Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:58

Ўзбекистондан кўчиб кетаётганлар кўчиб келаётганлардан кўра кўпроқ


Таҳлилчилар ўзбекистонликлар орасида Қозоғистон ва Россияга кўчиш истаги кучли эканини айтиб келадилар.
Таҳлилчилар ўзбекистонликлар орасида Қозоғистон ва Россияга кўчиш истаги кучли эканини айтиб келадилар.

2016 йилнинг январь-декабрь ойлари орасида Ўзбекистон бўйича кўчиб келганлар сони 141 минг 700 кишини, кўчиб кетганлар сони эса 168 минг 300 кишини ташкил этди. Ўтган йили республикада миграция салдоси – 26,6 минг кишини ташкил этганини хабар қилган Давлат статистика қўмитасига кўра, аҳоли орасида кўчиб кетиш Тошкент ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистонда кўпроқ кузатилаётганини қайд этади.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси томонидан 16 январь куни ёйинланган маълумотларда республика доимий аҳолиси сони 2017 йил 1 январь ҳолатига 32 миллион 121 минг 100 кишини ташкил этгани, бу аҳоли сонининг йил бошига нисбатан 545 минг 8000 кишига ёки 1,7 фоизга ўсганини англатиши айтилади. Буларнинг 16 миллион 238 минг 500 нафари шаҳарларда (50,6 фоиз),15 миллион 882 минг 600 нафари қишлоқларда истиқомат қилади.

Туғилиш камайди

Қўмита маълумотларидан келиб чиқилса, 2016 йили Ўзбекистонда 726 минг 800 нафар бола туғилиб, туғилиш коэффициэнти 22,8 промиллени ташкил қилган. Бу 2015 йилдаги туғилиш коэффициэнтидан 0,7 промиллега камдир.

“Туғилиш коэффициэнтининг сезиларли даражада пасайиши Қорақалпоғистон Республикасида (23,3 промилледан 21,8 промиллегача), Сурхондарё (27,0 промилледан 25,8 промиллегача), Бухоро (21,9 промилледан 20,9 промиллегача), Тошкент (21,1 промилледан 20,3 промиллегача), Андижон (24,1 промилледан 23,4 промиллегача), Қашқадарё (26,2 промилледан 25,5 промиллегача) ва Сирдарё (22,8 промилледан 22,1 промиллегача) вилоятларида қайд этилди”, дейилади Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида.

Айни пайтда қўмита Тошкент шаҳри (18,0 промилледан 18,4 промиллегача) ва Навоий вилоятида (22,0 промилледан 22,1 промиллегача) туғилиш коэффициэнтининг бироз ошганини қўшимча қилади.

Вилоятларнинг ярмида ўлим коэффиценти ошди

Давлат статистика қўмитаси ўтган йили Ўзбекистонда 154 минг 500 та ўлим қайд этилганини маълум қилади.

Маълумотларга кўра, Навоий (4,5 промилледан 4,7 промиллегача), Сурхондарё (4,1 промилледан 4,3 промиллегача), Сирдарё (4,8 промилледан 5,0 промиллегача), Қашқадарё (4,0 промилледан 4,1 промиллегача), Хоразм (4,5 промилледан 4,6 промиллегача) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (4,6 промилледан 4,7 промиллегача) 2016 йилда ўлим коэффиценти ошган.

Айни пайтда Андижон (5,2 промилледан 5,1 промиллегача), Наманган (4,7 промилледан 4,6 промиллегача), Тошкент (5,9 промилледан 5,8 промиллегача), Фарғона (5,0 промилледан 4,9 промиллегача) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (6,9 промилледан 6,8 промиллегача) ўлим коэффиценти пасайган.

Қўмита оламдан ўтганларнинг 59,6 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 9,4 фоизи – ўсимталардан, 6,7 фоизи - бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 5,9 фоизи - овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 4,9 фоизи - нафас олиш аъзолари касалликларидан, 1,9 фоизи - юқумли касалликлардан, 11,6 фоизи эса бошқа касалликлардан вафот этганини қайд этади.

Гўдакларнинг катта қисми перинатал даврдаги ҳолатлардан нобуд бўлаяпти

Ўтган йили Ўзбекистонда 1 ёшгача бўлган болалар ичида 7 минг 700 та ўлим ҳолати кузатилган. Гўдакларнинг 56,7 фоизи перинатал даврда юзага келадиган ҳолатлардан ўлгани айтилмоқда. Қўмита маълумотларига кўра, бу мурғакларнинг 22,4 фоизи нафас олиш аъзолари касалликларидан, 9,8 фоизи - туғма аномалиялардан, 3,1 фоизи - юқумли касалликлардан, 1,9 фоизи - бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 0,6 фоизи - овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 5,5 фоизи эса бошқа касалликлардан вафот этган.

Ўзбекистонда никоҳланаётганлар камайиб, ажрашаётганлар кўпаймоқда

2016 йилнинг ўтган 12 ойи ичида Ўзбекистонда никоҳ қуриш коэффициэнтининг пасайиши барча ҳудудларда кузатилган.

Сезиларли даражада никоҳ қуриш коэффициэнтининг пасайиши Қашқадарё (10,4 промилледан 9,3 промиллегача), Наманган (9,6 промилледан 8,6 промиллегача), Андижон (9,8 промилледан 8,9 промиллегача), Хоразм (9,4 промилледан 8,5 промиллегача), Сурхондарё (9,8 промилледан 9,1 промиллегача) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (7,8 промилледан 7,1 промиллегача) қайд этилган.

Айни пайтда никоҳдан ажралиш коэффициэнтининг ўсиши Жиззах (0,6 промилледан 0,7 промиллегача), Сирдарё (1,0 промилледан 1,1 промиллегача), Хоразм вилоятларида (0,6 промилледан 0,7 промиллегача) кузатилган. Бухоро, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида эса, Давлат статистика қўмитасига кўра, ажралиш коэффициэнти бироз пасайган.

Қўмита ўтган йили ФҲДЁ органлари томонидан 275 минг 100 та никоҳ ва 29 минг 400 та никоҳдан ажралишлар қайд этилганини маълум қилади.

Юқоридагилардан келиб чиқилса, Ўзбекистонда ҳатто расмий рақамлар ҳам тасаллибахш эмас. Озодлик билан йил давомида суҳбатлашган таҳлилчилар миграция, аҳоли ўсиши , ўлим ҳолатлари, никоҳ ва ажралишларга мамлакатда турмуш даражасининг тобора пасайиб бораётгани, тиббий хизмат сифатининг талаб даражасида эмаслиги ва бошқалар сабаб бўлаётганини қайд этгандилар.

XS
SM
MD
LG