Линклар

logo-print

Тожикистонда яна бир ёш аскар “дедовшчина” қурбонига айланди


Рамазон Раҳматовнинг армияга кетиш олдидан онаси билан тушган сурати.

Рамазон Раҳматовнинг армияга кетиш олдидан онаси билан тушган сурати.

Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинларига қарашли 2858-ҳарбий қисмда муддатли хизмат ўтаётган 18 ёшли Рамазон Забиров ўтган ҳафта ҳаётдан кўз юмди. Аскар йигитнинг яқинлари фожиага унинг катта ёшдаги хизматдошлари томонидан дўппослангани сабаб бўлганини айтмоқдалар.

Сўғд вилоятининг Зафаробод туманида хизмат ўтаган Забировнинг жасади суд-тиббий экспертиза ўтказилганидан кейин яқинларига топширилган. Марҳумнинг дафн маросими якшанба куни у туғилган Тўда (Ҳисор тумани) қишлоғида бўлиб ўтган.

Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинлари бош бошқармаси ўлим сабаби суд-тиббий экспертиза натижаларига кўра белгиланишини маълум қилган. Чегара қўшинлари матбуот котиби Муҳаммаджон Улуғхўжаев 10 август куни Озодликнинг тожик хизматига зарур маълумотларни олганидан кейин мазкур воқеа юзасидан батафсил маълумот беришини билдирган.

Рамазон Забировнинг яқинлари аскар йигит хизматдошлари томонидан уриб ўлдирилганини иддао қилмоқда. Рамазоннинг онаси Мавлуда Тағоева Озодлик мухбирларига ўғлининг жасадида калтак излари, хусусан, белида қора доғлар, жағида шишлар бўлгани, боши эса бинт билан ўралганини айтган.

- Мен бу ишни шу бўйича қолдирмайман ва албатта ўғлимнинг ўлимида айбдор бўлганларни жавобгарликка тортилишини талаб қиламан, - деди Мавлуда Тағоева.

Марҳум аскарнинг отаси Муллозокир Забиров Рамазон армияга шу йил баҳорида ўз ихтиёри билан кетганини айтди. Унга кўра, бунинг эвазига маҳаллий расмийлар бу оилага ер участкаси беришни ваъда қилганлар, лекин ваъдаларини бажармаганлар.

- Эртага мен туман прокуратурасига ариза ёзиб, ўғлимнинг ўлими сабабига аниқлик киритиб беришни ва бу ишга кимлар алоқадорлигини очиқлашни талаб қилмоқчиман, - деди Муллозокир Забиров.

18 ёшли Рамазон Забиров ўрта мактабни тугатганидан кейин қишлоқдошларининг мол-қўйини боқиб юрган, улар эса йигитга бу иш учун ойига 1,5 минг сомоний (190 доллар атрофида) пул йиғиб бериб турганлар.

Оилада катта ўғил бўлган Рамазон шу тариқа базўр кун кечирадиган яқинларига ёрдам қилиб турган.

Ҳарбийлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи Фуқаровий эркинликлар офиси бу ҳодиса тафсилотларини ўрганиш ниятида. Ташкилот вакиласи Хуршеда Раҳимова Озодликнинг тожик хизматига Забировлар оиласини адвокат билан таъминлаши мумкинлигини айтган.

Сўнгги йилларда тожик матбуотида муддатли хизматга чақирилган аскарларга нисбатан ҳарбий низомга зид муомала тез-тез кузатилаётгани, бундай ҳодисаларнинг бир қанчаси ёш аскарлар ўлими билан тугагани ҳақида кўп ёзилди.

Яқинда Душанбе гарнизони ҳарбий суди Тожикистон Мудофаа вазирлиги зиммасига армияда ўлган аскар Фирдавс Раҳматовнинг оиласига маънавий зарар учун 5 минг сомоний (тақрибан 635 АҚШ доллари) миқдорида товон пули тўлаш мажбуриятини юклаган. Бундан норози бўлган Раҳматовнинг яқинлари суд қарори юзасидан юқори инстанцияга шикоят аризаси билан мурожаат қилишларини билдирганлар.

XS
SM
MD
LG