Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:16

Истанбулдаги теракт ортидан Тожикистон масжидларида куну-тун навбатчилик қилинади


Душанбедаги Уламолар кенгаши йиғилишидан лавҳа, 2016 йил 29 июни.
Душанбедаги Уламолар кенгаши йиғилишидан лавҳа, 2016 йил 29 июни.

Тожикистон Ислом маркази Уламолар кенгаши масжидлар қошида ташкил этилган одоб комиссияларидан Рамазон ҳайити арафасида ҳамда бевосита ҳайит куни барча масжидларда навбатчилик уюштиришни талаб қилди.

Тожикистон Ислом маркази Уламолар кенгаши раиси Саидмукаррам Абдулқодирзода 29 июнь куни Душанбеда диндорлар билан ўтказган йиғилишида масжидларда туну кун навбатчилик уюштириш қарори аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда хорижий ўлкалар, хусусан, Истанбул шаҳрининг Отатурк аэропортида содир этилган террор хуружи туфайли қабул қилинганини айтди.

- Ҳаммамиз кузатиб турибмиз. Кеча Истанбул аэропортида портлаш содир бўлди. Бир неча киши ҳалок бўлди. Яъни, масжидларда ташкил этилган одоб комиссиялари шу кунларда ўз ишини фаолроқ йўлга қўйиши керак. Албатта ҳаммамизни Парвардигорнинг ўзи сақласин, аммо ўзимиз ҳам хушёр бўлишимиз керак, - деди Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдулқодирзода.

У ҳайитга ўтар кечаси масжидларда навбатчилик қилганлар ухлаб қолмасликлари, шубҳали кўринган барча нарсани кузатиб туришлари ва бу ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар қилишлари лозимлигини қайд этди. У ҳайит арафасида, ҳайитга ўтар кечаси ва ҳайит куни эрталаб навбатчиликни кучайтириш, кузатув камералари созлигини текшириш учун мутахассисларни чақириш лозимлигини уқтирди.

Отатурк аэропортидаги террор хуружи ҳақидаги хабардан қайғуга тушганини билдирган Тожистон муфтийси ҳар қанақа террор хуружини қоралашини айтди.

Уламолар кенгашининг чоршанба кунги мажлисида Тожикистонда Рамазон ҳайити 6 июль куни нишонланиши айтилди. Бу йил дунёнинг аксар мамлакатларида Рамазон ҳайити шу кунга тўғри келади. Аввалги йилларда Тожикистонда Ийди Рамазон бошқа мусулмон ўлкалардан бир кун кейин нишонланган, бу эса маҳаллий мусулмонларнинг норозилигига сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG