Линклар

logo-print

Учқудуқда 18 яшар қиз ўзини 7-қаватдан ташлаб ўлдирди


Озодлик манбаларига кўра¸ учқудуқлик ўспирин қиз ўзини шаҳардаги 7 қаватлик уйлардан бири томидан ташлаган.

Озодлик манбаларига кўра¸ учқудуқлик ўспирин қиз ўзини шаҳардаги 7 қаватлик уйлардан бири томидан ташлаган.

Навоий вилояти Учқудуқ туманидаги қурилиш коллежи ўқувчиси 11 июль куни кечқурун ўзини 7 қаватлик уй томидан ташлаб¸ жонига қасд қилди. Ҳуқуқ тизимларидаги Озодлик манбасига кўра¸ ўспирин қиз бир кун олдин отаси билан жанжаллашиб уйидан чиқиб кетган ва суиқасд сабаби оилавий-маиший характерда экани тахмин қилинмоқда.

Озодлик манбаларига кўра¸ улар 11 июль куни кечки соат 9 лар атрофида Учқудуқ шаҳарчасининг 11-микрорайонидаги 68-уй олдида ëш қизнинг қонга беланган танасини кўрганлар ва дарҳол ички ишлар бўлими ва тез ëрдамага хабар қилганлар.

Оғир аҳволда туман касалхонасининг жонлантириш бўлимига олиб келинган 18 яшар қиз кўп ўтмай олинган оғир жароҳатлардан вафот этган.

Маҳаллий ҳуқуқ тизимидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ ўлган қиз (Озодликка марҳуманинг исми-шарифи маълум¸ ахлоқ нуқтаи назаридан уни ошкор қилмаëтир – таҳр.) Учқудуқдаги қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежи талабаси бўлган.

Бир кун олдин отаси билан жанжаллашиб¸ уйидан чиқиб кетган. Қиз шаҳарнинг 13-микрорайонида яшаган. Лекин ўзини 11-микрорайондаги 7 қаватлик уй томидан ташлаган. Нега айнан бу уйга келган¸ ҳозирча ўрганилаяпти. Суиқасд маиший жанжал асосида содир этилган¸ деб тахмин қилинаяпти. Ҳозирча қизгинани кимдир пастга итаргани версияси кўрилмаяпти”¸ деди Озодликнинг маҳаллий ҳуқуқ тизимидаги манбаси.

Ўспирин қиз ва унинг оиласини яхши билган айрим учқудуқликларга кўра¸ марҳума уч фарзандлик оиланинг ягона қизи бўлган.

М. чиройлик ва одоблик қиз эди. Иккита уйланмаган акаси бор. Шунинг учун эрга тегиш-тегмаслик устида отаси билан жанжаллашганига ишонмайман. Отасини яхши танийман. Ўзига тўқ одам¸ иккита-учта машинаси¸ яхшигина ҳовли-жойи бор. Онаси тарбиячи. Икки кун олдин кўргандим қизниям¸ отасиниям. Руҳий жиҳатдан бирор муаммоси борлигини сезмаганман. Нимага бунақа қилди экан¸ ҳайрон бўлиб ўтирибмиз”¸ дейди марҳумани билганлардан бири.

Бу воқеа тафсилотидан хабардор бошқа бир учқудуқликка кўра¸ 10 июль куни марҳума отаси билан жанжаллашиб қолган ва ўз шартига кўнмаса¸ жонига қасд қилишдан тоймаслигини ҳам айтган.

Отасининг бошқа хотини борлиги ва иккинчи хотиннинг ўз онаси билан тез-тез жанжаллашаëтганидан зада бўлган қиз отасидан иккинчи хотиндан воз кечишни сўраган. Ота бунга кўнмаган¸ орада катта уруш чиққан ва қиз жаҳл устида уйидан чиқиб кетган. Эртасига у жонига қасд қилган. Отаси бу гапдан кейин ëмон бўлиб қолди. Ҳозир қишлоғига опкетишди. Қизнинг жанозаси ҳам қишлоқда бўлди”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган учқудуқликлардан бири.

Озодликка маълум бўлишича¸ ҳозирча Учқудуқ прокуратураси бу суиқасд сабабларини ўрганмоқда.

Ўлим ҳолати бўйича иш очилиш-очилмаслиги ҳозирча номаълум.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хулосасига кўра¸ ўз жонига қасд қилиш жаҳон бўйлаб 15-29 ëшдаги қизлар ўлимига сабаб бўлаëтган биринчи омилдир.

Ташкилотга кўра¸ жануб-шарқий Осиë мамлакатларида вафот этаëтган ҳар олти қиздан бири ўз жонига қасд қилади.

Суиқасд сабабларини тадқиқ қилган мутахассислар¸ ëшлар¸ хусусан ўспирин қизларни ўз жонига қасд қилишга олиб келаëтган омиллар орасида тушкунлик¸ паранойя¸ зўравонлик ва ижтимоий таҳқирларни тилга олинади.

Ўзбекистонликлар орасидаги суиқасд ҳолатларига оид расмий рақамлар ва таҳлилий ҳисоботлар жамоатчиликка ошкор этилмайди.

Айни пайтда¸ Озодликка келаëтган хабарлардан¸ Ўзбекистонда ҳам айни ëш категориясидагилар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб бораëтганини тахмин қилиш мумкин.

Озодликка биргина ўтган ойнинг ўзида Тошкент шаҳри ва вилоятида икки ўқувчининг ўз жонига қасд қилгани ҳақида маълумот етиб келган бўлса¸ Жиззахнинг Пахтакор туманида йил бошида икки ҳафта ичида икки ўспириннинг ўзини ўлдиргани маълум бўлган эди.

Ўзбекистонлик руҳшунослар эътирофича¸ мамлакатда ўспиринлар орасида содир этилаëтган аксар жонига қасд қилиш ҳолларига оилавий-маиший сабаблар туртки бўлмоқда.

Алоқадор

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG