Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:58

Тожикистон шимолидаги қамоқхонадан қочган маҳкум отиб ташланди


 28 яшар Рамзуллохон Додохонов 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди
28 яшар Рамзуллохон Додохонов 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди

Тожикистон шимолидаги расмийларнинг айтишича, Хўжанд шаҳридаги қамоқхонадан қочишга муваффақ бўлган маҳкум 19 июнда Хўжанд шаҳри яқинидаги Ёва қишлоғи яқинида отиб ташланган.

28 ёшли Рамзуллохон Додохонов қамоқдаги икки шериги билан жумадан шанбага ўтар кечаси Хўжанд шаҳрида жойлашган қаттиқ тартибдаги қамоқхонадан қочишга уринганди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги 19 июнда тарқатган хабарга кўра, Рамзуллохон Додохонов якшанба куни "зарарсизлантирилган."

Ички ишлар вазирлиги веб сайтида нашр этилган хабарга кўра, "2016 йилнинг 19 июни, соат 11.30да Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Тожикистон Республикаси Адлия вазирлиги жазони ижро этиш бош бошқармаси ўтказган қўшма амалиёт натижасида Суғд вилояти Бобожон Ғафуров тумани Ёва қишлоқ жамоатида қочоқ маҳбус Додохонов Рамзуллохон Жўрабоевич ўточар қуролдан қаршилик кўрсатаётган пайтда юқорида зикр этилган идоралар тарафидан зарарсизлантирилди."

Суғд вилояти Ички ишлар идорасининг бошлиғи, генерал Шариф Назарзоданинг 19 июнь куни Озодлик радиоси тожик хизмати билан суҳбат чоғида маълум қилишича, Ёва қишлоғи ҳудудида яшириниб олган Рамзуллохон Додохонов таслим бўлишдан бош тортиб, хавфсизлик кучларига ўт очган.

"Жавоб ўти натижасида Додохонов ўлдирилди," - деди генерал Назарзода.

Ҳабибжон Юсуфов ва Мирзозариф Қаюмов
Ҳабибжон Юсуфов ва Мирзозариф Қаюмов

Маҳкумлар Рамзуллохон Дадохонов, Ҳабибжон Юсуфов ва Мирзозариф Қаюмов 17 июнь тахминан соат 20:45да Хўжанд шаҳар 3/3 рақамли қамоқхонадан қочишга уринганди.

Қочиш пайтида улар қамоқхонанинг назорат ва тарбия бўлими бошлиғи Ёрмамад Алимамадовни пичоқлаганлар.

Алимамадов шифохонага етмасдан жон таслим қилган.

Зиндонбонлар билан тўқнашувда Мирзозариф Қаюмов ўлдирилган.

Ҳабибжон Юсуфов эса қочаётган пайтда яраланган ва қўлга олинган.

Аммо Рамзуллохон Дадохонов, "жисмоний зарар олишига қарамай", қамоқхонанинг бетонли ва симтўрли деворидан пастга сакраб, қочишга муваффақ бўлади.

Тожикистон шимолидаги Исфара туманидан бўлган 28 ёшли Рамзуллохон Додохонов терроризмга айбланиб 20 йилга, Хўжанд шаҳридан бўлган 36 ёшли Ҳабибжон Юсуфов йўлтўсарликда айбланиб 20 йилга ва Хўжанд шаҳридан бўлган Мирзозариф Қаюмов, Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, "экстремистик характердаги жиноятларни содир этишда" айбланиб 14 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Маҳкумлар қамоқдан қочиши ортидан Суғд виляти, Душанбе шаҳри ва ҳатто Тожикистон жанубидаги Хатлон вилоятида ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилганди.

XS
SM
MD
LG