Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:20

МХХ биноси олдида ўзига ўт қўйган шерободлик ногирон ўлди


Миллий хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти, Шеробод тумани бўлими биноси олдида ўзига намойишкорона ўт қўйган иккинчи гуруҳ ногирони воқеадан тўрт кун ўтиб, касалхонада жон берди. Воқеа гувоҳларига кўра, унинг жасади бир кун касалхонада ушлаб турилгандан сўнг, чоршанба куни кечқурун яқинларига берилган. Ногирон пенсиясини ололмаётгани учун МХХга арз қилгани, МХХ эса уни милицияга топшириб калтаклатгани айтилди.

Шеробод туманининг Қўрғон(собиқ Қўштегирмон) маҳалласида яшаган 42 яшар иккинчи гуруҳ ногирони Шербой Райимов 26 июль куни туман касалхонасида вафот қилди.

Шербой Райимов 22 июль куни туман МХХ биноси олдида ўзига намойишкорона ўт қўйган ва баданининг 90 фоизи куйиш ташҳиси билан касалхонага ётқизилган эди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган манбанинг айтишича, у ногиронлик пенсиясини ололмаганидан арз қилиб МХХга борган эди:

“У ногиронлик пенсиясини бир неча кун почтадан ололмаган. Кейин сенларни СНБга айтаман деб туман миллий хавфсизлик хизматига келган. Бу ерда ҳам арзини тинглашмагандан сўнг бақир-чақир қилган. Шунда СНБ милицияни чақириб уни тинчлантиришни буюрган. Милиция ходимлари уни олиб бориб роса калтаклашган. Шербой кечки пайт мелисахонадан чиқиб, бензин сотиб олганда, СНБ биноси яқинида бошидан қуйиб ўзига ўт қўйган. Энг даҳшатлиси шундаки, унинг ўзига ўт қўйишини СНБ ходимлари кузатиб турган ва ҳеч ким уни бу ниятидан қайтаришга ҳаракат ҳам қилмаган”, деди манба.

Шеробод тумани Қўрғон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шерзод Ҳикматов Озодлик билан суҳбатда Шербой Райимовнинг МХХ билан зиддиятга киришиб ўзига ўт қўйганини инкор қилди:

- Мен ҳам касалхонага бориб у билан гаплашдим. Шербой билан, унинг хотини билан суҳбат қилдик. "Сабаби эскичадан" дегандай гап қилди. Гўёки қора кучлар уни таъқиб қилиб юрганмиш. Шунинг учун ўзига ўт қўйибдимиш, деди маҳалла раиси.

Озодликнинг бу воқеа ҳақидаги биринчи хабарида ҳам расмийлар Шербой Райимовнинг ўзига ўт қўйиши сабабини "асабий-руҳий хасталиги ўзгариши" деб изоҳлаган эди.

Бироқ, Шербой Райимовни яқиндан билган шерободлик тадбиркорлардан бири унинг ўзига ўт қўйишига аллақандай “қора кучлар” ҳам, "асабий-руҳий хасталик" ҳам сабаб бўлганини қатъиян рад этади:

“Мен Шербойни яхши танийман. Тўғри, кўзи яхши кўрмасди, лекин ақли- ҳуши жойида эди. Учта боласи бор. Каттаси коллеж, иккинчиси мактаб ўқувчиси. Учинчиси бу йил мактабга боради. Жудаям оғир иқтисодий аҳволда яшарди. Ногиронлик пенсияси билан оиласини боқарди. Пул йўқ, болалар оч, пенсияни бермаяпти. Бунинг устига уни мелисалар калтаклаган. Бунинг ҳаммаси бир бўлиб, Шербойни кучли депрессияга солган ва у жамиятга, МХХ ва милицияга ўз исёнини шу тариқа баён этган. Энди эса улар Шербой ўзи руҳий касал эди, деган гапларни тарқатишяпти”, деди тадбиркор.

Шеробод тумани прокуратураси бу воқеа юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 103 моддасининг 1-қисми (моддий томондан ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлмаган шахсга раҳмсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиш натижасида уни ўзини ўзи ўлдириш ёки ўзини ўзи ўлдиришига суиқасд қилиш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Озодлик Шеробод тумани прокуратурасидан бу масалага муносабат ололмади.

XS
SM
MD
LG