Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:08

Бир қишлоқда бир ҳафтада икки дугона кетма-кет ўзини осди


Самарқанд вилояти Нуробод туманига қарашли Сазаған қишлоқ фуқаролар йиғинида августнинг илк ҳафтасида 17 яшар икки қиз куппа-кундуз куни ўзини осиб ўлдирди. Ҳокимият вакиллари иккала ўлим сабабини ишқу муҳаббат билан изоҳлаëтган бўлса-да¸ мустақил кузатувчилар¸ ўзбек ëшлари орасида кўпайиб бораëтган ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари жамиятдаги жиддий ижтимоий-маънавий бўшлиқ ифодаси эканини таъкидламоқда.

"Сазағанга қарғиш теккан..."

Минг хўжалик яшайдиган Сазаған қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолиси кейинги ҳафта ичида учта ëш жасадни тупроққа қўйди.

1 август куни Сарой қишлоғида яшовчи оиланинг (Озодликка учала марҳумнинг исми-шарифи маълум¸ ахлоқ нуқтаи назари улар ошкор этилмаëтир –таҳр.) 17 яшар катта қизи ўзини осиб қўйди.

4 август куни автоҳалокатда ўлган 19 яшар йигит жанозаси ўқилаëтган бир пайтда¸ Сазаған қишлоғида яшовчи бошқа бир хонадонда яна бир 17 яшар қиз ўлиги осилган ҳолда топилган.

Озодликнинг маҳаллий ҳокимият тизимларидаги манбасига кўра¸ биринчи қурбон Нуробод Касб-ҳунар коллежи¸ унга синфдош бўлган иккинчи қиз эса¸ Самарқанд Юридик коллежининг 2-курси ўқувчилари бўлган.

Айтилишича¸ бу қизларнинг автоҳалокатда ўлган ëш йигитга алоқаси бўлмаган.

- 1 август куни давф этилган қиз¸ яхшигина оиланинг бош фарзанди эди. Отаси бир неча йилдан бери Россияда ишлаяпти¸ ҳали келгани йўқ. Онаси ëш боласи билан уйда ўтирарди. Маҳалла¸ қариндош-уруғ ўзи кўмди. Онаси билан бувисини қизнинг ўзи атайин меҳмонга юбориб¸ кичкина укалари билан уйда қолган ва улар келгунча ўзини осган. Яхши кўрган йигити бор экан¸ шунга унаштирилган экан. Ўзи олдиндан вос-вос касали бўлган экан¸ ўзини олдин ҳам бир-икки марта ўлдирмоқчи бўлганида сақлаб қолишган экан. Нимага осганини ҳеч ким тушунмайди¸ дейди сазағанлик Озодлик манбаси.

Иккинчи қизнинг ўлиги 4 август куни¸ бутун маҳалла-кўй автоҳалокатдан ўлган 19 яшар йигитнинг жанозасидан қайтаëтган пайтда топилган ва бу ҳам қишлоқдагилар учун навбатдаги шок бўлган.

- Бу қизнинг ота-онасини қишлоқда ҳамма билади. Ота ароқхўр¸ ҳеч қаерда ишламайди¸ онаси мардикор бозорга чиқиб¸ кун кўради. Икки ўғил¸ бир қизи бор эди. Катта акаси Россияда мардикорликда¸ отаси уч ойдан бери Жомбойдаги наркодиспансерда сақланаëтган эди. Бу оилада жанжал-тўполонсиз кун кам бўларди. Қиз ўзини осган куни уйда фақат кичик акаси бўлган. Қизнинг яхши кўргани бор экан¸ акаси унга тегмайсан¸ холамнинг фалон қариндошига берамиз¸ деб орада уруш чиққан. Қиз шартта ўзини осган-қўйган¸ дейди маҳаллий ҳокимиятдаги Озодлик манбаси.

“Сазаған қишлоғига дуоибат кетган¸ олдин ҳам 100 га яқин ëшлар ҳалок бўлган (асосан Россиядан келаëтган ўликлар назарда тутилмоқда – таҳр.) Дин фаоллари қаерга қараяпти?” деб муносабат билдирди кичик бир қишлоқдаги катта фожиага шу қишлоқлик ëшлардан бири.

Аëн бўлишича¸ 1000 хўжалик яшовчи¸ икки қишлоқдан иборат Сазаған қишлоқ фуқаролик йиғинидаги ягона масжиднинг ëпилиб кетганига кўп бўлади¸ аҳолининг янги масжид очиш сўрови ҳокимият томонидан инобатга олинмай келмоқда.

Ўз жонига қасд қилган иккала қиз тупроққа қўйилишидан олдин¸ ўзига хос митинг ўтказилиб¸ маҳалладагилар¸ хусусан¸ ëшларга ўзини ўлдиришнинг исломда катта гуноҳ экани¸ бундай гуноҳга қўл урганларнинг жанозасиз кўмилиши қайта-қайта таъкидланган. Айни пайтда¸ гувоҳларга кўра¸ қўшни маҳалладан келган имом¸ ҳар иккала қизга ҳам жаноза ўқиган.

Кетма-кет содир бўлган ўз жонига қасд қилишлардан сўнг маҳалла фаоллари¸ қишлоқдагиларнинг айтишича¸ уйма-уй юриб¸ ота-оналарни ўтиш даврида бўлган фарзандларига кўпроқ эътибор бериш¸ уларни қаровсиз қолдирмасликка даъват қилмоқда. Бу даъват¸ хусусан¸ рўзғорбошилари Россияга мардикорликка кетган оилаларга кучлироқ бўлиб¸ муҳожир ота ва оналарнинг тезда уйига қайтиши сўралмоқда.

Мағзава сериаллар¸ тарбиячининг йўқлиги...

Ўзбекистонда аҳоли¸ хусусан¸ ëшлар ўртасидаги ўз жонига қасд қилиш ҳолатларига оид аниқ статистик рақамлар жамоатчиликдан сир тутилади¸ халқаро ташкилотларга тақдим этиладиган рақамлар эса¸ мустақил кузатувчиларга кўра¸ реал воқеликни тўлиқ акс эттирмайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эълон қилган сўнгги ҳисоботда қайд этилишича¸ Ўзбекистон ўз жонига қасд қилиш бўйича дунëдаги энг паст рейтинглардан бирига эга ва мамлакатда ҳар 100 минг аҳоли ўртасида ўртача 6 одам ўз жонига қасд қилади. Бу кўрсаткич¸ масалан¸ қўшни Қозоғистонда жуда баланд ва ҳар 100 мингга 31 та суицид тўғри келади.

Озодлик тасдиқлатишга муваффақ бўлган ҳолатлар Ўзбекистонда¸ айниқса¸ 14-25 ëш оралиғидаги қизлар орасида ўз жонига қасд қилишнинг кўпайиб бораëтганидан дарак беради. Бу суицидларнинг аксарияти¸ 80-йилларда кўпайган ўзини ëндириш эмас¸ эндиликда асосан ўзини осиш орқали амалга оширилмоқда.

Самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаев ëшлар¸ хусусан¸ ëш қизлар орасидаги ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари жамиятдаги жиддий ижтимоий муаммолар ифодаси эканини айтади:

- Кузатишимча¸ бунинг сабаблари ëшларнинг ҳаëтга тайëр эмаслиги билан боғлиқ. Эртаю кеч телевизорда ишқу муҳаббат кинолари¸ сериаллари кўпайиб кетди. Ҳаммаëқ ўлдим-куйдим кино¸ бошқа нарса йўқ. Реал ҳаëт билан кинолар таъсирида пайдо бўлган хаëлий ҳаëт бир-бирига тўғри келмайди. Хаëлий ҳаëт пучга чиқса¸ ëшлар нима қилишини билмай ўзи осаяпти¸ афтидан. Уларни ҳаëтга тайëрлайдиган одам деярли қолмади. Илгари бир оилада уч авлод бобо-буви¸ ота-она ва болалар яшаган¸ катта авлод кичигига маслаҳат¸ насиҳат берган бўлса¸ ҳозир ота-она чет элда ишда¸ бобо-буви ҳам тирикчилик ташвиши билан банд¸ ëшлар¸ айниқса¸ ўсмир-ўспиринлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган¸ дейди самарқандлик кекса журналист.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таъкидича¸ ўз жонига қасд қилиш дунë бўйлаб 10-24 ëшлар орасидагилар ўлимига сабаб бўлаëтган иккинчи асосий омил ва ҳар 40 секундда бир одам ўз жонига қасд қилади.

Руҳий хасталиклар¸ хусусан¸ депрессия ва алкоголизм Европада ўз жонига қасд қилиш ортидаги асосий омил бўлса¸ Осиë жамиятида қизиққонлик асосий омил саналади¸ дейилади Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг суицидга бағишланган ҳисоботида.

XS
SM
MD
LG