Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:31

Тожикистонда Озодликка тўсиқ қўйилмоқда


Озодликнинг тожик хизмати Тожикистонда ўз сайти блокировка қилинаётгани ва Душанбедаги мухбири Абдуқаюм Қаюмовнинг аккредитация муддати узайтириб берилмаётгани ҳақида баёнот тарқатди.

Баёнотда тожик хизматининг www.ozodi.org сайти 18 январ куни блокировка қилингани, орадан 4 кун ўтгач, тўсиқ олиб ташлангани, бироқ сайтнинг рус тилидаги версияси ҳали ҳам тўсилаётгани айтилади.

Тожикистон расмийлари ozodi.org сайти “техник сабабларга кўра” очилмаётганини айтганлар, бироқ Азия-Плюс агентлигининг ёзишича, блокировка расмийлар билан келишилган ҳолда амалга оширилган.

Айни пайтда Озоди Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг тажрибали мухбирларидан бири бўлган Абдуқаюм Қаюмовга аккредитация муҳлатини чўзиб беришни рад этгани ҳақида ҳам билдирган.

2001 йилдан буён парламент мухбири бўлиб ишлаётган Қаюмовга ўтган йилнинг 9 декабр куни унинг аккредитация масаласида ёзган талабномаси расман рад этилгани ҳақида маълум қилганлар.

“Бу қарор билан расмийлар Қаюмовга тожик хизматида ишлашни моҳиятан маън қилиб қўйдилар ва ўз хатти-ҳаракатига мутлақо изоҳ бермаган ҳолда Озодининг бошқа журналистларига ҳам сигнал берган бўлдилар”, - дейилади Озодликнинг тожик хизмати баёнотида.

Озодлик радиоси президенти Стивен Корн “Давлат аккредитация бериш амалиётидан танловимизга таъқиқ қўйиш ва мустақиллигимизга раҳна солиш мақсадида фойдаланмоқда”, дея билдирди.

“Аккредитация журналистлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини амалга оширишига ёрдам бериши лозим бўлган маъмурий процедура бўлиб ҳисобланади, бироқ Тожикистон расмийлар қўлида у сиёсий мотивга айланди ҳамда ундан журналистларни цензура қилиш ва қўрқитиш учун фойдаланилмоқда”, дея қўшимча қилди Корн.

Абдуқаюм Қаюмов (Абдуқаюм Қаюмзод) ўтган йили Тожикистон Журналистлар уюшмасининг Лоҳутий мукофотига, аввалги йилларда эса яна бошқа кўплаб мукофотларга сазовор бўлганди.

“Қаюмзоднинг журналистик фаолияти таъқиқланиши Озодликининг Тожикистондаги фаолиятига аралашув бўлиб ҳисобланади”, дейилади радионинг тожик хизмати баёнотида.

2012 йил баҳорида Тожикистон расмийлари сабабини кўрсатмаган ҳолда Озодликнинг ўзбек хизмати мухбири Гулнора Равшаннинг ҳам аккредитация муддатини чўзиб бермагандилар. Таъқиблар ва мобил телефон орқали қилинган таҳдидлардан сўнг у Тожикистонни тарк этишга мажбур бўлганди.
XS
SM
MD
LG