Линклар

Тожикистон президентининг қизи, президентнинг ижроия аппарати раҳбари Озода Раҳмон сенатор этиб сайланди.Расмий маълумотларга кўра, 29 май куни Душанбе шаҳар ва пойтахт туманлари халқ депутатлари кенгашларининг қўшма сессиясида Озода Раҳмон Мажлиси Миллийга аъзоликка сайланган.

Давлат раҳбарининг қизи 14 апрель куни Душанбе шаҳар халқ депутатлари томонидан мамлакат парламентининг юқори палатаси – Мажлиси Миллий аъзолигига пойтахтдаги 4-сайлов округидан номзод ўлароқ кўрсатилганди. Шаҳар депутатларни бу мажлисда Озода Раҳмон номзодини бир овоздан қўллаганлар.

Аввал юқори палатада 4-округни президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Бахтиёр Худоёрзода тамсил этарди. Жорий йил январида Сайлов ва референдумлар бўйича Марказий сайлов комиссияси раиси этиб тайинланганидан кейин у сенаторлик ваколатини топширганди.

Президент аппаратининг бошқа икки собиқ раҳбари – Амиршо Миралиев ва Матлубхон Давлатзода ҳам айнан шу округдан сенаторликка кўрсатилган ва ўз вақтида парламент юқори палатасида турли қўмиталарга бошчилик қилганлар.

38 ёшли Озода Раҳмон 2005-2007 йилларда Тожикистоннинг АҚШдаги элчихонаси маданият бўлимида ишлаган, 2007-2009 йилларда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик бошқармасига етакчилик қилган, 2009-2014 йилларда Тожикистон ташқи ишлар вазири ўринбосари вазифасида ишлаган, 2014 йил 15 майидан эса ташқи ишлар вазирининг биринчи муовини лавозимини эгаллаб келган. 2016 йил 27 январида Озода Раҳмон Тожикистон президентининг ижроия аппарати раҳбари этиб тайинланган.

Тожикистон парламентнинг юқори палатаси – Мажлиси Миллийга аъзолар парламент қуйи палатаси – Мажлиси Намоёндагон депутатлари каби бевосита сайлов йўли билан сайланмайди.

Сенатнинг 33 аъзосидан 25 нафари Тоғли Бадахшон мухтор округи, Сўғд, Хатлон вилоятларининг вилоят, шаҳар ва туман депутатлари, Душанбе шаҳри ва унинг туманлари депутатлари ҳамда республикага бўйсунувчи туманлар депутатларининг қўшма мажлисларида сайланади. Қолган 8 сенатор эса мамлакат президенти томонидан тайинланади. Тожикистоннинг биринчи президенти Қаҳҳор Маҳкамов Мажлиси Миллийнинг умрбод аъзоси мақомига эга.

Сенаторликка сайланган Озода Раҳмон Тожикистон президентининг учинчи қизидир. Беш фарзанднинг онаси бўлган Озода АҚШдаги Жоржтаун ва Мэриленд университетини тугатган, юридика фанлари номзоди илмий даражасига эга. У серфарзанд президент Имомали Раҳмоннинг тўққиз боласи ичида сиëсий жиҳатдан энг фаоли экани айтилади.

Тожикистон президентининг бошқа қизлари, айтилишича, асосан бизнес соҳасида даромад қилиш билан машғул.

Тожикистон президентининг бошқа яқинлари ҳам мамлакатдаги бошқа кўплаб юқори лавозимларни эгаллаб турганини айтаётган мухолифатчилар иддаосича, Имомали Раҳмон хархашаларини қонунийлаштириб бериш воситасига айланган тожик парламенти кейинги ойлар давомида мамлакат ҳокимиятини Раҳмонларга хатлаб бериш жараëнини бошлаган.

Шу мақсадда мамлакат конституцияси қайчиланиб, унга Тожикистонни оилавий династия бошқарувига ўтказиш учун эшикларни ланг очувчи ўзгартишлар киритилган.

2015 йил декабрида Тожикистонда Эрон бошқарув тизимидан нусха олингани айтилаëтган президентдан ҳам кучлироқ ва ваколатлироқ бўлган “Миллат пешвоси” деган мақом таъсис этилди ва у Имомали Раҳмонга берилди.

Жорий йилнинг январь ойида парламент конституциядаги бир шахснинг икки мартадан ортиқ президент бўла олмаслигига ўзгартиш киритиш ва президент бўлиш учун белгиланган энг минимум ëшни пасайтириш ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилган. Бу ўзгартишларнинг умумхалқ референдуми деган томоша тадбири орқали май ойида конституцияга муҳрланди.

Бу ўзгартишлар Раҳмоннинг истаса ўлгунча президент бўлиш, истаса ўғлини президент қилиб, ўзи уни назорат қилувчи олий пешво бўлиб яшаши учун замин яратади.

XS
SM
MD
LG