Линклар

Тошкентдан Санкт-Петербургга ишлашга келиб¸ ОИТВдан ўлган аëл майити эгасиз қолди


Сентябрь охирида Россияга иш излаб келган 33 яшар ўзбекистонлик аëл 14 ноябрь куни Санкт-Петербургда вафот этди.Ўлим ҳақида Озодликка йўлланган гувоҳномада аëл ўлимининг асл сабаби унинг Орттирилган иммун тақчиллиги вирусига(ОИТВ) чалингани экани ëзилган. Санкт-Петербургда бу аëлни билган ўзбекистонликлар¸ шаҳар мусулмонларидан марҳумани дафн этиш учун молиявий кўмак сўрамоқдалар.

Озодликка жўнатилган тиббий ҳужжат ва ўлим ҳақидаги гувоҳнома нусхасида¸ тошкентлик 33 яшар М.нинг (Озодлик марҳуманинг тўлиқ-исми шарифи ва прописка манзилини очиқламасликка қарор қилди – таҳр.) 14 ноябрь куни маҳаллий вақт билан 15:10 да оламдан ўтгани қайд этилган.

33 яшар тошкентлик М. ўлимига оид расмий гувоҳнома нусхаси.

33 яшар тошкентлик М. ўлимига оид расмий гувоҳнома нусхаси.

Марҳумани анча йил аввал Тошкентда узоқдан таниган¸ ўлимидан олдин бир ойча у билан бирга ишлаган суҳбатдошга кўра¸ бу аëл сентябрь ойи охирларида Одноклассникида танишган йигитга турмушга чиқиб¸ янги ҳаëт бошлаш ниятида¸ аввалига Самарага борган:

- У Ўзбекистондан бошқа жойга чиқмаган экан. Тошкентда нима иш билан шуғулланганидан хабарим йўқ. Мени Интернетдан қидириб топиб¸ Самарадаги йигит ҳадеб чақираверганидан кейин¸ унинг олдига келаëтганини айтди. Аммо бу йигит унга нисбатан ўта ëмон муносабатда бўлганидан кейин¸(зўрлаган¸ калтаклаган) Самарадан қочиб Санкт-Петербургга келди. Хўжайиним билан уни вокзалда кутиб олдик¸ квартирага жойлаштирдик¸ оптовий бозордан иш топиб бердик. Бу ерда 10 кунча ишлаганидан кейин¸ шамоллаб ëтиб қолди. Иситмаси тушавермай¸ аҳволи ëмонлашгандан кейин¸ 23 октябрь куни тез ëрдам чақиришдик. Уч кун ўтиб¸ реанимацияга ўтказишди. Бизга на ўзи¸ на врачлар диагнозини айтишмади. Больницадан ўтган кун телефон қилиб¸ унинг ўлганини айтишди. Бугун қўлимизга ўлим ҳақидаги қоғозни беришди. Унда пневмония¸ гепатит С ва ВИЧ инфекция¸ деб ëзилган. Биз буни умуман билмаганмиз¸ дейди Озодликка мурожаат қилган Санкт-Петербургда ишлаëтган тошкентлик муҳожир аëл.

Марҳумага оид тиббий кўрик хулосасида¸ унинг пневмония¸ гепатит С ва ОИТВдан вафот этгани қайд қилинган.

Марҳумага оид тиббий кўрик хулосасида¸ унинг пневмония¸ гепатит С ва ОИТВдан вафот этгани қайд қилинган.

Ўзи билиб-билмай ОИТВ юқтирган бу аëлни Санкт-Петербургда қисқа вақт таниган ўзбекистонликлар¸ унинг жасадини қаерга¸ қандай кўмишни билмай ҳайратда эканларини айтишди.

М.нинг Тошкентдаги ўгай синглиси ва бошқа қариндошлари манзил-телефонини топиб¸ уларга бўлган воқеани айтиб беришганда¸ тошкентдагилар “жасадни ëқиб юборинглар бизга деса¸ маҳаллада иснодга қолишни хоҳламаймиз”¸ деб жавоб беришган.

Озодликка мурожаат қилганлар¸ “мусулмон бўлиб туриб¸ қандай ўликни кўчада қолдирамиз¸ уни тупроққа топшириш бизга фарз”¸ деган ўйда Санкт-Петербургдаги ўзбекистонликларга ëрдам сўраб мурожаат қилганликлари¸ ҳозирча бозордаги мусулмонлардан 15 минг рубль тўпланганини билдиришди.

“Санкт-Петербургдаги масжидга ҳам бордик¸ улар ўзимиз пулга муҳтожмиз¸ деб жавоб қайтаришди. Тошкентга юборсак¸ у ерда савобталаблар кўмар¸ десак 200 мингга тушаркан. Бу ерда мусулмон қабристонига кўмишга ҳам камида 100 минг рубль керак¸ дейишди. Уйидагилар айтгандек¸ ëндириб юборинглар десак¸ мусулмончиликка тўғри келмайди”¸ дейди ўзбекистонлик аëлни кўмиш учун маблағ тўплашга уринаëтган тошкентлик йигит.

Озодлик орқали Россиядаги ўзбекистонликлар жамоаси¸ хусусан¸ бевосита Санкт-Петербургда яшаëтган ўзбек муҳожирларига мурожаат қилган бу суҳбатдошлар¸ вафот этган ватандошни кўмишга хайрия қилмоқчи бўлганларданбу ëрдамни кимга¸ қандай етказиш борасида сўнгги маълумот учун +79312080340 рақамига телефон қилишни сўрадилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG