Линклар

logo-print

Озодлик радиоси тожик хизматининг туман судидаги манбаси 19 июль куни Муҳаммади Раҳматуллоҳга нисбатан ҳукм ўтган ҳафта охирида чиқарилгани маълум қилди. Манбага кўра, у Тожикистон Жиноят кодексининг 307-моддаси 1-банди (Эстремистик ҳамжамият ташкил қилганлик) бўйича айбдор, деб топилган.

Исмоил Сомоний туман суди раиси Сангин Ғайратзода Озодлик мухбири билан суҳбатда бу маълумотни тасдиқлаган, бироқ ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаганини билдирган, айни пайтда у бошқа шарҳлардан тийилган.

Муҳаммади Раҳматуллоҳнинг адвокати Толиб Сангин ўз ҳимоясидаги шахс иши бўйича суд ҳукмидан норози эканини ва юқори инстанцияга шикоят аризаси билан мурожаат қилишини айтган.

Рудакий туманида яшовчи 43 ёшли Муҳаммади Раҳматуллоҳ шу йил февралида ҳибсга олинганди. У Покистоннинг Исломобод шаҳридаги Халқаро Ислом университети Шариат факультетида 4 йил ўқиганидан кейин 2011 йилда Тожикистонга қайтган. Тожикистонда Салафийлик оқими фаолияти чўққига чиққан 2000-йиллар ўрталарида у ҳанафий мазҳабига эргашган руҳонийлар билан салафийлар ўртасидаги диний баҳсларда асосий воизлардан бўлган ва ўзини тожикистонлик салафийлар лидери ўлароқ танитган.

2009 йили Тожикистонда “Салафия” диний оқими фаолияти Олий суд қарори билан тақиқланганидан кейин Муҳаммади Раҳматуллоҳ ғойиб бўлиб қолган. Ўтган йил январида унинг қўлга олингани ҳақида хабар пайдо бўлган, бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари бу маълумотни тасдиқламаганлар.

Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода ўтган йилги матбуот анжуманларидан бирида тақиқланган “Салафия” оқимининг айрим аъзолари қўлга олинганини маълум қилган, бироқ улар орасида Муҳаммади Раҳматуллоҳ бор-йўқлигига аниқлик киритмаган.

Шундан сўнг Тожикистон нашрларида Муҳаммади Раҳматуллоҳ ҳозирда тақиқланган Тожикистон Ислом Уйғониш партиясига қарши қатор мақолалар билан чиқиб, бу партия аъзоларини “чет эл айғоқчилари” деб атаган.

Муҳаммади Раҳматуллоҳ тожик журналистлари билан суҳбатларда ўзининг “Салафия” оқимига мансублигини эътироф этган илк кишилардан бўлган.

“Салафия” оқимига мансуб шахслар Тожикистонда 2009 йилдан қўлга олиниб, судлана бошлаган.

XS
SM
MD
LG