Линклар

Ўзбекистон-Тожикистон ўртасида ёпилган темир йўллар қайта очилиши кутилмоқда


Тожикистон Транспорт вазирлиги мулозимларига кўра, бир неча йиллар олдин ёпиб қўйилган “Амузанг-Хатлон” ва “Конибодом-Бешариқ-Ашт” темир йўлларини қайта ишга туширишга бағишланган музокараларга тайёргарлик кўрилмоқда. Бу йўллар Ислом Каримов раҳбарлиги пайтида Ўзбекистон томони ташаббуси билан ёпиб қўйилган эди.

Тожикистон Транспорт вазирлиги мулозимининг Озодлик радиосига айтишича, бу масала ўзбек томони билан яқин кунларда муҳокама қилинади:

“Келаси ҳафта Душанбе шаҳрида бўладиган Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилиши кун тартибига бу масала киритилган”, деди мулозим.

Тожикистон ҳукуматининг айтишича, “Амузанг-Хатлон” темир йўлининг қайта тикланиши икки мамлакатнинг иқтисодий манфаатлари учун жуда ҳам керак.

“Амузанг-Хатлон” темир йўлининг Ўзбекистондан Тожикистонга ўтадиган қисмида 2011 йилнинг 17 ноябрида портлаш содир бўлган ва шундан сўнг бу йўл Ўзбекистон томонидан тамоман ёпиб қўйилган эди.

Расмий Душанбе бу йўлни тиклаш бўйича бир неча бор Ислом Каримов ҳукуматига мурожаат қилган, лекин Роғун ГЭСи можароси боис, бу мурожаатлар аҳамиятсиз қолаётган эди.

Тожик ҳукуматининг айтишича, Ўзбекистондан Тожикистон жанубига олиб борадиган бу йўлнинг ёпилиши мамлакат иқтисодига жуда катта зарар келтирган.

Тожик ҳукумати йўл ёпилиш ортидан, пойтахтдан жанубга олиб борадиган бошқа бир йўл, Душанбе-Қўрғонтепа-Кўлоб йўлини қуришга киришган ва жорий йилнинг ёзида қуриб битирган эди.

Узметроном интернет газетасининг ёзишича, Тожикистоннинг Сўғд вилоятидан Ўзбекистонга ўтадиган ва “Конибодом-Бешариқ-Ашт” темир йўлининг очилиши ҳам ҳукуматлараро комиссияда муҳокама қилинади.

Ўзбек томонининг ташаббуси билан ёпилган бу темир йўли Фарғона водийсидан Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларига йўловчилар ва халқ хўжалиги юкларини ташишда собиқ иттифоқ давридан буён энг асосий восита эди.

Авваллари, масалан, Андижондан Бухорога бормоқчи бўлган поезд йўловчилари Тожикистоннинг Сўғд вилоятига кириб ўтишлари лозим бўларди. Бу қатнов 2010 йил февралидан тўхтатилган.

Ўзбекистон томони бу йўлдан воз кечиш баробарида қарийб икки миллиард доллар миқдорида маблағ сарфлаб, Ангрен-Поп темир йўлини қурганлиги айтилади.

Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг икки мамлакат ўртасида илиқлик муносабатлари кузатила бошланди.

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида амалга ошириши лозим бўлган олти устивор йўналишлардан бири қўшни давлатлар билан алоқаларни яхшилаш эканлигини айтган эди.

Икки давлат ҳукуматлараро келишувларга кўра, келгуси йилнинг баҳоридан авиақатновлар ҳам йўлга қўйилиши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG