Линклар

Тожик қизини ўлдирган россиялик зобит 12 йилга қамалди


Россиялик зобит қўлидан ўлим топган Шоира Жобирова.

Россиялик зобит қўлидан ўлим топган Шоира Жобирова.

Россиянинг Тожикистондаги 201-базаси ҳарбий суди рус зобити Иван Шчербаковни душанбелик 22 ёшли Шоира Жобирова ўлимида айбдор, деб топди ва уни 12 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Суд судланувчи зиммасига мақтуланинг оиласига етказилган маънавий зарар учун 1,5 миллион рубль миқдорида товон пули тўлаш мажбуриятини ҳам юклаган.

База ҳудудидаги Урал округ ҳарбий судининг Шчербаков иши бўйича ҳукми 19 июль куни чиқарилган, бироқ ёпиқ тартибда ўтган суд якунланганига оид маълумот Озодликка пайшанба куни етиб келган.

Рус зобити жазони Красноярск ўлкасидаги қамоқхоналардан бирида ўтайдиган бўлган.

Шчербаковнинг адвокатига кўра, унинг ҳимоясидаги зобит тергов бошидан бери қотилликка унинг икки хизматдоши ҳам алоқадор эканини таъкидлаб келган, бироқ суд бу даъвони асоссиз, деб топган.

Шоира Жобированинг қариндоши Наврўз Султонов Озодликнинг тожик хизматига суд ҳукми ўзларини қониқтирганини ва Шоиранинг яқинлари мазкур ҳукм юзасидан шикоят аризаси ёзмасликларини маълум қилган.

Шоира Жобирова ўлимида гумонланган Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базаси зобити Иван Шчербаков ўтган йилнинг 9 ноябрида қўлга олинганди. Аёвсиз калтак излари бўлган қиз жасади 11 ноябрь куни Тожикистон Мудофаа вазирлиги қошидаги ҳарбий госпиталдан қариндошларига топширилган. Морг ходимлари ўшанда Озодлик мухбирларига Шоиранинг жағи сингани, энсасида калтак излари, кўзларининг остида қора доғлар бўлгани, бир оёғи эса чиққанини айтиб берганди.

Қотилликда гумонланган зобит дарҳол тўла психологик текширувдан ўтказиш учун Екатеринбургга юборилган, бу текширув 5 ой давом этган. Шифокорлар Шчербаковни “ақли расо” деб топганларидан кейин шу йил мартида у Душанбега қайтариб олиб келинган.

Бу қотилликдан кейиноқ Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов Россиянинг Тожикистондаги элчиси Игорь Лякин-Фроловга норозилик нотаси топширган.

“Тожикистон томони Россия томонидан содир бўлган воқеага объектив баҳо беришни ҳамда Тожикистондаги Россия ҳарбий базаси ҳарбийлари томонидан бундан буён бу каби хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмаслиги учун зарур чоралар кўришни талаб қилади”, дейилганди жумладан тожик вазирининг ўтган йил ноябрида рус элчисига тақдим этган нотасида.

12 йилга қамалган рус зобити Иван Шчербаков тўғрисида маълумот кўп эмас. Asia-Plus агентлиги маълумотига кўра, 27 ёшда бўлган зобит уйланган ва вояга етмаган бир қизнинг отасидир.

Иван Шчербаков Тожикистонда жиноий иш фигурантига айланган ягона рус ҳарбийси эмас. 2015 йил августида Душанбеда тожикистонлик таксичини ўлдирганликда айбланмиш россиялик икки ҳарбий судланганди.

Ўтган йил июлида эса Кўлобда хизмат ўтаган россиялик ҳарбийлар шаҳар аҳолиси билан муштлашганди. Ўшанда улар ўта маст аҳволда бўлгани ва тожиклар шаънига таҳқирли сўзлар айтгани хабар қилинганди.

201-ҳарбий база Россиянинг хорижий ўлкада жойлашган йирик ҳарбий объекти бўлиб ҳисобланади. Унда 7 минг чоғли зобит ва аскар хизмат ўтайди.

2012 йил октябрида Душанбе ва Кремль ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ, 201-база Тожикистонда йўқ деганда 2042 йилгача қоладиган бўлган.

XS
SM
MD
LG