Линклар

Тожикистоннинг Мўминобод туман суди хотинини бокира эмасликда айблаган шахсга 600 сомони (75 АҚШ доллари) миқдорида жарима солди. Маънавий зарарни ундириш мақсадида куёвни шахсияти топталган келин судга берган эди.

Мўминобод туманида истиқомат қиладиган 21 яшар Мадина Ҳаким эрга теккан пайтида уни бокира эмасликда айблаган собиқ эридан 10 минг сомони (1250 АҚШ доллари) миқдорида маънавий зарар ундиришни сўраб, судга берди. Суд жавобгар томон оиласининг моддий имкониятлари чеклангани боис, унга 600 сомони жарима солди.

Мадина Ҳакимнинг айтишича, у ўтган йили ҳамқишлоғига турмушга чиққан, бироқ уч кундан сўнг янги куёв уни бокира эмасликда айблаб, ҳайдаб юборган эди.

Шундан сўнг Мадина куёв ва унинг оиласига ўзининг “қиз бола” эканлигини исботлаш учун суд тиббий экспертизасидан ўтишга мажбур бўлганини айтади:

“Мен ўзимнинг бокиралигимни тасдиқлаганимдан кейин эримнинг уйига қайтдим. Бироқ, бир оз вақт ўтганидан сўнг, унинг оила аъзолари мени таҳқирлай бошлади. Эрим мендан олдин бошқа қизни яхши кўрганини ва мендан тезроқ қутулиш учун шундай туҳмат қилганини билдим”, деди Мадина.

Шундан сўнг Мадина отасининг уйига бутунлай кетиб қолган ва собиқ эридан маънавий зарарни ундириш учун уни судга ариза берган.

Мадинанинг собиқ эри Манучеҳр Рўзиев Озодлик мухбири билан суҳбатда Мадинанинг бокира эмаслигини кечирганини ва уни уйга қайтарганини, бироқ аёлининг ўзи уйига кетиб қолганини айтди.

Тожик жамияти анъаналарига кўра, қизлар эрга текканда бокира бўлиши шарт. Агар биринчи никоҳ оқшомида қизнинг бокира эмаслиги тасдиқланса, уни шармандаларча ҳайдаб юборишади. Одатда бундай қизларни ота-оналари ҳам уйларига қабул қилишмайди ва уларнинг обрўсига бир умр доғ тушган ҳисобланади.

Мусулмон жамиятида қизларнинг юриш-туришига жуда катта аҳамият берилади ва уларнинг бокиралигини тўйгача сақлаш ота-оналарга қўйилган энг биринчи талаб бўлади. Шунинг учун ҳам ота-оналар ўз қизларини жуда қаттиқ тарбия қилишади.

Расмий маълумотларга кўра, 2015 йилда Республика суд-тиббий экспертизаси марказига Душанбе ва унга қўшни бўлган туманлардан бокираликни тасдиқлатиш учун 600та ариза тушган. Одатда бундай аризаларни тўйдан кейин қизи бокира эмасликда айбланиб, ҳайдаб юборилган қизларнинг ота-оналари беришади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG