Линклар

“Ўзқишлоқхўжаликкимё” давлат акциядорлик жамияти Хоразм вилояти бўлимининг 16 нафар раҳбар ва ходимлари узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Озодлик манбаларининг айтишларича, суд ҳукмига кўра уюшган жиноий гуруҳга бирлашган мансабдорлар катта миқдордаги минерал ўғитларни талон-тарож қилишда айбланган. Ўзбекистонлик фермерлар қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган минерал ўғитларни ўз вақтида ололмаслиги, ўғит берадиган ташкилотлар вазндан уриб қолиши ва минерал ўғитлар нархларининг баландлигидан шикоят қиладилар.​

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти суди ўтган ҳафтада “Ўзқишлоқхўжаликкимё” давлат акциядорлик жамиятининг Урганч минерал ўғитлар шўъба корхонаси ва Янгибозор тумани филиалининг молиявий жиноятларда айбланган 16 нафар раҳбар ва ходимлари қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Хоразм вилояти ҳокимлигида ишлайдиган Озодлик манбасига кўра, жами бўлиб 23 киши маҳкамага тортилган:

“Судга “Ўзқишлоқхўжаликкимё”нинг Урганч ва Янгибозор тумани бўлимлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, омбор мудирлари ва бошқа мансабдорлар тортилган эди. Маҳкама 23 кишидан 16 кишига қамоқ жазоси берди, қолганлар шартли жазо олди. Янгибозор тумани филиалининг бошлиғи Сотимбой Сотимов 13 йилу 2 ойга, шу филиалнинг транспорт бўлими бошлиғи Илҳом Тожибоев 13 йилга ва филиал бўлим бошлиғи Неъмат Султонов 10 йилга озодликдан маҳрум этилди”, деди ҳокимлик мулозими.

Манбанинг айтишича, минерал ўғитлар талон-тарожлиги билан шуғулланган бу гуруҳнинг фермерлардан ва давлатдан ўғирлаб қолинган минерал ўғитларни ғайриқонуний сотганлиги судда исботланган:

“Бу гуруҳнинг катта миқдордаги минерал ўғитларни жисмоний шахсларга ғайриқонуний сотганлиги аниқланди. Жиноий гуруҳга Янгибозор тумани филиали раҳбари бошчилик қилганини айтишяпти. Фермерлар ўзларига тегишли минерал ўғитларни нормадагидан анча кам олган”, деди манба.

Ўзбекистонлик фермерлар қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган минерал ўғитларни ўз вақтида ололмаслиги, ўғит берадиган ташкилотлар вазндан уриб қолиши ва минерал ўғитлар нархларининг баландлигидан шикоят қиладилар.

Исми сир қолишини сўраган сирдарёлик фермерлардан бирининг айтишича, фермерлар ҳақидан, ҳам дори ишлаб чиқарувчилар, ҳам уни етказиб берувчилар уриб қолади:

“Минерал ўғит амалдорлар учун катта бизнес. Келинг, мен сизга бунинг схемасини чизиб берай. Масалан, менга 10 тоннага дори ёзиб беради. Битта қопга 50 кило дори кетади, нормаси шунча. Лекин шу қоплар реални кўпи билан 44-45 кило чиқади. Сиз 10 тонна ўрнига 9 тонна дори оласиз. Бир тоннасини ишлаб чиқарувчи уриб қолган”, дейди фермер.

Унинг айтишича, фермер ҳақидан уриб қолишни энди дори етказиб берувчилар давом эттиради:

“Иккинчидан, дори ўзи кам келади. Келса талаш бўлади. Сиз ўша складчини ортидан уч-тўрт кун юрасиз, чой-пой қилиб берасиз. Ана ундан кейин, қопига 3 килодан берасан, бўлмаса йўқ дейди. Иложингиз йўқ, 10 тоннага 600 кило берасиз. Шундай қилиб 10 тоннадан 1,6 тонна қулоғини ушлаб кетади. Хўп, дейсиз, бунисига ҳам кўнасиз. Пул тўлайдиган пайтда туманга ташиб келтирилгани учун 20 фоиз қўшимча қиймат солиғи қўяди. Ана ундан кейин 25 фоиз тумандан ҳудудга ташиб келтирилгани учун қўяди. Сиз 45 фоиз устама ҳақ тўлайсиз. Буларни ҳаммасини ҳисобингиздан ечиб олишади”, дейди фермер.

Бироқ, харажатлар бу билан тугамайди, деб давом этади фермер:

“Шохобчадан мошинага тоннасини 7 минг сўмдан юклайди. 70 минг сўм грузчикларга берасиз. Йўқ десангиз, ўтираверасиз. Юкладингиз ҳам ана мошинага. Энди токи мелиса келмаса, сизни шохобчадан чиқармайди. Мелиса ҳам вақти бўлса келади. Баъзан икки-уч кунлаб кутасиз. Мелисани назоратисиз мустақил равишда дорини ерга сололмайсиз”, деди фермер.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG