Линклар

Тожикистон қариндошлар никоҳига қўйилган чекловни янада кучайтирди


Тожикистонда яқин қариндошларнинг никоҳ қуриши тақиқлангани ҳақидаги биринчи июлда қабул қилинган қонундан сўнг, энди бўлажак эру-хотинлар никоҳдан олдин яқин қариндош эмаслигини тасдиқловчи тиббий ҳужжат тақдим этмоғи шарт.

Тожикистон ҳукумати янги турмуш қурадиган ёшларга расмий қайддан ўтиш пайтдида уларнинг яқин қариндош эмаслигини тасдиқловчи тиббий ҳужжат кўрсатилиши ҳақида махсус низом қабул қилди.

Низом муаллифларидан бирининг айтишича, соғлом оила ташкил қилиш ва ирсий касалликлари бор болалар туғилишининг олдини олиш мақсадида июль ойидан бошлаб ёшлар уйланмоқчи бўлган ёри билан яқин қариндош эмаслиги ёки туғилажак фарзандининг носоғлом бўлиш эҳтимоли йўқлиги ҳақида олинган тиббий маълумотномани никоҳдан олдин тақдим этиши шарт:

“Бўлажак жуфтлар никоҳдан олдин обдон текширилади. Масалан, уларнинг қонлари бир хил эмаслиги, жинсий касалликлари бор-йўқлиги, ВИЧ ки СПИД ёки сифилис эмаслиги текшириб кўрилади”

Низомга кўра, тиббий текширувлар текин қилинади ва узоғи билан икки ҳафтада унинг жавоби айтилади.

Агар текширув яхши чиқмаса, бу жуфтликдан келажакда носоғлом фарзандлар туғилиши эҳтимоли катта бўлса, бу нарса уларга ётиғи билан тушунтирилади. Мабодо текширлувчиларда ВИЧ ёки СПИД аниқланса улар мажбурий даволанишга жўнатилиб, доимий назоратга олинади.

“Бироқ, бизга мурожаат қилганларнинг тиббий сирини ошкор қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ ва бу қонун билан таъқиб қилинади”, деди низом муаллифларидан бири.

Тожикистонда 1 июлдан бошлаб яқин қариндошларнинг оила қуришини тақиқловчи қонун кучга кирган эди.

Бу қонун лойиҳаси ака-ука ва опа-сингилларнинг қуда бўлиши кенг тарқалган Тожикистонда қизғин муҳокамага сабаб бўлди.

Мазкур одатни ман қилиш тарафдорлари ота-онаси яқин қариндош бўлган болаларда туғма нуқсонлар ва ирсий касалликлар кўпроқ учрашини айтиб келади. Унга қаршилар эса мазкур боғлиқликни тасдиқловчи кўпроқ далил кераклигини таъкидлайди.

Тожикистонда Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, мамлакатда 25 300 нафар ногирон бола қайд этилган. Уларнинг 30-35 фоизи бир-бири билан яқин қариндош бўлган ота-оналарнинг фарзандларидир.

Давлат матбуоти ҳамда ҳукумат расмийлари яқин қариндошларнинг оила қуриши келтириб чиқарадиган таҳдидлар ҳақида аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб боради.

Расмий маълумотларга кўра, 2016 йилнинг биринчи чорагида қариндош бўлган камида 60 жуфтлик оила қурган. Солиштириш учун аввалги йилларда бу ҳол неча марта кузатилгани бўйича маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG