Линклар

Афғон расмийлари Толиблар етакчиси Ахтар Мансур ўлганини тасдиқлади


Ахтар Мансур ва унинг ҳайдовчисига оид кўрилган жасадлар шифохонага келтирилди

Ахтар Мансур ва унинг ҳайдовчисига оид кўрилган жасадлар шифохонага келтирилди

Афғонистонда Хавфсизлик масалалари бўйича бошқарув кенгаши Толиблар етакчиси мулла Ахтар Мансурнинг ўлганини тасдиқлади. Расмий хабарга кўра, Ахтар Мансур 21 май куни Покистоннинг Балужистон вилоятида АҚШ дронидан отиб ўлдирилган. 22 май куни Пентагон матбуот хизмати Толиблар етакчиси Афғонистон-Покистон чегарасига яқин ҳудудда ўлдирилганини хабар қилган эди.

Пентагон матбуот котиби Питер Кук айни пайтда дрон ҳужуми натижалари ўрганилаётгани, аммо ушбу ҳужумда Ахтар Мансур ва унинг ҳайдовчиси ўлган бўлиши мумкинлигини айтган эди.

Шунингдек, Пентагон расмийси бу ҳужум Балужистондаги Аҳмад Вал шаҳарчасида амалга оширилгани, амалиётни АҚШ президенти Барак Обама шахсан назорат қилганини айтди.

Associated Press агентлиги ҳам Толиблар қўмондони мулла Абдул Рауфга таяниб, Ахтар Мансурнинг дрон ҳужумида ўлдирилганини хабар қилмоқда. Ваҳоланки, Толибларнинг бошқа етакчилари раҳбарининг ўлдирилиганини ҳануз инкор қилмоқда.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани маъмурияти Озодлик радиоси Афғон хизматига дрон ҳужуми бўлганини тасдиқлади ва айни пайтда ҳукумат Толиблар етакчиси ўлганига оид хабарларга аниқлик киритаётганини айтди.

Хусусан, президент матбуот котиби Саид Зафар Ҳошимий Ахтар Мансур ўлдирилгани эҳтимоли катта эканини таъкидлади.

AFP агентлигининг маҳаллий расмийларига таяниб хабар қилишича, ҳужумда ўлган икки кишининг жасади таниб бўлмас даражада куйиб кетган. Ҳозирда жасадлар Кветта шифохонасига олиб кетилган.

Афғонистон ҳукумати ижроия раиси Абдулла Абдулла Мансурнинг ўлими Толиблар ва Афғон ҳукумати ўртасидаги сулҳ музокараларига ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтди.

Унинг айтишича, айнан Ахтар Мансур жангариларни ҳукумат билан сулҳ тузмасликка чақириб келаётган эди.

Айни пайтда, Пентагон матбуот котиби Кук ҳам мулла Мансурнинг сулҳ музокараларига тўсқинлик қилиб келганини таъкидлади. Шунингдек, Ахтар Мансур Афғонистон бўйлаб тинч аҳоли вакиллари ўлдирилган ҳужумларга масъул кўрилади.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри бу ҳужумдан Афғонистон ва Покистон раҳбарлари огоҳлантирилганини айтиб ўтди.

Мулла Мансур 2015 йилнинг 31 июлида жангари гуруҳ раҳбари этиб тайинланган. Толиблар ўтган йили июлда ўз етакчиси мулла Умар икки йил муқаддам ўлганини маълум қилган эди.

Ўшанда аксар Толиб қўмондонлари ва жангари гуруҳлар етакчининг ўлими 2 йил сир сақлангани, бу муддат ичида унинг номидан ёлғон баёнотлар берилганига норозилик билдирган.

Натижада, айрим қўмондонлар бу ёлғоннинг бошида турган мулла Ахтар Мансур гуруҳга етакчи этиб тайинланганидан норози бўлган ва гуруҳ ичида зиддиятлар, қуролли низолар бошланган.

Хусусан, Толиблар сафида курашган ўзбек жангарилари гуруҳи - собиқ Ўзбекистон исломий ҳаракати етакчиси Усмон Ғозий янги амирга байъат бермаган, аксинча, Ироқ ва Сурияда ҳукм сураётган "Исломий давлат"га байъат берганини билдирган эди.

"Исломий давлат"га байъат берган Афғонистондаги бошқа тажрибали Толиб қўмондонлари - мулла Муҳаммад Расул ва мулла Додуллоҳга қарши мулла Ахтар Мансур жангчилари ўртасидаги йирик тўқнашув ноябрь ойи ўрталарида Зобул вилоятида кузатилган.

Эндиликда мулла Ахтар Мансурнинг ўлими жангари гуруҳ ичида етакчилик учун ўзаро жангларни яна юзага чиқариши мумкинлиги айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG