Линклар

Эдда Шлагер: Ўзбекистонда ишончсизлик ва қўрқув муҳитини кўрдим!


Эдда Шлагер.

Эдда Шлагер.

10 ноябрь куни Тошкентда қўлга олинган 44 яшар немис журналисти Эдда Шлагер 11 ноябрь куни Ўзбекистондан депортация қилинди.

Германия жамоатчилик радиоси мухбири бўлган Шлагер Озодлик билан суҳбатда Тошкентга 4 декабрда ўтадиган президентлик сайловини ёритиш ва Ислом Каримовдан кейинги Ўзбекистонда кечаётган жараёнлар билан немис жамоатчилигини таништириш учун борганлигини билдирди.

Эдда Шлагер Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитация олиш мумкин бўлмагани туфайли Тошкентга 3 ноябрь куни сайёҳлик визаси билан келгани ва жамоатчилик вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказганини билдирди.

Суҳбатдош таъкидича¸ 10 ноябрь куни уни Тошкентнинг Яккасарой туманидаги "Бек" меҳмонхонасида милиция ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимларидан иборат 4 киши ҳибсга олиб, бир неча соат сўроқ қилган ва диктофонини мусодара қилган.

"Чегара билмас мухбирлар" халқаро ташкилоти ва Германия Ташқи ишлар вазирлиги аралашуви ортидан озод этилиб, Ўзбекистондан чиқариб юборилган Эдда Шлагер Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистондаги бугунги кайфиятни Шимолий Кореяга ўхшатди:

- МХХ ходимлари мени диктофонимни олиб қўйишди. Лекин менда қулоқ бор¸ кўз бор¸ ҳидлаш учун бурним бор. "Маҳалла сталинизми" деган калима Ўзбекистондаги бугунги вазиятни тўла ифодалайди. Мен ўзим собиқ ГДРдан бўлганим боис¸ қўрқув муҳитини бутун борлиғим билан сезаман. ГДРдаги қўрқув ва чақимчиликка асосланган муҳитни яхши эслайман. Ўзбекистон кўчаларида¸ бозорда оддий одамлар билан гаплашдим. Улардан оддий нарсаларни сўрасам ҳам¸ чўчиб тушишади. Нега бунақа ғалати саволларни бераяпсиз? Тинчлигимизга раҳна солмоқчимисиз¸ дейишади. Одамларга ишонмаслик¸ шубҳа ва гумон Ўзбекистонни қамраган. Қўрқув ва гумон урчиган. Вазият Шимолий Кореяга ўхшайди. Балки Шимолий Корея каби даҳшатли эмасдир¸ балки у қадар мукаммаллик касб қилмагандир. Лекин барибир Шимолий Корея тутуми бу. Якшанба куни гўзал куз ҳавосида мен Тошкентда бўм-бўш майдонларни кўрдим. Одамлар қаерда сайр қилади¸ қаерда дам олади¸ деган саволимни ҳам шубҳа билан қабул қилишди¸ дея таъкидлаган Эдда Шлагер Ўзбекистонга кирадиган журналист ëки туристдан кутиладиган ягона ҳис-ҳаяжон ҳақида ҳам тўхталди:

- Оддий одамлар ҳам¸ мулозимлар ҳам келган одам фақат битта таъсурот билан кетишини истайди - улар сайëҳдан паловингиз қандай мазали¸ мадрасаларингиз қандай гўзал¸ деган гапни кутишади. Агар шу йўналишда гап бошласангиз¸ тиллари равон бўлиб "бизнинг ош энг зўр¸ биноларимиз энг гўзал" дея таърифлашади. Буни ëнида энг кўп эшитган гапим –тинчлик ҳақида эди. Ўзбекистонда тинчликку¸ бутун дунë уруш ичида турган пайтда ягона Ўзбекистонда уруш йўқ¸ деб таъкидлашади¸ дейди Ўзбекистондан депортация қилинган суҳбатдош.

Эдда Шлагернинг Ўзбекистонда тасвирга олган суратларидан бири

Эдда Шлагер Ўзбекистондан депортация қилинган ягона журналист эмас. 2003 йилда Тошкентдан россиялик ҳуқуқ фаоли Николай Митрохин, 2005 йилда халқаро журналист Игорь Ротарь, 2012 йилда BBC мухбири Наталья Антелава ва россиялик журналист Викторя Ивлева, 2014 йилда эса москвалик фотосуратчи Константин Саломатин Ўзбекистонда аккредитациядан ўтмасдан иш қилди¸ деган асос чиқариб юборилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG