Линклар

Тожик омбудсмени сайтларни блокировка қилганларни жазолаш таклифи билан чиқди


Тожикистон омбудсмени Зариф Ализода.

Тожикистон омбудсмени Зариф Ализода.

Тожикистон омбудсмени Зариф Ализода веб-сайтларга ҳеч бир огоҳлантиришсиз тўсиқ қўяётган интернет-провайдерларни жазога тортишни таклиф қилмоқда.

Бу таклифни омбудсмен 24 май куни Тожикистонда инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича йиллик ҳисобот билан чиқиш қилган пайтда айтди.

Ализодага кўра, мамлакатда провайдерлар томонидан профилактик техник ишлар олиб борилган пайтда Интернетдан фойдаланувчилар ҳуқуқига риоя этилиши шарт.

Омбудсмен ўтган йили news.tj, tojnews.org, ozodi.org, ozodagon.com, faraj.tj каби хабар сайтлари, youtube.com видеопортали, Facebook, Вконтакте ва Одноклассники каби ижтимоий тармоқларга тўсиқ қўйилганига эътибор қаратди.

- Фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқи бузилмаслиги учун расмий билдиришсиз сайтларни блокировга қилаётган интернет-провайдерларига нисбатан қонуний чоралар кўрилиши лозим, - деди омбудсмен Зариф Ализода.

Тожикистонда интернет-сайтлар блокировкаси учун судга даъво аризаси топширилиши ҳалигача кузатилмаган. Мамлакатда фаолият юритаётган провайдерлар сайтларга тўсиқ қўйилиши техник сабабларга кўра ёки “юқорининг кўрсатмаси” туфайли амалга оширилишини билдириб келадилар. Айни пайтда Тожикистон ҳукумати қошидаги Алоқа хизмати интернет-провайдерларга блокировка ҳақида кўрсатма берганини тан олмай келади. Ҳозирда бу мамлакатда Азия-Плюс, Озодагон агентликлари ва Озодликнинг тожик хизмати сайтига кириш имкони йўқ.

Омбудсмен идораси ходими Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда ташкилот ташаббуси ўз веб-ресурси ким томонидан ва нима сабабдан тўсиб қўйилганини билмайдиган сайт эгалари берган шикоятномалар билан боғлиқлигини айтган.

- Бизга шикоят билан мурожаат қилаяптилар. Биз эса, ўз навбатида, бу ҳақда Алоқа хизматига хабар қилаяпмиз. У ердан бизга блокировкага алоқалари йўқлигини айтишаяпти. Шунинг учун биз ҳуқуқ-тартибот идоралари интернет-сайтларга кириш йўлини ёпиб қўяётганларга нисбатан ҳуқуқий чоралар кўришини таклиф қилдик, - деди омбудсмен идораси вакили.

Омбудсменнинг бу таклифини қўллаб-қувватлаган айрим экспертлар бу ишдан бир наф чиқишига, бунинг ортидан бирор мулозим ёки ташкилот жазоланишига ишонмайдилар. Уларнинг қаноатича, сайтлар блокировкаси бўйича Алоқа хизмати кўрсатмасини бажараётган интернет-провайдерлар бизнеси билан муаммолар чиқишини истамагани туфайли буни расман эътироф этмайдилар.

Фуқароларнинг сиёсий ташаббуслари жамғармаси раҳбари Муҳаммади Ибодуллоевга кўра Тожикистонда интернет хизматини кўрсатадиган ташкилотлар ҳозир икки ўт орасида қолган.

- Бир томондан улар истеъмолчилар билан барча хизматларни кўрсатиш ҳақида шартнома тузганлар. Бошқа томондан эса уларнинг қўлида Алоқа хизмати томонидан берилган лицензия бор ва у ёки бу сайтни блокировка қилиш талаб қилинган пайтда уларда танлаш имкони қолмайди, - деди Муҳаммади Ибодуллоев.

Тожик экспертлари фикрича, бу борада ўзгариш провайдерларнинг мижозлари ўз ҳуқуқлари бузилиши бўйича судга мурожаат қилганидан кейингина ўзгариши мумкин. Шунда ширкатлар ўз мижозларини сақлаб қолиш учун интернет хизматини яхшилаши ёки ҳақиқатни очиқ-ошкор айтишлари мумкин. Айни пайтда экспертлар интернетдан фойдаланувчиларга ҳозир бунақа “бошоғриқ” керакмаслиги, уларнинг кўпчилигида блокировкага қарши фильтрлар бўлгани учун ҳатто қайси сайтларга тўсиқ қўйилаётганидан ҳам хабарлари бўлмаслиги мумкинлигини қўшимча қилганлар.

Омбудсмен Ализода блокировкачиларни жазолаш бўйича ўз таклифи Олий суд қарори билан ёпилган сайтларга дахлдор эмаслигини ҳам таъкидлаган.

Тожикистонда экстремизмга чақирган ўнлаб веб-сайт блокировка қилинган, улар орасида мамлакатда фаолияти тақиқланган Ислом уйғониш партияси сайти ҳам бор.

XS
SM
MD
LG