Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:23

Апелляция суди сўконғич ҳокимга берилган жазони кучайтирди


Фарғона вилояти Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар апелляция суди фермерни ҳақорат қилган Фурқат тумани ҳокими Нўъмонжон Назировга берилган жазони кучайтирди. Суд ҳокимга берилган жаримани энг кам иш ҳақининг уч бараваридан ўн бараваригача кўпайтирди. Бундан аввал фермер сўконғич ҳокимга енгил жазо берган Жиноят ишлари бўйича Фурқат туман суди қароридан норози бўлиб апелляцияга берган эди.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар апелляция суди ўтган ҳафтада чиқарган қарорда “Азизбек Фурқатобод замин” фермер хўжалиги раиси Азизбек Алиматовни онасидан сўкиб ҳақорат қилган Фурқат тумани ҳокими Нўъмонжон Назировга Фурқат тумани суди берган жазони кучайтирди.

Фурқат туманида фермерлик қилаётган Очил Бегматовнинг айтишича, суд аввал берилган жаримани уч бараварга кўпайтирган:

- 25 май куни Фурқат тумани жиноят ишлари суди Азизбек Алиматовнинг ҳоким устидан қилган аризасини кўриб чиқиб, уни энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жаримага тортган эди. Аммо, Азизбек ва унинг онаси суднинг бу ҳукмидан норози бўлиб апелляция берган эди. Қўқон шаҳар суди бу ишни қайта кўриб чиқиб, жаримани энг кам иш ҳақининг ўн баравари қилиб тўлаш ҳақида ҳукм чиқарди”, деди Очил Бегматов.

Фермернинг айтишича, қарор сўнгида "даъвогарларга маънавий зарарни ундириш ҳақида фуқаролик судига мурожаат қилишлари мумкинлиги тушунтирилди" деб, ёзилган:

- Энди Азизбек Алиматовнинг ўзи 25 миллион сўмлик, унинг онаси эса 35 миллион сўмлик маънавий зарарни ундириш ҳақида Ўзбекистон туманлараро фуқаролик судига даъво аризаси киритди, деди Очил Бегматов.

Биринчи инстанция чиқарган суд қарорида ҳоким Нўъмонжон Назиров бошқа бир фермер, Нишонбой Дадабоевнинг арзи бўйича ҳам энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жаримага тортилган эди.

Қўқон шаҳар апелляция суди Фурқат туман суди чиқарган бу қарорни ҳам қайта кўриб чиқиб, фермер фаолиятини ноқонуний текширтирган ҳоким Нўъмонжон Назировни энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жаримага тортган.

Фурқат тумани ҳокими Нўъмонжон Назиров 25 май куни “Азизбек Фурқатобод замин” фермер хўжалиги раиси Азизбек Алиматовни ўз даласидан тополмагани учун онасидан сўкиб, қаттиқ ҳақорат қилган эди.

Ҳокимнинг ҳақоратли сўзларини телефонига ёзиб олган фермер унинг устидан туман прокуратурасига арз қилганидан сўнг рокуратура фермер далилларини асосли деб топиб ҳоким устидан очилган ишни судга оширганди.

XS
SM
MD
LG