Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:34

Мактаблардаги инглиз тили ўқитувчиларининг 10,5% имтиҳондан ўта олмади


Ўзбекистон Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятовнинг вазирлик расмий веб нашрига айтишича, мамлакат умумтаълим мактабларидаги инглиз тилидан таълим бераётган ўқитувчиларнинг 10 фоиздан кўпроғи профессионал малака имтиҳонидан ўта олмаган.

Бу кўрсаткич, Ўзбекистон бўйлаб мавжуд 20 мингдан кўпроқ инглиз тили ўқитувчиларининг билим даражаси ва профессионал маҳоратини текширувдан ўтказиш пайтида маълум бўлган.

Улуғбек Иноятовнинг айтишича, текширувдан ўта олмаган 2860 нафар ўқитувчининг навбатдан ташқари малака ошириш курсларидан ўтиши режалаштирилган.

Ўқиш, ёзиш, тинглаш ва грамматика

3–12 январь кунлари Ўзбекистон бўйлаб инглиз тили ўқитувчиларининг инглиз тилини билиш даражаси текширилди.

Улар тест марказларида British Council идорасининг инглиз тили бўйича IELTS тест имтиҳонларини топширганлар.

Тошкент шаҳар Учтепа тумани ўрта мактабларидан бирида инглиз тилидан дарс бераётган ёш ўқитувчига кўра, тест марказларида ўқитувчилардан "ўқиш, ёзиш, тинглаш ва грамматика бўйича тест олинган".

"Январда бўлди. Сельхозда тест бўлди. Аввал инглиз тилидаги матнни ўқиб эшиттиришди, биз икки марта тингладик. Кейин худди ўша матн бўйича 20 та саволга жавоб бердик. Кейин иншо ёздиришди, кейин инглизча текст ўқидик ва грамматикадан саволларга жавоб бердик," деди у.

Унга кўра, имтиҳондан ўта олмаган ўқитувчилар ҳозирда ҳафтасига бир марта ўқув марказларига бориб, инглиз тилидан таълим олишмоқда.

"Имтиҳондан ўтмаганлар март ойидан бошлаб ҳар жума куни тест марказларига бориб ўқишади. Ёзда яна имтиҳон топширишади," - деди ёш ўқитувчи.

Инглиз тилига иштиëқ

Собиқ президент Ислом Каримов томонидан 2012 йил декабрида имзоланган қарорга мувофиқ, Ўзбекистонда инглиз тили умумтаълим мактабларининг биринчи синфидан бошлаб ўргатилади.

Мазкур қарордан “…ўсиб келаётган ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, шу тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда бунинг негизида, уларнинг жаҳон цивилизацияси ютуқлари ҳамда дунё ахборот ресурсларидан кенг кўламда фойдаланишлари, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришлари учун шарт-шароит ва имкониятлар яратиш...” мақсади кўзланган.

Инглиз тилига эътиборни кучайтиришга қаратилган қарор ортидан инглиз тили Ўзбекистондаги барча ўқув юртларида энг кўп талаба қабул қилинадиган соҳага айланди.

Халқ таълими вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон бўйлаб 2016 йилда олий ўқув юртларда 2450 абитуриент инглиз тили факультетларига ўқишга кирди.

Бундан Совет Иттифоқи пайтида миллатлараро мулоқот тили ҳисобланган рус тилига эътибор инглизчага нисбатан тўрт баравардан кўпроққа озайиб кетганини кўриш мумкин: рус тили ва адабиёти факультетларига ўқишга 530 ўрин ажратилган, холос.

Олмалиқ шаҳар ўрта мактабларидан бирининг ўқитувчиси инглиз тили рус тили ўрнини "аста-секинлик билан" эгаллаб бораётганини айтди.

- Инглиз тилига талаб кучли. Олдин ҳамма боласини рус тилига берган бўлса, энди инглизчага беришаяпти. Чунки қизиқиш катта, - деди инглиз тили ўқитувчиси.

Бироқ, Озодлик суҳбатлашган инглиз тили ўқитувчиларига кўра, ўрта мактабларда инглиз тили дарсликлари етишмаётир.

Инглиз тили ўқитувчиларига кўпроқ маош

Улар инглиз тили ўқитувчилари маошлари бошқа ўқитувчиларга нисбатан кўпроқ эканини ҳам илова қилишди.

Ўзбекистон собиқ президенти қарори 7 банди бу борада жумладан шундай дейилган:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Молия вазирлигининг чет тиллар ўқитувчилари ва муаллимларига қонун ҳужжатлари билан белгиланган рағбатлантирилувчи тўловлар ва қўшимчаларни ҳисоблашда, уларнинг лавозим маошлари таркибига киритган ҳолда қишлоқ жойларда жойлашган таълим муассасаларида уларнинг тариф ставкаларига 30 фоиз ва бошқа таълим муассасаларида 15 фоиз ставкалари миқдоридаги ҳар ойдаги қўшимчалар қўшиб беришни белгилаш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин”.

XS
SM
MD
LG