиё Иқтисодий иттифоқига қўшилиши ва икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг чуқурлашиш йўналишини танлайди, деди Леонид Ивашов.

Узбекистан. Секретные материалы. Теория заговора кўрсатувидан парча
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:41 0:00

("Звезда" каналининг "Теория заговора" кўрсатувидан парча)

Бош вазир ташқи сиёсат йўналишини белгилади

Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёев мамлакат ташқи сиёсатидаги асосий йўналишларни белгилаб беришга улгурди.

"Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида бирламчи эътибор МДҲ давлатлари билан алоқаларни ривожлантириш ва энг аввало Россия билан дўстона алоқаларни изчил ва ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган бўлади", деди Шавкат Мирзиёев.

Унга кўра, АҚШ билан ҳам ҳар томонлама манфаатли ва конструктив ҳамкорликни ривожлантиришга бирламчи эътибор берилади.

“Мирзиёев – Каримов иши давомчиси”

Айни пайтда, Россия оммавий ахборот воситалари Шавкат Мирзиёевнинг “руспарастлигига” жавобан Ўзбекистонда “ғарбпараст” сифатида Рустам Азимовни гавдалантириб келган. Вице-премьер Азимовнинг президент сайловига номзоди кўрсатилмагани ҳам Россия истеблишменти томонидан Мирзиёевнинг мутлақ ғалабаси сифатида қабул қилинаётгани маълум.

Россия ҳукумати расмий фикрини билдираётган ОАВга жавобан, Россиядаги мустақил тадқиқотчилар Мирзиёев масаласида бироз бошқа фикрда эканини гапирмоқда.

“Маржони” жамғармаси эксперти, Россия Фанлар Академияси Умумий тарих институти ва МДҲ мамлакатлари таҳлилий-тарихий тадқиқотлар маркази катта илмий ходими доцент Татьяна Котюкова Озодлик билан суҳбатда янги ҳукумат раҳбари ҳар қандай вазиятда Ислом Каримов бошлаб берган “мувозанатли” сиёсатини давом эттиради, дейди.

- Россия кучоғига ташланишдан нима наф? Афсуски, Россия иқтисодиёти жуда оғир аҳволда қолмоқда. Ҳар бир ҳаракат ортида манфаат ётади. Қолаверса, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россияда оммавий ишлаб ётибди. Янги ҳукумат АҚШ ва Хитой билан муносабатларни узиш нияти йўқлигини билдирди. Айни пайтда, Россия билан алоқалар ёмонлашишини ҳам кутманг – Ўзбекистон Каримов сиёсатини давом эттиради, деди эксперт Татьяна Котюкова.

Татьяна Котюкова охирги 25 йил давомида Ўзбекистонда олиб борилган “советлашиш ва руслашишга қарши” ҳамда “миллийлашиш” сиёсати натижа бериб, бугунги кунда Ўзбекистоннинг бир кунда “руспараст” бўлиб қолишига ишонмаслик кераклигини уқтирди.

Татяна КОтюкова билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:21 0:00
Бевосита линк

Москвадаги Карнеги тинчлик жамғармасининг Марказий Осиë бўйича етакчи мутахассиси Алексей Малашенко Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевни “Ислом Каримов давомчиси”, деб атади.

У бир вақтлар Ислом Каримов ҳам рус сиёсатчилари томонидан “руспараст” деб айтилганини эслатди.

- Биринчидан, Москва кўргиси келган нарсани кўраяпти. Иккинчидан, Ўзбекистон кўп векторли мамлакат бўлиб қолиши аниқ. Шавкат Мирзиёев Каримов ишининг давомчисидир. Тўғри, Москва нисбатан қандайдир юмшашлар кузатилиши мумкин. Аммо, Ўзбекистоннинг Россия интеграцияси доираси – Евросиё иқтисодий иттифоқи ва КХШТга кириши қанчалик ҳақиқатга мос?! Каримов сиёсати ўзини оқлади – менимча, янги бошқарувчилар ҳам Хитой, ҳам АҚШ билан муносабатларини яхшилигича сақлаб қолади. Шу сабабли, бўрттиришнинг ҳожати йўқ, дея хулоса қилди Алексей Малашенко.

Алексей Малашенко билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:08 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG