Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:47

Тожик расмийлари матбуот устидан назоратни янада кучайтирди


Тожикистоннинг авторитар президенти Имомали Раҳмон март ойида Душанбеда икки телеканални очиб берганди.
Тожикистоннинг авторитар президенти Имомали Раҳмон март ойида Душанбеда икки телеканални очиб берганди.

Тожикистон ҳукумати расмийларнинг ҳам давлат, ҳам хусусий телеканалларни назорат қилиш ҳуқуқини янада мустаҳкамлади. Мамлакатда расмийлар шундоқ ҳам матбуотни қаттиқ назорат қилади.

Жорий ҳафтада эълон қилинган “телевидение ва радио дастурларини тайёрлаш бўйича кўрсатмалар” деб аталувчи қонунда ҳукумат Давлат телерадио қўмитаси орқали “барча телевидение ва радио тармоқларини, улар кимга тегишли бўлишидан қатъи назар, тартибга солиш ва назорат қилиш ҳуқуқига эгадир”, дейилади.

Тожик журналистларини миллий манфаатларни илгари суришга чорловчи мазкур қонундан мақсад “бетараф маълумот тарқатиш” эканлиги айтилган.

Аммо танқидчилар янги қонун Тожикистон авторитар ҳукуматининг матбуотни цензура қилишини янада осонлаштиришини айтмоқдалар.

Британиядаги Эксетер университети тадқиқотчиси Эдвард Лемон: “Сўз эркинлиги нуқтаи назаридан бу салбий ўзгаришдир”, деди.

Тожикистондаги воқеаларни кузатиб келаётган Лемоннинг таъкидлашича, матбуот қонуни ҳукуматга “маълумот бўйича монополия ўрнатиш ҳамда ҳамма нарса ўз назаридаги сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий ҳақиқатга мос келишини таъминлаш ҳуқуқини беради”.

Қонун мунтазам равишда ёритишни талаб қилувчи мавзулар орасида миллий маданият, таълим ҳамда соғлом турмуш тарзи каби мавзулар бор.

Аммо мазкур мажбурий кўрсатмалар “ҳукуматнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданият соҳалари, қолаверса, санъат, таълим, илм-фан ҳамда спорт соҳаларидаги сиёсатини тарғиб қилишни ҳам талаб қилади”, деди Лемон.

Қонунда ёзилишича, телевидение ва радио дастурларни Телевидение ва радио қўмитасига кирувчи Санъат қўмитаси мунтазам равишда назорат қилиб туради.

Тожикистонлик айрим журналистлар Санъат қўмитасини совет давридаги “Главлит”га қиёслашмоқда.

Хабар сайти асосчиси Саймуддин Дустов қонунни “ҳукумат томонидан янада кўпроқ цензура”, дея қоралади.

Дустов расмийларни янги қонун матбуот эркинлиги бўйича қабул олинган қонунларга зид эканлигини айтиб, уни бекор қилишга чорлади.

Душанбелик мустақил матбуот таҳлилчиси Зафар Абдуллоев қонун кўп нарсани ўзгартирмаслигини, чунки ҳукумат цензураси шундоқ ҳам чуқур илдиз отганини таъкидлади.

Тожикистон ҳукумати матбуот эркинлигини чеклаб, мустақил нашриётларни сиқувга олгани учун кескин танқид қилиб келинади.

Freedom House ташкилоти мунтазам равишда Тожикистонни матбуоти эркин бўлмаган мамлакатлар қаторига қўшиб келади.

Фарангиз Нажибулла ва Хиромон Бақозода мақоласи

XS
SM
MD
LG