Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:36

Россия расмийлари Душанбедаги кўча номлари алмаштирилиши юзасидан ташвиш изҳор қилди


Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги тожик расмийлари Душанбедаги кўчалар номини ўзгартиришда норози “фахрийлар” маслаҳатига қулоқ тутишига умид қилмоқда. Айни пайтда тожикистонлик мулозимлар совет давридан ёдгор кўча номларини алмаштиришнинг миллатчилик билан алоқаси йўқлигини айтаётирлар.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Душанбеда совет давридан қолган кўча ва шоҳкўчалар номлари ўзгартирилаётгани юзасидан ташвиш изҳор қилди. Вазирлик расмийси Мария Захарованинг Москвада ўтган матбуот анжуманида билдиришича, авваллари бу кўчалар Улуғ Ватан уруши қаҳрамонлари, совет олимлари ва маданият арбоблари номлари билан аталган. Захарова бу мавзу маҳаллий матбуотда ҳам кенг муҳокама қилингани, кўчаларнинг номлари алмаштирилишига мўътабар кишилар эътироз билдирганларини урғулади.

- Мен таниқли тарихчилар гуруҳи, фахрийлар ташкилотлари вакиллари ва талабалар халқимиз тарихининг ёрқин саҳифаси бўлган кўчаларнинг аввалги номларини сақлаб қолишни сўраганларини биламан. Шунинг учун расмийлар таниқли шахслар ва фахрийлар фикрига қулоқ тутади, деб умид қиламан, - дея қўшимча қилди Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакиласи Мария Захарова.

Душанбе мэрияси ва депутатлар кенгаши яқин орада Тожикистон пойтахтидаги қатор кўчалар номларини алмаштиришга чоғланаётгани ҳақида даставвал Россиянинг “Известия” нашри хабар тарқатди. Хабарда, жумладан, аввал уруш қаҳрамонлари деб қараладиган Зоя Космедемьянская, Александр Матросов ва Николай Гастелло номларини ташиган кўчалар эндиликда бошқача номланиши айтилган ва яна ўн чоғли русча номдаги кўча аталиши ўзгариши қўшимча қилинган.

Шундан сўнг рус сайтларида тожик расмийларининг бу ҳаракати миллатчилик ўлароқ баҳоланган, “Тожикистон ҳам бандерачи Украина танлаган йўлдан кетаяпти” каби иддаолар акс этган мақолалар пайдо бўла бошлади.

Тожик дипломатлари россиялик ҳамкасбларининг хавотирига ҳали муносабат билдирганича йўқ. Айни пайтда Тожикистон Тил ва атамалар қўмитаси раҳбарияти кўчалар номларининг алмаштирилишини “миллатчилик” кўриниши ёки совет маданиятини ер билан яксон этилиши, деб ҳисобламайди.

Қўмита расмийси Абдураҳим Зулфониён 19 август куни Озодликнинг тожик хизматига берган интервьюсида Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакиласининг Душанбедаги кўча номлари алмаштирилиши юзасидан баёнотини асоссиз, деб атади.

- Кўчалар номларининг алмаштирилиши мамлакат қонунчилиги асосида олиб борилаяпти. Бунинг миллатчиликка алоқаси йўқ, билъакс бу тожик халқи миллий қадриятларининг тикланиши аломати бўлиб ҳисобланади, - деди Абдураҳим Зулфониён.

Тил ва атамалар қўмитаси расмийси кўчаларнинг аввалги номларини сақлаб қолиш бўйича ҳеч қанақа фахрий ёки талабалар гуруҳи мурожаати ҳақида эшитмаганини, уларга бу борада ҳеч қандай ҳужжат келиб тушмаганини ҳам қўшимча қилди.

Тожикистонда кўча, туман, шаҳар ва ҳатто вилоятлар номларини алмаштириш жараёни бошланганига 15 йилдан кўп бўлди. Бу вақт ичида, дейлик, Ленинобод вилояти Сўғдга, Пролетар тумани Жаббор Расуловга, Куйбишев тумани Абдураҳмон Жомийга алмаштирилган.

Жой номларини тожикчалаштириш жараёнидан арабча ва туркча номлар ҳам бебаҳра қолмаган. Тожикистон президенти шу йил февралида имзолаган ҳукумат қарорига кўра, Тавилдара тумани Сангворга, Жирғатол Лахшга, Жалолиддин Румий тумани Жалолиддин Балхийга, Жиликўл Дўстига, Қумсангир Жайҳунга, Қайроққум Гулистонга, Чкалов Бўстонга, Ғончи тумани Деваштичга ўзгартирилган.

XS
SM
MD
LG