Линклар

СССР ва фашистлар Германияси ҳамкорлигига оид савол путинпараст байкер ғазабини келтирди


Россия президенти Владимир Путинни қўлловчи шахслар ғарб мамлакатларини Иккинчи жаҳон уруши тарихини “қайта ёзиш”га уринишда айблаб келади.

Ғарб мамлакатларида чиндан ҳам кўп одам совет халқи Адольф Гитлер Германиясини енгиш учун бошидан кечирганларини тўлиқ билмайди.

Аммо 1 май куни Белоруснинг Брест шаҳрида журналистларга дуч келган “Тунги бўрилар” путинпараст байкерлар тўдаси етакчиси Александр Залдостановнинг ўзи тарихни қайта ёзишга уринди.

“Белсат” мустақил телеканали журналисти Залдостановдан урушнинг илк йилларида Совет Иттифоқи Сталин етакчилигида фашистлар Германияси билан ҳамкорлик қилгани ҳақида қандай фикрда эканлигини сўради.

“СССР Гитлер тарафида бўлган?! Бу боланинг аҳволини қаранг. Бу айрим одамларнинг бошидаги чалкашликка яққол мисолдир. СССР Гитлер тарафида бўлган, дейди-я. У ё ақлдан озган, ёки троллик қиляпти. Бошқа нимаям дердим?” дея жавоб берди байкер.

Шундан сўнг Залдостанов савол берган мухбирни итариб юбориб, кейинги саволга ўтди.

Қизиғи шундаки, бу ҳодиса Брест шаҳрида содир бўлди. Айнан шу шаҳар 1939 йили Польша таркибида бўлган ва кўпчиликка маълум Молотов-Риббентроп пакти асосида Совет Иттифоқи билан фашистлар Германияси келишиб олган чегарани белгилаган. 1939 йилнинг 1 сентябрида фашистлар Германияси Польшага ғарбдан бостириб кирган. СССР эса 17 сентябрь куни шарқдан кириб келган.

Фашистлар-советлар паради

Бундан бир неча кун ўтиб, Польша бутунлай таслим бўлган ва бостириб кирган икки давлат армияси Брест шаҳрида 1939 йилнинг 22 сентябрида бирга параддан ўтган.

Бу параддан аввал Германия ва Совет Иттифоқи узоқ йиллар давомида ҳарбий ҳамда иқтисодий ҳамкорлик қилган. Бу ҳамкорлик ўтган асрнинг 20-йилларида бошланган ва фашистлар 1941 йилнинг 21 июнида СССРга ҳужум қилгунича давом этган.

Ҳар икки мамлакат Биринчи жаҳон урушидан кейин имзоланган тинчлик келишувларидан норози бўлган ва уларни кучсизлантиришга уринган.

Британиялик тарихчи Жон Эриксоннинг “Совет олий қўмондонлиги” китобида ёзилишича, совет дипломатлари 20-йилларда Германияга Польшани бўлиб олишни бир неча марта таклиф қилган.

Версал сулҳи Германияга ҳаво қўшинлари ташкил этишни ман этган бўлса-да, Junkers немис ширкати Москва яқинида завод қурган, Германиянинг Luftwaffe ҳаво кучлари учувчилари Липецк яқинида ҳарбий тайёргарликдан ўтган. Немислар Қозон яқинидаги танк мактабида кутилмаганда ҳужум қилиш методига тайёрланган ҳамда Самара вилоятида ман этилган кимёвий қуролларни ишлаб чиқарган. Бундан ташқари, олмон сувости кемалари Мурманск яқинида Версал сулҳидан яширинган.

Сталиннинг 1920 йилларда Германияда ўйнаган энг муҳим роли сиёсий бўлган. Сталин Совет Иттифоқи бошқарувидаги “Германия коммунистлар партияси”нинг сўл қанот “Социал-демократлар партияси” билан ҳамкорлик қилишига тўсқинлик қилган. Бу сиёсат Гитлернинг кўтарилишига йўл очиб берган.

Гитлер ҳукумат тепасига келганидан кейин Совет Иттифоқи билан алоқалар сусайган, чунки Гитлер аксилкоммунистик ҳамда аксилславян миллатчилик сиёсатини илгари сурган. 1930 йиллар Европада қийин дипломатик алоқалар даври бўлган. Ҳар бир мамлакат ошиб бораётган ишончсизлик муҳитида ўз хавфсизлигини оширишга интилган. Коллектив хавфсизлик келишувларини имзолашга қаратилган ҳаракатлар ҳам, ғарб мамлакатларининг Гитлерни тинчлантиришга қаратилган де факто уринишлари ҳам зое кетган.

“Нотўғри фикр”

1939 йил ёзида Сталин Германия билан музокара бошлаган, натижада август ойида Молотов-Риббентроп пакти имзоланган. Ўша пайтда Олмон-совет савдо келишуви ҳам имзоланган. Бу шартномага кўра, Совет Иттифоқи Гитлер тизимига катта миқдорда хом ашё етказиб берган.

Бир-бирига ҳужум қилмасликка келишган икки давлат Марказий Европани бўлиб олишга келишган. СССР шарқий Польша, уч Болтиқбўйи давлати ҳамда Руминиянинг Бессарабия ҳудудини оладиган бўлган. Ўтган асрнинг 90-йилларигача Совет Иттифоқи (кейинроқ Россия) ҳукумати махфий Молотов-Риббентроп протоколлари мавжуд эканлигини рад этган.

Шартнома имзоланганидан бир ҳафта ўтиб Гитлер Польшага бостириб кирган. Икки ҳафтадан кейин Совет Иттифоқи ҳам шундай қилган. Сентябрь-октябрь ойларида СССР Болтиқбўйи давлатларини эгаллаб олган. 1940 йил октябрида Германия билан Совет Иттифоқи СССРнинг Германия, Япония ҳамда Италия иттифоқига қўшилиши белгиланган шартнома имзолашни муҳокама қилишган. Аммо ўша пайтда Гитлер СССРга ҳужум қилишга қарор қилган бўлган ва сабаб бу музокаралар натижа бермаган.

Байкер Залдостановнинг СССР Гитлер Германияси билан ҳамкорлик қилгани ҳақида билмаслиги – ёки ўзини шундай қилиб кўрсатиши – ҳайратланарли эмас.

Ўтган ҳафтада Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ёрдамчиси генерал Александр Кирилин Польша ҳукуматининг совет ёдгорликлари бўйича сиёсатини танқид қилар экан, “Фашистлар Германияси босиб олган, улардан Совет Иттифоқи ёрдамисиз қутила олмаган давлат учун бу иш тўғри эмас”, дея таъкидлади.

“Ҳозир биз Польшага боситириб кирганимизни таъкидловчи фикрни келтириб чиқаришга ҳаракат қилинмоқда”, дея қўшимча қилди Кирилин.

Роберт Коалсон мақоласи

XS
SM
MD
LG